Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг муҳим омили
  • 28 Август 2014

Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг муҳим омили

Бугун Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлиси очилади. Таъкидлаш лозимки, қўмиталарда парламент қуйи палатасидан келиб тушган қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, экспертларнинг фикр-мулоҳазалари олинди, айни пайтда ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аҳамияти ўрганилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам сенаторларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат билан мамлакатимизнинг қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаяпти. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Сенати аъзоси И. КАРАТАЕВ мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
— Мустақиллик йилларида юртимизда бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган демократик-ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш ислоҳотлари изчил амалга оширилмоқда, — деди сенатор. — Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, айниқса, катта эътибор қаратилаётир. Аввало, мамлакатимизда ушбу тармоқнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий асоси шакллантирилиб, бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириб борилаяпти. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Зеро, ушбу дастуриламал асосида “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда янги таҳрирдаги “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Президентимизнинг соҳага оид қатор Фармон ва қарорлари амалиётга татбиқ этилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил апрель ойида қабул қилинган ҳужжатларига мувофиқ, 22 та рухсат берувчи тартибот бекор қилинди, 21 рухсат берувчи тартиботни расмийлаштириш муддатлари 2,1 баравар, шунингдек, фаолиятнинг 11 тури бўйича лицензиялар ҳамда рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни расмийлаштиришда йиғимлар миқдори ўртача 4 баравар қисқартирилди. Шу билан бирга, ҳужжатларни тақдим этиш ёки ваколатли органлар билан келишиш бўйича ортиқча талаблар бекор қилиниши ҳисобига 31 рухсат берувчи тартибот бўйича расмийлаштириш тартиб-қоидаси соддалаштирилди. Жорий йилнинг охиригача давлат хизматларининг энг кўп талаб қилинган 23 та турини интернет орқали интерактив шаклга ўтказиш назарда тутилди.
Айни пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари жорий қилинди. Хусусан, шу йилнинг биринчи ярмида кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун бизнес субъектларига умумий суммаси 25,5 миллиард сўмлик 86 та давлат активи сотилди, давлат мулкининг 19,4 мингта фойдаланилмаётган объектлари ижарага берилди. Банклар томонидан уларга 4,8 триллион сўм миқдорида ёки 2013 йилнинг биринчи ярмидагига нисбатан 1,3 баравар кўп кредитлар ажратилди. Буларнинг барчаси мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўсиши ва миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини, аҳолининг, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчиларнинг иш билан бандлиги ҳамда моддий фаровонлигини ошириш масалаларини ҳал этишда тадбиркорлар ҳиссасининг ортишини таъминлади. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида кичик бизнес улуши саноатда 27 фоиздан 28,4 фоизгача, аҳоли бандлигида эса 75,8 фоиздан 76,4 фоизгача ўсди.
“Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган ўзгартиш ҳам ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида ишлаб чиқилган мазкур Қонунга мувофиқ, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларининг кредит буюртмаларини кўриб чиқиш муддатларини янада қисқартириш ва микромолиялаш бўйича қарорларни тезкор қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Яъни Қонунга киритилаётган ўзгартишга биноан, микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилот буюртмани олганидан сўнг уч иш куни ичида уни кўриб чиқиши ва микромолиявий хизматлар кўрсатиш тўғрисида ёки микромолиявий хизматлар кўрсатишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт. Амалдаги қонунчиликда ушбу муддат 10 иш кунини ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, мазкур ўзгартиш тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратишидан далолатдир.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Микромолиялаш тўғрисида”ги Қонунига киритилаётган ўзгартиш тадбиркорнинг вақтини тежаш, асосий эътиборини фаолияти ривожига қаратиш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn