Мустақил юртимизнинг бахтли ёшлари
  • 30 Август 2014

Мустақил юртимизнинг бахтли ёшлари

Бугун халқимиз Мустақилликнинг йигирма уч йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ҳар сафар бу улуғ байрам муносабати билан мустақиллик даврининг бетакрор тарихига айланиб бораётган яна бир сермазмун йилига назар ташлаймиз, жаҳон ҳамжамиятида Ватанимизнинг шон-шуҳрати, нуфузи, обрў-эътибори тобора ошиб бораётганидан фахрланамиз, режалаштирган ишларимиз қандай амалга ошганлигини сарҳисоб қилиб, янги марраларни белгилаб оламиз.

Истиқлолимизнинг 23 йили тарихий аҳамиятга эга муваффақиятларимиз билан қадрли ва бебаҳодир. Бундай юксак кўрсаткичларга айрим мамлакатлар бир неча ўн йиллар давомида, айримлари эса асрлар давомида эришади. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ана шу ютуқларимизнинг асосий омили ва мезони, аввало, халқимизнинг дунёқараши, одамларимиз сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётгани билан боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, юртимизда истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” негизида инсон ва унинг манфаатлари устувор қадрият сифатида ўз инъикосини топди. Жамият ҳаётида кечган ўзгаришларнинг барчаси ягона эзгу мақсад — халқимиз фаровон турмушини таъминлашга йўналтирилди. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида кишилик жамияти ўз олдига қўяётган Мингйиллик ривожланиш мақсадларидаги барча параметрларини қамраб олди.  Эътиборли жиҳати, мазкур глобал дастурнинг қатор йўналишлари бўйича Ўзбекистон илғор мамлакатлар қаторидан жой олди.
Биргина таълим соҳасини олиб кўрайлик. Алоҳида эътироф этиш жоизки, 1997 йилда Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб “Таълим тўғрисида”ги  Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Шу асосда рўёбга чиқарилган ишларга дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари ҳам ҳавас билан қарамоқда.  Зеро, ушбу ташкилий-ҳуқуқий чоралар натижасида таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди, мутлақо янги модел яратилди. Хусусан, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди. Хорижлик экспертлар тан олганидек, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар 3 йил давомида коллеж ва академик лицейларда таҳсил олиб, уларнинг ҳар бири умумтаълим фанлари билан бирга, меҳнат бозорида талаб қилинадиган 2-3 та мутахассислик бўйича касб-ҳунарларни ҳам эгаллайди.
Ўз навбатида, тизимдаги янгиланишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Аввало, тизимнинг ҳуқуқий асослари шакллантирилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, педагог кадрларни тайёрлаш тизими ва таълим муассасаларининг илмий-методик иш олиб бориши йўлга қўйилди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 28 та янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 та объект, 131 касб-ҳунар коллежи ва лицей реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди. Ваҳолонки, Ўзбекистон энди истиқлолга эришган вақтда мамлакатимизда 8 минг 333 та мактаб бўлиб, улардан 3525 таси мослаштирилган биноларда фаолият юритарди. Чунончи, мактабларнинг 1167 таси ўтган асрнинг 40-60-йилларида ҳашар йўли билан лой ва хом ғиштдан қурилган бўлиб, белгиланган талабларга умуман жавоб бермасди. Уларнинг 80 фоизи зудлик билан капитал таъмирлашга муҳтож эди. Мавжуд мактабларнинг ярмидан кўпи газлаштирилмаган, телефон алоқаси мавжуд эмас эди, айни пайтда 3581 таси ичимлик суви билан таъминланмаган эди.
Бугун мамлакатимиздаги мавжуд 4950 дан ортиқ мактабгача таълим муассасалари, 9739 та умумий ўрта таълим мактаби, 1554 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ҳамда барча олий ўқув юртлари келажагимиз бўлган ёшлар ихтиёрига бериб қўйилган. Энг асосийси, мазкур илм даргоҳларининг деярли ҳаммаси янгитдан қурилди, реконструкция қилинди, капитал таъмирдан чиқарилди ҳамда замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминланди.
Сир эмаски, бугун чет тилларни пухта билмасдан ва эгалламасдан туриб келажакни қуриб бўлмайди. Шуларни инобатга олиб, ўтган ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан чет тилларни ўргатишнинг узлуксиз тизими татбиқ этилди. Барча умумтаълим муассасасида чет тилларни ўргатиш бўйича 17 мингдан ортиқ ўқув хоналари ташкил этилди. 1-синф ўқувчилари учун мультимедиа варианти илова қилинган 538 мингдан зиёд рангли дарсликлар чоп этилди, 2 минг нафарга яқин чет тили ўқитувчилари тайёрланди ва уларнинг умумий сони 26 минг кишига етди. Мамлакатимиз ҳудудларида хорижий тилларни бир хил шароитда ўқитиш, қишлоқ жойларга юқори малакали инглиз тили ўқитувчиларини жалб этиш мақсадида, тариф ставкаларига 30 фоиз қўшимча ҳақ белгиланган ҳолда, уларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилди.
Таълим соҳасига берилаётган юксак эътибор туфайли бугун  мамлакатимиз  ёшлари  турли  халқаро танловлар, фан олимпиадалари, спорт ва санъат  фестивалларида  юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.  Дунёнинг катта қисмида аҳоли саводхонлиги глобал муаммо бўлиб турган бир пайтда, узоқни кўзлаб қабул қилинган дастурлар ва уларнинг рўёби туфайли юртимизда бу борада қарийб юз фоизлик кўрсаткичга эришилди. Шунингдек,  ёшларга бўлаётган ғамхўрлик, айниқса, уларнинг ўқиши ва жамиятда комил инсонлар бўлиб етишиши учун кўрсатилаётган катта эътибор самаралари халқаро ҳамжамиятга ўрнак бўлмоқда, намуна сифатида кўрсатилмоқда.
Бинобарин, 2012 йилнинг февраль ойида пойтахтимизда “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилгани, узлуксиз таълим ва ёш авлодни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашнинг миллий моделини яратиш борасида Ўзбекистонда тўпланган тажриба дунёнинг элликка яқин давлатларидан келган йирик мутахассислар, таниқли олимлар томонидан юксак баҳолангани бежиз эмас.
Маълумки, халқаро миқёсда “инсон тараққиёти” деган мезон қўлланилади. Гап шундаки, мазкур тамойилга биноан, инсон етуклигига эришишда, аввало, унинг бирламчи ҳуқуқлари рўёбга чиқарилиши лозим. Бу унинг таълим олиши, касб танлаши, соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиниши, давлат томонидан ижтимоий ҳимояга олиниши, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари кафолатланишида намоён бўлади. Инсон тараққиётининг ижтимоий қисми давлатдан нафақат ташкилий-ҳуқуқий кафолатларни, балки катта маблағларни талаб қилади. Шунинг учун ҳам аксарият мамлакатларда, айниқса, глобал молиявий таназзул шароитида мазкур йўналишга қаратилган дастурлар ижросини тўхтатиш, ажратилаётган маблағларни қисқартириш одатий ҳолга айланиб қолди.
Шуни ғурур билан айтиш керакки, юртимизда инсоннинг ҳар томонлама камол топиши учун зарур бўлган давлат харажатлари йилдан-йилга оширилиб, бу масала асосий диққат марказида бўлиб келяпти. Бугун давлат ғазнасининг қарийб 60 фоизи ижтимоий мақсадларга, шу жумладан, 35 фоизи таълим тизимига йўналтирилаётгани мамлакатимизда инсон омили нечоғли катта аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Хулоса сифатида айтиш жоизки, Юртбошимиз раҳбарлигида яратилган мустақил тараққиёт йўли, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, Ўзбекистонни ҳамма соҳаларда энг ривожланган мамлакатлар қаторига олиб чиқиш, мустақилликни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Бу эзгу ишлар марказида халқимиз, ҳар бир юртдошимиз манфаати мужассамдир. Мазкур жараёнларда таълим тизимидаги ислоҳотлар тараққиётнинг муҳим кафолати бўлиб қолаверади.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
тарих фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn