Жорж КРОЛ: Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан ютуқларни қўлга киритди
  • 28 Август 2014

Жорж КРОЛ: Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан ютуқларни қўлга киритди

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган давлатлардан. 1992 йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосини элликдан зиёд ҳужжат, жумладан, 2002 йилда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация ташкил қилади. Бугунги кунда ўзаро алоқалар ушбу декларацияга асосланган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик, конструктив ҳамкорлик ва манфаатларни ўзаро ҳурмат қилиш принципларига мувофиқ изчил тараққий этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж КРОЛ билан суҳбатлашди.
— Ўзбекистон тарихан қисқа даврда — мустақилликнинг ўтган йигирма уч йилида улкан ютуқларни қўлга киритди, — деди Жорж Крол. — Мамлакатингизда барқарор сиёсий ва иқтисодий институтларга асос солинди, аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёти, хавфсизлиги таъминланди. Ўзбекистон меҳнатсевар ва билимли кадрларга, шунингдек, фойдали қазилмаларга бой мамлакатдир. Буларнинг барчаси ёш авлоднинг ўз Ватани ва унинг бой маданий ва маънавий мероси билан фахрланишига асос бўлмоқда. Юрт тақдири ва келажаги учун камарбаста баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ижтимоий, сиёсий соҳаларда туб ислоҳотларни амалга ошираётир. АҚШнинг мустақиллик даври Ўзбекистонникидан ўн баравар кўп бўлишига қарамай, биз ҳамон сиёсий ва иқтисодий институтлар ҳамда таълим тизимини такомиллаштириш, миллий хавфсизлигимизни таъминлаш борасидаги ислоҳотларни давом эттирмоқдамиз. Бугун дунё — барча учун, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам, АҚШ учун ҳам синов майдони. Кўплаб ўхшаш жараёнларни бошдан кечирар эканмиз, 23 йил аввал истиқлолни қўлга киритган Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган АҚШ ўзаро ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда давом этишини мамнуният билан таъкидлашни истардим.

— Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берсангиз. 
— Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг қамрови кенг. Биз минтақавий хавфсизликдан тортиб, савдо, иқтисодий тараққиёт ва маданий алоқаларгача бўлган барча соҳадаги муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тарафдоримиз.
АҚШ Ўзбекистоннинг чет эл инвестициясини жалб этиш учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. АҚШнинг нуфузли компаниялари мамлакатингизга сармоя киритгани бунинг ёрқин далилидир.
Ўзбекистонда фаол иш юритаётган “General Motors”, “The Coca-Cola Company”, “Boeing” каби компанияларимиз ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этиш баробарида, аҳоли учун янги иш ўринлари ҳам яратмоқда. Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, бизнес юритиш учун барча халқаро стандартларга жавоб берадиган савдо ва молиявий институтлари мамлакатингизда тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган АҚШ компаниялари сафини янада кенгайтиришига ишончим комил.
АҚШ билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2010 йилда имзоланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жорий йилнинг май ойида Илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — АҚШ қўшма комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу мажлис қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергия манбалари ҳамда тиббиёт каби уч йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг икки йилга мўлжалланган ҳаракат режасини белгилаб олиш имконини берди.
Ўзбекистонда инглиз тилини биринчи синфдан бошлаб ўқитиш йўлга қўйилгани туфайли АҚШ элчихонаси инглиз тилини ўргатишнинг илғор дастурларини амалга ошириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Ҳозир ушбу дастур йўналишларини янада кенгайтиришни мўлжалламоқдамиз. Элчихонамизнинг Таълим маслаҳати маркази барча хоҳловчиларга АҚШда таҳсил олиш учун тегишли олий ўқув юртини танлашга ёки тадқиқотлар олиб боришга кўмаклашмоқда.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва фермерлар даромадини ошириш, ферма-бозор иқтисодий занжиридаги корхоналар фаолиятини мустаҳкамлашга оид дастурларни молиялаштириш билан шуғулланади. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида фермер ва мутахассислар алмашинуви йўлга қўйилган. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, икки томонлама ва минтақавий ишончли савдо алоқаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатлари ишбилармонлари билан ҳамкорликни фаоллаштиришга оид қатор лойиҳаларни амалга оширдик.
Жорий йилда АҚШ рассомлари, экспертлари, ёзувчи ва мусиқачиларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш билан бир қаторда, Маданий меросни асраб-авайлаш бўйича Элчи жамғармаси томонидан Самарқанднинг “Афросиёб” музейидаги “Элчилар суратлари”ни қайта тиклаш ишлари молиявий қўллаб-қувватланди. Ўзбекистонга маданият соҳаси мутахассислари ташрифини мунтазам амалга ошириш элчихонамиз учун анъанага айланган. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида маданиятлараро мулоқотни янада фаоллаштириш, турли учрашувларни мунтазам ўтказиш ниятидамиз.

— Мамлакатларимизнинг парламентаризмни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасидаги ҳамкорлиги, ўзаро тажриба алмашинувлар ва мулоқотлар самараларини қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистон ва АҚШ парламентлари ўртасида йўлга қўйилган  ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Мамлакатларимиз парламентлари делегацияларининг ташрифлари мунтазам амалга оширилмоқда. Бу парламентаризм соҳасида тажриба алмашиш учун яхши имконият яратмоқда.
АҚШ Конгресси аъзолари ва вакиллари Ўзбекистонга расмий ташрифлари доирасида икки мамлакат ҳамкасблари мулоқотини қонунчилик соҳасида янада фаоллаштиришга қизиқиш билдирди. Ўзбекистон — АҚШ судьялари ва амалиётчи юристлари алмашинувини амалга ошириш орқали юридик таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларни фаол ривожлантиришга эришилмоқда. Ўзбекистон, АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатингизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида оммавий ахборот воситалари билан суд тизимининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга оид қатор тадбирларни ўтказдик.
2013 йили Самарқандда “Парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция уюштирилди. Унда ижро ҳокимияти органларининг қонун ҳужжатларини бажариши устидан парламент назоратини ташкил қилиш ва амалга ошириш, парламентнинг фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги соҳасида тажриба алмашилди, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди. АҚШ Конгресси аъзолари ва сенаторларининг мамлакатингизга ташрифлари янада фаоллашади, деб умид қиламан. Зеро, бундай алоқалар ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирсангиз.
— Президент Ислом Каримов таъкидлаганидек, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар жуда муҳим бир мақсадга, яъни ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказда ва жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича ғоят долзарб чора-тадбирларни кўришга қаратилган.
Биз бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни, фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш ва ривожлантириш, Конституция ва халқаро мажбуриятларда кафолатланган фикрлаш ҳамда сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни юқори баҳолаймиз. АҚШ Ўзбекистонда мамлакат аҳолиси, айниқса, тадбиркорларга кўрсатилаётган интерактив давлат хизмати сифатини янада яхшилаш мақсадида “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, ижтимоий шериклик ва ижтимоий назоратга оид қонунчилик мамлакатингизнинг демократик давлат сифатида янада тараққий этишига хизмат қилади.

— Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизликни таъминлаш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари ҳақида қандай фикрдасиз?
— АҚШ Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Биз Ўзбекистон билан минтақавий барқарорликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдосини олдини олиш йўлида ҳамкорлик қилиб келаётирмиз. Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссасини, шунингдек, у ердаги АҚШ ҳарбийлари учун транзит ташишларни амалга оширишда кўрсатаётган кўмагини юксак қадрлаймиз.
Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ташаббус жорий йилда тўлиқ амалга оширилгани — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартнома — Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколнинг имзоланганидан хурсандмиз. Икки стратегик ҳамкор —  Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида хавфсизлик масалаларига оид ўзаро маслаҳатлашувлар қамрови янада кенгайиб, мустаҳкамланиб ва фаоллашиб бормоқда.
АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро манфаатдорлик ва ошкораликка асосланган конструктив мулоқоти минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилишига ишонади. Биз бу йўналишдаги барча конструктив саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мамлакатингиз мустақиллигининг 23 йиллик байрами билан чин дилдан муборакбод этаман. Мазкур миллий байрам муносабати билан энг яхши тилакларимни, самимий қутловларимни йўллайман. Халқингизга тинчлик, бахт-саодат, фаровонлик ва мустаҳкам соғлиқ тилайман.
Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин!

ЎзА мухбири
Нодира МАНЗУРОВА суҳбатлашди.    




Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn