Фаровон турмушимиз мезони
  • 06 Сентябрь 2014

Фаровон турмушимиз мезони

Президентимизнинг мустақиллигимиз йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи истиқлол йилларида эришилган натижалар муфассал таҳлил этиб берилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Бугун ким билан суҳбатлашманг, қўлга киритилган барча ютуқлар замирида давлатимиз раҳбарининг узоқни ўйлаб амалга ошираётган сиёсати, шунга камарбаста бўлган халқимиз меҳнати мужассамлигини эътироф этмоқда.
Улар тинчлик, осойишталик барқарор бўлган мамлакатда истиқомат қилаётганидан, шу азиз Ватанда орзулари рўёбга чиқаётганидан шукроналик ҳисси билан яшамоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ Иттифоқда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланди. Буни одамларимиз ўз турмушида кўриб-билиб турибди. Зотан, Юртбошимизнинг байрам табригида алоҳида қайд этилганидек,  мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тахминан 5 карра, жон бошига даромадлар эса  8,7 баробар кўпайди.
Бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган тараққиёт стратегияси ҳаётга татбиқ этилди. “Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг” деган ҳикматли ибора асосида иқтисодиётимиз тубдан ислоҳ этилди, диверсификация қилинди. Бунинг учун зарур барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Шу асосда бор куч-ғайрат мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини ҳар томонлама самарали қарор топтириш, одамлар онги, ҳаёт тарзини ўзгартириш, фаровонлаштиришга йўналтирилди.
Иқтисодиётга бозор муносабатларини изчил жорий қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка катта урғу берилгани ички ҳамда ташқи бозорга сифатли, рақобатдош маҳсулотлар етказиб бериш салоҳиятини ошириб, юртимизнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлди. Зотан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётнинг турли инжиқликларига тез мослаша оладиган, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини юксалтиришнинг ишончли манбаларидан бири ҳисобланади.
Шубҳасиз, ҳар қандай соҳа қатори тадбиркорлик ривожи ҳам унинг пойдевори қанчалик мустаҳкамлигига боғлиқ. Бу йўлда Конституциямизда мулкий муносабатларга оид нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Шу асосда қатор қонунлар амалиётга жорий этилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг  кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар, Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилингани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни иқтисодиётимизнинг ҳал қилувчи кучига айлантириш имконини берди. Мазкур янгиликлар шарофати билан тадбиркорларга дунё тажрибасида деярли учрамайдиган солиқ имтиёзлари, кредит олишда енгилликлар тақдим этилди. Қулай инвестициявий муҳит яратилди. Ўзбек мулкдорларининг дунёга чиқишига кенг йўл очилди, ахборот-коммуникация технологиялари изчил равнақ топтирилиб, ишбилармонларга кўплаб интерактив хизматлар таклиф этилмоқда.
Пировардида 2000 йилда кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакатимиз ЯИМ улушидаги ҳажми 31 фоизни ташкил этган бўлса, 2013 йил якунига келиб, бу кўрсаткич 55,8 фоизга етди. Қолаверса, бугунги кунда иш билан банд аҳолининг 75 фоизидан зиёди тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатаяпти.
Мамлакатларнинг ривожланиш тенденцияларига баҳо беришда, биринчи ўринда, аҳолининг турмуш шароити ва даромадлари муттасил ўсиб бориши, жамиятда ресурсларнинг адолатли тақсимланишига катта эътибор қаратилади. Шу маънода олганда, биз юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтираётганидан қалбимизда фахру ғурур ҳиссини туямиз.
Республикамизда эса аҳолининг даромадлари муттасил ошиб бориши эвазига ҳамюртларимиз харид ва истеъмол қобилияти ҳам ортмоқда, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми кенгаймоқда. Буни яқинда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича мамлакатларнинг янги рейтинги ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий валюта харид қобилияти паритетига асосан ҳисоблаб чиқилган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёнинг 190 давлати орасида 66-ўринни эгаллади. Ваҳолонки, 2010 йилда Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича 72-ўринда қайд этилган эди.
Аҳоли турмуш фаровонлигининг яна бир кўрсаткичи одамларнинг харид қобилияти ўсиб, турмуш шарт-шароитлари тобора яхшиланиб бораётганидир. Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, аҳолининг юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар билан таъминланиш даражаси йилдан-йилга ортмоқда. Агар 2000 йилда ҳар
100 оилага ўртача 20 та енгил автомобиль тўғри келган бўлса, бугунги кунда бу рақам 41,4 тага етган. Оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга. Бу ютуқлар, марралар ниманинг эвазига? Шак-шубҳасиз, мустақилликнинг, истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотларнинг, “ўзбек модели”нинг ҳаётий самарасидир.
Бундан йигирма йиллар олдин булар ҳақида орзу қилиш мушкул ва қийин эди. Қолаверса, ўтмиш ва бугунни тошу тарозига қўйиб фикр қилсак, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга жавоб топамиз. Озодлик, ободлик, бунёдкорлик, тинчлик-тотувлик ҳукм сурган юртимиздан фахр-ифтихор туямиз.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон тизимли, босқичма-босқич тарзда собит қадамлар билан ўз тараққиёт йўлидан олға кетмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин олиши, одамлар турмуш сифатини янада оширишга қаратилгани билан ниҳоятда муҳимдир.

Фахриддин СОЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O’zLiDeP фракцияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn