Миллатлараро тотувлик мустаҳкамланмоқда
  • 23 Август 2014

Миллатлараро тотувлик мустаҳкамланмоқда

Тошкентда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган немис миллатига мансуб фуқаролар масалалари бўйича Ўзбекистон — Германия ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг ички ва ташқи ишлар, маданият ва спорт, меҳнат ва ижтимоий муҳофаза каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Б. Қурбонов Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни асраш, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун кенг шароит яратилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1992 йилда ташкил этилган Республика Байналмилал маданият маркази бу борада муҳим ўрин тутмоқда.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган “Ўзбекистон — Германия”, Германиядаги “Германия — Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари, Тошкент шаҳридаги “Видергебурт” немис маданият маркази халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. 
Анжуманда “Ўзбекистон — Германия” дўстлик жамияти анжуманлар, концертлар ўтказиш, кўрсатув ва кўргазмалар ташкил этиш орқали германияликларнинг мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурини бойитишга кўмаклашаётгани қайд этилди. Бонн шаҳридаги “Германия — Ўзбекистон” дўстлик жамияти унинг доимий ҳамкори ҳисобланади. Бу икки жамият ўртасида мунтазам равишда делегациялар алмашинуви йўлга қўйилган. Ана шу сафарлар туфайли  мамлакатларимиз халқлари бир-бири билан янада яқинроқ танишмоқда. Бу икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир.
Тадбирда Ўзбекистон Қизил яримой, Германия Қизил хоч, Германия техникавий ҳамкорлик жамиятлари ҳамкорлигининг амалий ифодаси бўлган тиббий-ижтимоий марказлар Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллатлар вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бундай марказлар томонидан аҳолига, жумладан, немис миллатига мансуб фуқароларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда.
— Бундай мажлисларнинг мунтазам ўтказилаётгани Ўзбекистон — Германия ҳамкорлиги изчил ривожланаётганидан далолатдир, — деди Германия Федератив Республикаси Федерал ҳукуматининг кўчиб ўтганлар ва камсонли миллатлар масалалари бўйича вакили, ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Хартмурт Кошик. — Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик муҳити қарор топган. Миллий маданий марказлар фаолияти самарали йўлга қўйилган. Ўзбекистонда барча миллат ва элатлар қатори немис миллатига мансуб фуқароларнинг ҳам урф-одат ва анъаналари юксак қадрланиши, уларнинг эмин-эркин яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз ижодий қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилгани бизни жуда қувонтиради. Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар қатори фан-таълим ва маданий-гуманитар йўналишларда ҳам янада ривожлантириш тарафдоримиз. 
Мажлисда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи немис миллатига мансуб аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маданий-маърифий, тиббий-ижтимоий марказлар фаолияти кўламини кенгайтириш, ўзаро маданий, илмий, маърифий ва техник ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn