Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш янада кенг миқёсда давом эттирилади
  • 05 Февраль 2014

Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш янада кенг миқёсда давом эттирилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ривожланишга доир давлат, ҳудудий дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, демократик қадриятлар, аҳоли ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик институтларининг фаол иштирокини янада рағбатлантириш, “учинчи сектор” вакилларини 2014 йилда қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағларни тақсимлаш бўйича қатор масалалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш доирасида кўрилаётган чора-тадбирлар фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг давлат тузилмалари билан амалий ижтимоий  шериклигини кучайтириш, жамият ва давлат ўртасида самарали алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланмоқда.
Жумладан, парламент ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамда унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси фуқаролик жамияти институтлари томонидан ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилишини фаол қўллаб-қувватламоқда ва кенг рағбатлантирмоқда.

2013 йилда Парламент комиссияси томонидан ана шу эзгу мақсадлар йўлида субсидия, ижтимоий буюртма ва грантларни амалга ошириш учун умумий қиймати 7 млрд. сўм ажратилиб, 278 та лойиҳа қўллаб-қувватлангани фикримиз тасдиғидир. Бунинг учун таълим, баркамол авлодни шакллантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология ва соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмаклашиш, тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, ОАВни демократлаштириш ва мустақиллигини мустаҳкамлаш соҳасида фаолият юритаётган 2000 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари жалб қилинди.

— 2014 йилда устувор йўналишларни амалга оширишга Парламент комиссияси томонидан 2013 йилдагига нисбатан 17 фоиздан кўпроқ  ҳажмда маблағ ажратиш кўзда тутилаяпти, — дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди директори А. Тўраев. —  Унинг қарийб 49 фоизини грант-танловлар ташкил этишга йўналтирилиши режалаштирган. Бу эса “учинчи сектор” ҳамда давлат органларининг ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ривожланиш дастурларини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлигини янада равнақ топтириш, бу борадаги лойиҳаларни молиялаштиришга хизмат қилади.

Тадбирда жорий йилда қуйидаги ижтимоий аҳамиятга эга йўналишлар бўйича давлат грантларини олиш учун 5 дан зиёд танловларни ташкил этиш таклиф этилаётгани қайд этилди. Бунинг натижасида Соғлом бола йили муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастурининг энг муҳим вазифаларини амалга оширишда ННТ ва давлат тузилмаларининг ижтимоий ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Буюк келажакли соғлом авлод” мавзусида давлат грант танлови ўтказилиб, лойиҳалар молиялаштирилади. Соғлом бола ва ўсмирларни вояга етказишда таълим ҳамда спортнинг ролини кучайтириш, ёшлар ва болаларнинг илмий-техникавий, ижодий-интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш учун маҳаллаларда, айниқса, республикамизнинг чекка ҳудудларида қулай шароитларни яратишга қаратилган нодавлат нотижорат ташкилотлари лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашилади. Жойлардаги давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, аҳоли фаровонлиги ва бандлигини ошириш, тадбиркорлик ва ижтимоий инфратузилманинг турли кўринишларини ривожлантириш, маънан ва жисмонан соғлом болаларни тарбиялаш, бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатишга қаратилган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳалари қўллаб-қувватланади. “Учинчи сектор” ва давлат ҳокимияти органларининг шаҳар, маҳалла ва кўчаларни ободонлаштиришни яхшилаш масалаларини ҳал этиш, аҳоли ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги фаоллигини ошириш, аҳоли саломатлигини ва жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашдаги ижтимоий ҳамкорлиги рағбатлантирилади.

Давлат органлари ва бошқаруви фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, мустақил ОАВ ва фуқаролик институтларининг қонунчилик талаблари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролини янада кучайтириш, аҳоли ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий билимларини юксалтиришга кўмаклашилади.
Ушбу танловларда 1000 дан зиёд ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштироки кўзда тутилмоқда.
Мажлисда катта ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни рўёбга чиқариш нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида ижтимоий буюртмани жойлаштиришга 2014 йилга мўлжалланаётган умумий маблағлар ҳажмидан 17 фоиздан зиёдини сарфлаш таклиф этилмоқда. Бу 2013 йилдагига нисбатан 6 фоиз кўпдир.

Пировардида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар ва ўсмирлар саломатлиги кўрсаткичларини яхшилаш, аҳоли, айниқса, ота-оналар тиббий маданиятини ошириш, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўтказиш бўйича ННТларнинг давлат ҳокимияти органлари билан ижтимоий ҳамкорлиги қўллаб-қувватланади. Мустақил фикр ва ривожланган интеллектга эга жисмонан ва маънан соғлом, баркамол ёш авлодни тарбиялаш масалалари бўйича кенг қамровли ахборот-тушунтириш ишларини амалга ошириш, мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналистларнинг ижодий фаоллиги ва кадрлар профессионал салоҳиятини оширишга кўмаклашилади. Чунончи, журналистика соҳасида халқаро ва республика танловлари, кўргазма ва форумлар ўтказилади. Бундан ташқари, ижтимоий буюртмалар доирасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Парламент соати” ва “Фуқаролик жамияти институтлари янгиликлари” телекўрсатувларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бир қаторда, молиялаштиришнинг мустақил объектларининг устав фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 2014 йилга мўлжалланаётган умумий маблағлар ҳажмининг 34 фоизидан ортиғини йўналтириш мўлжалланаяпти. Бу 2013 йилдагига нисбатан қарийб 17 фоиз кўпдир. Умуман олганда, буларнинг барчаси лойиҳалар амалга оширилишида 2500 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини таъминлаш имконини беради.

Йиғилишда бундай комплекс-тизимли ёндашув юртимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этишга қаратилгани билан долзарб эканлигига урғу берилди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn