Янги қонун лойиҳаси муҳокама этилди
  • 22 Август 2014

Янги қонун лойиҳаси муҳокама этилди

Мамлакатимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, пировардида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Яратилаётган имкониятлар, қонуний имтиёзлардан фойдаланиб, иқтисодиётимиз таянчига айланган тадбиркорлик субъектларининг давлат ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларига ҳам эркин бозор иқтисодиётининг тамойиллари жорий этилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлда қабул қилинган “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, жорий йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Пойтахтимизда Савдо-саноат палатаси ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган тадбирда шулар хусусида сўз борди. Унда иштирок этган жамоатчилик вакилларига, тадбиркорларга янги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Таъкидланганидек, айни пайтда бизнес юритиш шарт-шароитларини замон талабларига мувофиқлаштириш, бюрократик тўсиқларга буткул чек қўйиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, солиқ ва божхона  қонунчилигини мукаммаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Шунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 апрелдаги фармойиши асосида янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бунга Молия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Иқтисодиёт, Адлия вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар мутахассислари жалб қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш омиллари, божхона қонунчилигига оид халқаро меъёр ва стандартлар, ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг имкониятларидан келиб чиқиб тайёрланди. Янги таҳрирдаги Божхона кодекси тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, божхона назорати самарадорлигини ошириш, ташқи савдо операцияларини ривожлантириш ҳамда ички бозорга сифатсиз, контрафакт маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш ишларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.
Тадбир доирасида видеоконференция орқали Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидаги ҳудудий  бошқармалари ходимлари, бизнес субъектлари вакиллари билан ўзаро фикр алмашилди. Қизғин муҳокама якунида иштирокчилар ўз таклиф ва хулосалари билан ўртоқлашдилар.

Ф. МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn