«ANTA news» журнали Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида
  • 05 Февраль 2014

«ANTA news» журнали Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида

Японияда чоп этиладиган “ANTA news” журнали саёҳат ишқибозларининг севимли нашрларидан бири ҳисобланади.

Яқинда Бутуняпония сайёҳлик агентлари уюшмаси (ANTA) муассислигида чоп этиладиган  мазкур журнал саҳифаларида “Буюк Ипак йўли давридан буён Япония ва Ўзбекистонни боғлаб келган мустаҳкам алоқалар” сарлавҳаси остида мақолалар босилиб чиқди.
Уларда Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида ҳикоя қилинади. 
Мақолалардан бири Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дипломатик ҳамда маданий-гуманитар муносабатларнинг тарихига бағишланган. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро дўстона алоқаларнинг илдизлари Буюк Ипак йўли равнақ топган даврга бориб тақалиши алоҳида таъкидланади. Мақолада Япониянинг Нара шаҳри мазкур йўлнинг шарқий дарвозаси, ўзбеклар заминининг Самарқанд шаҳри эса унинг марказий дарвозаси бўлгани қайд этилади. Шунингдек, бугун икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, тарихий ва маънавий яқинликка асосланган стратегик шериклик салмоқли салоҳиятга эга эканлиги ҳам журналхонлар эътиборига ҳавола қилинган. 
Қуёшли ўлкамизга бағишланган яна бир мақолада эса Ўзбекистон делегациясининг Бутуняпония сайёҳлик агентлари уюшмасига амалий ташрифининг тафсилотлари қаламга олинган. Унда япон заминида бўлиб ўтган учрашув чоғида ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилингани баробарида, Ўзбекистон томонининг сайёҳлик соҳасига доир сармоявий таклифлари ҳам кўриб чиқилгани билдирилган.
“Беқиёс гўзал табиати, ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган кўпгина бебаҳо ва бетакрор тарихий обидалар Ўзбекистоннинг сайёҳлик жабҳасидаги истиқболли шерик сифатидаги ўрнини ҳамда аҳамиятини белгилаб беради”, дея ёзилади “ANTA news”да.
Шунингдек, журнал ўз ўқувчиларини Ўзбекистонга боришга ҳозирланган  япониялик сайёҳлар учун зарур бўлган барча муҳим маълумотлар билан ҳам таништиради. Юртимиз бўйлаб саёҳатни амалга оширишнинг мавсумлари, виза олиш, валюта алмаштириш, меҳмонхоналар тармоғи тўғрисидаги ахборот шулар жумласидандир.

«Жаҳон» АА.
Токио

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn