Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш — долзарб вазифа
  • 26 Август 2014

Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш — долзарб вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича тузилган ишчи гуруҳи ахборотини эшитди.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжат яқинда биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Қонун лойиҳаси ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш, шу йўл билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги транспорт воситаларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарар ўрни қопланишини кафолатлашга қаратилган.
Тадбирда қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши зарурати, мазмун-моҳияти, ишчи гуруҳи аъзолари олдида турган вазифалар хусусида сўз борди. 
Қайд этилганидек, ушбу йўналишга оид амалиёт ҳамда хорижий тажриба шуни кўрсатдики, бугунги кунда Европа Иттифоқининг деярли барча давлатларида, АҚШ, Канада, Япония ва МДҲ мамлакатларида йўловчилар манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш мақсадида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш механизми амалиётга киритилган. Ана шу давлатларда тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тизими муваффақиятли ишламоқда.
Бинобарин, мамлакатимиз ҳудудида транспорт воситаларининг барча турида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар ўрнининг қопланишини кафолатлашнинг мавжуд норматив-ҳуқуқий базаси яна бир маротаба қайта кўриб чиқилди. Шаҳар атрофига қатновчи темир йўл, автомобиль транспорти йўловчилари, шаҳар ичида қатновчи автомобиль транспорти йўловчилари мажбурий суғуртасини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарурати мавжудлиги аниқланди
Йиғилишда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, қонун лойиҳасида назарда тутилган мажбурий суғурта шартномасида белгиланаётган шартларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексидаги шартнома тушунчаси ва шартларига мувофиқ белгилаш  лозим. Айни чоғда йўловчининг ҳуқуқлари, суғурталовчи ва ташувчининг мажбуриятлари, мажбурий суғурта бўйича мажбуриятнинг ташувчилар томонидан бажарилишини назорат қилишда тегишли давлат органлари ваколатларини аниқ белгилашга оид моддаларни  янада такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга киритгунга қадар ишчи гуруҳ олдидаги вазифалар белгилаб олинди.
Депутатлар фикрича, қонун лойиҳаси фуқароларга етказилган зарар ўрнининг қопланишини янада мустаҳкам кафолатлайди, йўловчиларга етказилган зарарни қоплаш бўйича сарфланадиган харажатларни камайтириш йўли билан ташувчиларнинг мулкий манфаатлари ҳимоясини таъминлайди. Қолаверса, янги иш ўринлари яратилиши, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмаси ривожи, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш имконини беради.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn