БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош котиби: «Ўзбекистон қисқа муддат ичида етакчи давлатга айланди»
  • 22 Август 2014

БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг Бош котиби: «Ўзбекистон қисқа муддат ичида етакчи давлатга айланди»

Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — Мустақиллик куни арафасида БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош котиби Талеб РИФАИ “Жаҳон” ахборот агентлигига интервью берди.

Суҳбат чоғида у юртимизнинг истиқлол йилларида эришган муваффақиятлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, Ўзбекистон билан ушбу халқаро тузилма ҳамкорлигининг замонавий ҳолати ва истиқболларига баҳо берди.

— Бош котиб жаноблари, Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистонга амалга оширган сафарларим чоғида мамлакат ҳукумати ва шахсан Президент Ислом Каримов томонидан ўзбек халқининг маданий-тарихий ҳамда маънавий бойликларини тиклашга қаратилаётган улкан эътибор гувоҳига айландим. Шу ўринда Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган обидаларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича Давлат дастурларининг муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.
Ўзбекистонда, айниқса, мамлакат Буюк Ипак йўли бўйида жойлашганини инобатга оладиган бўлсак, сайёҳлик тармоғини янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд, дейиш мумкин. Бой маданият, Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Тошкент сингари кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарлардаги Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўрин олган бетакрор тарихий ёдгорликлар кўплаб сайёҳларни доимо жалб қилаверишига ишончим комил.
Ўз навбатида, ЮНВТО Ўзбекистонда туризмни янада ривожлантиришга қаратилган дастур ва чора-тадбирларни бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрдир.

— Ўзбекистон ва ЮНВТО ўртасидаги ҳамкорликнинг замонавий ҳолати ҳамда истиқболлари ҳақидаги фикрларингизни билишни истар эдик...
— Ўзбекистон 1993 йилдан буён ЮНВТО аъзоси ҳисобланади. Мен мамлакатингизга ташкилотимиз ишида ниҳоятда фаол қатнашиб келаётгани учун чин дилдан мамнуният изҳор этаман.
Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга ЮНВТО ва ЮНЕСКОнинг “Буюк Ипак йўли мероси йўлаклари учун сайёҳликни ривожлантириш стратегияси” номли қўшма дастурини қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдираман. Фикримизча, бу дастур Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасини янада тараққий эттиришга катта ҳисса қўшади. Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон сингари мамлакатларни қамраб олувчи мазкур дастур барқарор тараққиётни таъминлаш, маҳаллий ҳамжамиятларни рағбатлантириш, маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш ва уни бошқариш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга қаратилгандир.
Биз Ўзбекистон билан сайёҳлик жабҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта умид боғлаганмиз. Туризм Ўзбекистон келажаги ва равнақининг энг муҳим пойдеворларидан бири бўлишига қатъий ишонаман.

— ЮНВТОнинг Сантьяго-де-Компостела шаҳридаги 98-сессиясида ташкилот Ижроия қўмитасининг навбатдаги сессиясини Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри — Самарқандда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. ЮНВТО ушбу тадбирдан нималарни кутмоқда?
— Биз Самарқанд ЮНВТО Ижроия қўмитаси 99-сессиясини ўтказиш жойи сифатида бир овоздан тасдиқланганидан ниҳоятда мамнунмиз. Ушбу тадбир ранг-баранг маданий ва сайёҳлар алмашинувининг афсонавий йўлларини қайта тиклашга чорлайдиган “Буюк Ипак йўлини тиклаш тўғрисида”ги Самарқанд декларацияси қабул қилинганининг 20 йиллиги билан тўғри келгани ҳам алоҳида аҳамиятга моликдир.
ЮНВТО 99-сессиясининг ушбу шаҳарда ўтказилиши ҳамда “Буюк Ипак йўлини тиклаш тўғрисида”ги Самарқанд декларациясининг 20 йиллиги нишонланиши жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўли марказида жойлашган, жадал тараққий этаётган сайёҳлик тармоғига эга бўлган муҳим мамлакат сифатидаги халқаро нуфузидан хабардорлиги ортишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Биз Самарқандда ўтказиладиган ушбу икки тадбирни орзиқиб кутмоқдамиз. Зеро, улар бизга Ўзбекистоннинг беқиёс ва ажойиб тарихий-маданий ҳамда маънавий мероси билан янада яқиндан танишиш ва унинг мустақил тараққиёт йилларидаги ютуқларига гувоҳ бўлиш имкониятини беради.

— Тез орада Ўзбекистон халқи давлат мустақиллигининг 23 йиллигини нишонлайди...
— Мустақил тараққиёт йилларида Ўзбекистон Республикаси катта муваффақиятларга эришди. Ажойиб мамлакатингиз ва меҳмондўст ўзбек халқи менда катта таассуротлар қолдирди.
Бугун биз иқтисодий ривожланишнинг жадал суръатлари, ижтимоий-сиёсий барқарорлик эса юртингизнинг дунё сайёҳлари учун жозибадор мамлакат бўлишини таъминлаётганининг гувоҳимиз.
Мустақилликнинг 23 йиллик байрами муносабати билан БМТнинг ихтисослаштирилган муассасаси бўлмиш Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти жамоаси ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ҳамда ўзбек халқига энг яхши тилакларни изҳор этаман.
Тарихан қисқа муддат ичида Ўзбекистон етакчи давлатга айлангани ҳолда, ўзининг инсоният тарихида муносиб ўрнига эга бўлган беқиёс маданий меросини бутун жаҳонга намоён этмоқда.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn