Ўзбекистон суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари БМТ Бош ассамблеясининг расмий ҳужжатида ўз ифодасини топди
  • 27 Август 2014

Ўзбекистон суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари БМТ Бош ассамблеясининг расмий ҳужжатида ўз ифодасини топди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Бош ассамблея 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида Ўзбекистонда мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш юзасидан эришилган натижалар тўғрисидаги ахборот тарқатилди.

БМТнинг олтита расмий тилида (араб, инглиз, испан, рус, француз, хитой) тарқатилган мазкур ахборот материали бир неча бўлимдан иборат бўлиб, улар мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, суд ислоҳотлари, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ўлим жазосининг бекор қилиниши, адвокатлик институтини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳамда бошқа мавзуларни қамраб олди.
Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳақида сўз юритилар экан, ушбу материалда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2010 йил 12 ноябрда парламент палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сургани таъкидланади.
Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш имконини беради. Умуман олганда, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари барча истиқболли йўналишларининг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат жамият ва давлат тузилмасини демократлаштириш ва либераллаштиришнинг натижаси, балки унинг кафолати сифатида хизмат қилиб, амалда мамлакатнинг “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида олға ҳаракатланишини таъминлайди.
Ахборот материалида қайд этилишича, Ўзбекистонда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсадлари суд-ҳуқуқ тизимининг моҳиятини ўзгартириш, уни инсон ҳуқуқларини самарали таъминлашнинг асосий кафолатига айлантириш ҳамда суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш ҳисобланади.
Ишларнинг судларда кўриб чиқилиши сифатини яхшилаш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, уларнинг жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослашуви мустаҳкамланди, ишларни апелляция тартибида кўриб чиқиш тартиби жорий қилинди.
2008 йил 1 январдан эътиборан “Хабеас корпус” институтининг жорий қилиниши, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши натижасида судларнинг фуқаролар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.
Жиноят иши қўзғатиш, иш юзасидан айблов хулосасини ўқиб эшиттиришни судлар ваколатидан чиқарилишини назарда тутувчи ўзгартишлар жиноят-процессуал қонун ҳужжатларига киритилиб, бу судларнинг холислигини, бетарафлигини таъминлаш, жиноят процессида тортишув принципининг кучайишига хизмат қилди.
Мустақиллик йилларида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда қуйидагиларга эришилди:
— оғир жиноятлар таснифи камайтирилиб, оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди;
— содир этилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар жорий этилди; иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти анча кенгайтирилди. 2013 йили озодликдан маҳрум қилинган шахслар сони 2000 йил билан солиштирганда, икки маротабадан зиёдга камайди. Хусусан, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан сўнг 412 миллиард сўмлик зарарни қоплаган 26000 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланди.
Мамлакатда ярашув институти жорий этилганидан буён 138 минг 527 та иш бўйича 150 минг 346 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланилди. Бугун Ўзбекистонда 60 турдаги жиноятлар бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти мавжуд. Амнистия актини қўллаш судлар ваколатига берилган.
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ республикада амнистия актини эълон қилиш тартиби жорий қилинган. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80 ва 93-моддаларига биноан, амнистия ҳақида акт қабул қилиниб, унинг асносида жазодан озод қилиш, маҳкумларнинг озодликка чиқиши ва уларнинг ўз оилалари бағрига қайтиши билан бир қаторда, амнистия қилинганларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг турмуш шарт-шароитларини яхшилашга ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш юзасидан ҳам ишлар амалга оширилади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистонда 24 маротаба амнистия эълон қилинди.
2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилиниши жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бундан ташқари, олий жазо — умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазо тури фақатгина икки турдаги жиноятлар — терроризм ва жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш учун тайинланадики, ушбу ҳолатлар бўйича муқобил, унча оғир бўлмаган жазо турлари ҳам қўлланилиши мумкин.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини ҳар томонлама таъминлашга йўналтирилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳаётга татбиқ этилишида адвокатура институтини мустаҳкамлаш муҳим устуворлик ҳисобланади.
Ушбу институтни янада такомиллаштириш мақсадида 2008 йил 1 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлди. Ушбу Фармон фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган конституциявий меъёрни амалга ошириш, адвокатура институти мустақиллигини таъминлаш, уни малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатлик касбининг нуфузини ошириш ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси тузилди, 2008 йил 31 декабрда “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, 2009 йил сентябрида кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 52-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонунига биноан, судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши ҳақидаги муҳим меъёр мустаҳкамлаб қўйилди. Ўрнатилган бундай тартиб суд ишида юриспруденция соҳасидаги махсус билимлардан бехабар шахсларнинг иштирокига йўл қўймаслик ва фуқароларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам сифатини оширишга йўналтирилган.
Суд қарорларининг қатъий бажарилиши одил судлов фаолиятининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд қарорларининг мажбурий ижро этилиши самарадорлигини ошириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижро этилиши соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, суд қарорлари ижро этилмаслиги ва уларнинг бажарилишига тўсқинлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Хусусан, 2009 йил 14 январда қабул қилинган “Ижро иши юритиш такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни суд қарорлари ижроси соҳасида жавобгарлик чораларини кучайтириш, огоҳлантириш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишнинг самарали тизимини яратиш, Суд қарорлари ижроси департаменти фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда суд ижрочиларининг мавқеини ошириш имконини берди.
БМТ Бош ассамблеяси ҳужжатининг хулоса қисмида қайд этилганидек, демократлаштириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқларининг суд орқали ҳимояси янада самарали таъминланишига, адвокатура ролини оширишга, жамиятдаги янгиланишлар ва умуман, мамлакатда ислоҳотлар ва модернизациялаш жараёнларини жадаллаштиришга кўмаклашди.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn