Ёшлар учун ахборот кўмаги
  • 05 Февраль 2014

Ёшлар учун ахборот кўмаги

Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соғлом болани вояга етказишда таълим-тарбия, спортнинг ўрни муҳим аҳамиятга эгалигига эътибор қаратиб, бунда маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг ҳам таъсири катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтириш, айниқса, қиз болаларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш, эрта никоҳлар, оилавий ажримларнинг олдини олиш, урф-одат, маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш борасида амалга ошираётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Чунончи, 2013 йилда “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида мазкур жамоат ташкилоти томонидан пойтахтимиздаги 11 маҳаллада “Ораста ёшлар” ахборот-маслаҳат гуруҳлари ташкил этилган эди.
Қайд этиш жоизки, ўтган даврда ушбу гуруҳлар томонидан “Тенгдош — тенгдошга” тамойили асосида ўқиш ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган йигит-қизлар учун семинар-тренинглар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказилаётгани ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилишда, энг муҳими, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашишда муҳим омил бўлди. Мазкур тадбирларга 26 минг нафар йигит-қиз қамраб олиниб, уларга миллий қадриятларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш,  айниқса, она-Ватанга дахлдорлик ҳисси билан яшаш, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш айни зарурат эканлиги уқтирилди.
Айни чоғда “Ораста ёшлар” ахборот-маслаҳат гуруҳлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаётир. Табиийки, бундан буён ҳам мазкур гуруҳларнинг маҳаллалардаги фаолиятини “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мазмунда олиб бориш, маҳалла ёшлари, айниқса, қизларни спортга кенг жалб этиш, билим масканлари озодалигини сақлаш, атроф-муҳит тозалигига эътиборни кучайтириш, мактаб ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш, ёшлар ўртасида ижтимоий-маданий тадбирларни мунтазам ўтказишга оид вазифаларга устувор аҳамият берилиши мақсадга мувофиқ. 
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган маърифий тадбирда ана шулар хусусида сўз юритилди. Унда маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, педагоглар, ўрта махсус таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.  
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn