Демократик янгиланишлар, ҳуқуқий ислоҳотлар
  • 30 Август 2014

Демократик янгиланишлар, ҳуқуқий ислоҳотлар

юртимиз тараққиётини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга зарур шарт-шароит яратади

Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, Ватанимиз ободлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш, фуқаролар турмуш даражасини янада яхшилаш, аҳоли кенг қатлами ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
Мухбиримиз Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан сенаторлар билан уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида суҳбатлашди.

Шоҳида АРИПОВА,
Термиз шаҳар 4-махсус мактаб-интернати директори:
— Бугун юртимизда энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — Мустақилликнинг йигирма уч йиллигини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида истиқлол руҳи, байрам шукуҳи кезиб юрибди. Янги ижтимоий объектлар, мактаблар, шифохоналар, маҳалла гузарлари фойдаланишга топширилмоқда, тадбиркорлар эса янги ишлаб чиқариш қувватлари фаолиятини йўлга қўйишмоқда. Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар ҳам айнан истиқлол йилларида амалга оширилган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Сенаторлар шу нуқтаи назардан ҳар бир қонунни атрофлича кўриб чиқди, уларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, бу масалаларнинг барчаси мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда, Ўзбекистоннинг демократик ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишида долзарблигини таъкидладилар. 

Назира ТОҒАЕВА,
Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси:
— Маълумки, юртимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини кучайтириш жамиятни демократлаштириш ҳамда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви бўйича олдимизга қўйган мақсадларни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бинобарин, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларининг ижросини таъминлашда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг демократик институтлар билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларини кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш  долзарб аҳамият касб этмоқда.  Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ушбу мақсадга хизмат қилади ва давлат ҳамда жамият ҳамкорлигининг яхлит тизимини яратиб, конструктив мулоқотнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлайди. Мазкур ҳужжатда ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари, давлат органларининг ННТ билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий  механизмлари, уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишдаги иштироки шакллари ва усуллари белгилаб берилган. Умуман, ижтимоий шерикликнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига алоҳида урғу берилгани айни муддаодир.

Алишер СУЛТОНОВ,
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:
— Ялпи мажлисда янги таҳрирдаги “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама этилди. Мазкур Қонуннинг мамлакатимизнинг тараққиёти нуқтаи назаридан ҳам аҳамияти беқиёсдир. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон биржа бозорининг ривожланган жаҳон биржа бозорига интеграциялашуви учун қулай шарт-шароит ва механизмлар яратади, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ билан уйғунлаштиради. Бу эса биржа фаолияти тизимининг барча асосий шакллари — савдо, клиринг, ҳисоб-китоб ва битимлар ижроси кафолатларини ташкил этиш ҳамда жаҳон стандартлари даражасида амал қилишини таъминлайди. Қолаверса, Қонун молия бозорини ривожлантириш, бозор инфратузилмаси сифатини ошириш, умуман, макроиқтисодий ўсиш суръатларини янада яхшилашга кўмаклашади.

Холмурод КАРИМОВ,
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзоси:
— Ялпи мажлис муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Бинобарин, ушбу ҳуқуқий ҳужжат билан мамлакатимизнинг қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш киритилаётгани Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоя, таклиф ҳамда қонунчилик ташаббусларининг изчил бажарилаётганини кўрсатмоқда.
Қонунга киритилаётган ўзгартиш тадбиркорнинг вақтини тежаш, асосий эътиборини фаолиятни ривожлантиришга қаратиш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Зотан, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётир. Хусусан, Қонунга киритилаётган ўзгартиш бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

Эркин РЎЗМЕТОВ,
Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи:
— “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштириш йўлидаги навбатдаги ҳужжат бўлиб, унга мувофиқ, бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Марказий сайлов комиссияси мустақиллигини, шу жумладан, молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашга, ваколатларини кенгайтиришга қаратилганлиги билан ғоят аҳамиятлидир. Қонунда Марказий сайлов комиссияси фаолияти асосий принципларининг моҳияти ва мазмуни очиб берилмоқда.

Қ. ХИДИРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn