Оналик ва болалик муҳофазаси — давлат сиёсатининг устувор йўналиши
  • 27 Август 2014

Оналик ва болалик муҳофазаси — давлат сиёсатининг устувор йўналиши

Ўзбекистон Республикаси жаҳон харитасидан мустақил давлат сифатида жой олганига яқинда 23 йил тўлади. Бу айни навқиронлик палласи. Шундан бўлса керак, бугун истиқлол тенгдошлари, умуман, юртимиз ёшлари кўплаб муваффақиятларга эришмоқда, илғор ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида астойдил изланмоқдалар.

Агар мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини болалар ва ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, ютуқларимиз кўлами нечоғли кенг эканлигини тасаввур этиш қийин эмас.
Маълумки, мустақилликнинг илк йиллариданоқ, болалар ва ёшларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, оналикни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Кенг кўламли ислоҳотлар айнан соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида олиб борилаётгани, айниқса, эътиборга молик.
Болалар — бизнинг келажагимиз, улар жамиятнинг пойдевори ҳисобланади. Ушбу пойдеворнинг мустаҳкам бўлиши ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадимизга бевосита боғлиқ. Шу маънода, бу йўналишда бошланган ишлар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, жорий йилнинг “Соғлом бола йили”, деб эълон қилиниши ҳам бунинг яққол тасдиғидир.      
Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини яхшилаш масаласи устувор вазифа сифатида эътиборда турибди. Шунингдек, қонунчиликка кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, касаначилик билан шуғулланаётганларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор изчил ва амалий ишлар рўёбга чиқарилаяпти. Муҳим бир жиҳат: давр талабларидан келиб чиққан ҳолда, соҳа қонунчилиги такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганини алоҳида қайд этиш жоиз. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат ота-оналарга, айниқса, оналарга қўшимча имкониятларни яратиб берди. Эндиликда аёллар оиладан ажралмаган, фарзандлар тарбияси билан қатъий шуғулланган ҳолда меҳнат қилишлари мумкин.
Навқирон авлоднинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишида нафақат таълим-тарбия, балки аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Шу маънода, ушбу йўналишга сарфланаётган маблағ мустақиллик йилларида беш баравар ўсди. Ҳар йили Давлат бюджетининг 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни ривожлантириш, аҳоли, хусусан, болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Бу анъана жорий йилда сақланиб, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида изчил амалга оширилмоқда. Фарзандларимизни жисмонан соғлом, маънан етук улғайишларида болалар ва ўсмирлар спортини  ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Шу боис спорт комплекслари нафақат шаҳарларда, балки қишлоқ жойларда ҳам барпо қилиниб, улар замонавий спорт жиҳозлари билан тўлиқ таъминланмоқда. Мустақиллик йилларида болаларимиз учун 1500 дан зиёд замонавий спорт объектлари қурилгани ҳам ана шундан далолатдир.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш миллий моделимиз жаҳон эътирофига сазовор бўлди. Ўзбекистон ёш авлод саломатлиги йўлида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига кирди. Бу ушбу соҳада босқичма-босқич олиб борилаётган изланишлар натижаси, десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, ҳомиладорлар ва туғадиган аёлларга тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасалар зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланмоқда, ҳудудларда замонавий перинатал марказлари барпо этилмоқда, қишлоқ жойлардаги ҳомиладор аёллар поливитамин комплекслари билан тўлиқ таъминланмоқда. Натижада 2000 йилдагига нисбатан туғма нуқсон (аномалия) билан туғилиш 1,8 баробар камайди. Болалар ўртасида ўткир респиратор вирус инфекциялари, зотилжам, бронхит, сколиоз билан касалланиш даражаси пасайди.
Бугун оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи тизимли характерга эга эканлигини кўрсатмоқда. Ушбу вазифани давлат ва жамият аҳамияти даражасига кўтариш, шубҳасиз, истиқболда бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, унинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган асосий масалалар қаторига киритилган бўлиб, унда ушбу йўналишда янги дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги қарори билан 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур Дастур юртимизда “Соғлом она — соғлом бола” тамойили асосида олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
 Дастур аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичларида оналар, болалар, ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ва бир хил фойдаланишни таъминлаш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғин муассасаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги тиббий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирларга малакали, махсус ҳамда юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш борасида замонавий инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган. Айни чоғда аҳолини оналар, чақалоқлар, болалар ва ўсмирларни парваришлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар ва дастурларда қатнашишга фаол жалб этиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, соғлиқни сақлашнинг ахборот тизимини такомиллаштириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда идоралараро ҳамкорлик ҳамда фаолиятни мувофиқлаштириш, унинг мониторингини йўлга қўйиш ва баҳолаш кўзда тутилган.
Дастур ўз доирасида 40 та лойиҳани қамраб олган. Улардан бири — ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, болаларни эмлаш кўламини кенгайтириш, янги касалхоналар қуриш ва тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга қаратилган. Дастур ижросига 205,3 млрд. сўм ҳамда 206,4 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши мўлжалланган.
Таъкидлаш керакки, дастурда аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларнинг аксарияти ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. Масалан, ҳар ойда фертиль ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳафталиги ёки ҳар йили чекка ҳудудлардаги аҳоли “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва муассасаларнинг юқори малакали мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Шу билан бирга, дастурга кўра, турмуш қураётган ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини яхшилаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини, туғма ва ирсий касалликлар билан туғилиш ҳамда яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича мақсадли тарғибот ишлари олиб борилади. Ҳомиладор аёлларга ва гўдакларга перинатал ёрдамларни кўрсатишни такомиллаштириш асносида Қорақалпоғистон Республикасида, Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятларидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида неонатал хирургия бўлимлари ташкил қилиниб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. 11 перинатал маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг 4 та минтақавий филиали ҳам замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланади.
Мухтасар айтганда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида рўёбга чиқарилаётган саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, бутун жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни қарор топтиришга, пировардида юртимизни янада тараққий эттиришга хизмат қилади.

Зуҳра БОТИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn