«Соғлом бола йили» Давлат дастури Сеулда тақдим этилди
Версия для печати
  • 06 Сентябрь 2014

«Соғлом бола йили» Давлат дастури Сеулда тақдим этилди

Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан Сеул шаҳрида “Bundang CHA” ва “Gangnam Severance” шифо масканлари билан ҳамкорликда “Cоғлом авлод — соғлом миллат” мавзуига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилди.

Иштирокчилар республикамиз ҳаётининг турли жабҳаларида, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида изчил амалга оширилаётган туб ўзгаришлар билан танишдилар.
Анжуманда мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан Ўзбекистонда 2014 йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани ва унга мувофиқ ишлаб чиқилган Давлат дастуридан кўзланган мақсад ҳамда вазифалар, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини такомиллаштиришга оид атрофлича маълумотлар кореялик қатнашчилар эътиборига ҳавола қилингани баробарида, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар асосий натижаларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
“Bundang CHA” тиббиёт маркази директори Чи Хун Санг ўз нутқида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг натижаларига юқори баҳо берди. У қисқа давр мобайнида мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида улкан муваффақиятлар қўлга киритилгани ҳақида тўхталар экан, бунга кўп жиҳатдан ҳукумат томонидан юритилган кучли ижтимоий сиёсат ҳамда оналик ва болалик муҳофазаси бўйича кўрсатилаётган доимий ғамхўрлик туфайли эришилганини таъкидлади. “2014 йилнинг Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани ҳам ана шундан далолат беради”, деди профессор.
— Мен ҳам республикада соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт борасидаги ислоҳотлар берган ижобий натижаларнинг шоҳиди бўлдим, — деди Ёнсей университети тиббиёт коллежи декани Ли Бюнг Сок. — “Соғлом бола йили” Давлат дастурида фарзанднинг дунёга келишидан тортиб, унинг тарбияси ва таълим олиши, оилада соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий ҳамда маънавий-ахлоқий асослари, ижтимоий соҳа ривожига йўналтирилаётган маблағлар самарадорлигини оширишгача бўлган барча масалалар ўз ифодасини топгани мени ҳайратлантирди.
Ўз навбатида, “Gangnam Severance” шифохонасининг бош директори Хюнг Жун ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистон раҳбариятининг ҳар томонлама ва пухта ишлаб чиқилган сиёсати натижаси эканлигини алоҳида таъкидлади. У ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги фикрларини ўртоқлашар экан, Корея Республикаси томони болалар учун хайрия тадбирларини ўтказиш юзасидан ўзбекистонлик шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, “Gangnam Severance” марказида республикамиз мутахассислари учун ўқув курсларини ташкил қилиш ниятида эканлигини билдирди.

«Жаҳон» АА.
Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn