Долзарб вазифалар муҳокамаси
  • 05 Февраль 2014

Долзарб вазифалар муҳокамаси

Жойларда ўтказилаётган фаоллар йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишлаб ўтказилган мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган долзарб вазифалар жиддий муҳокама этилмоқда.

Бу ҳақда мухбирларимиз хабар қилади.

СИРДАРЁ
Фаоллар йиғилишида 2013 йилда вилоят иқтисодиётининг етакчи тармоқларини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш борасида салмоқли натижаларга эришилгани айтиб ўтилди. Хусусан,  ялпи ҳудудий маҳсулот 2012 йилдагига нисбатан 7 фоиз ўсгани таъкидланди.
Ўтган йилда вилоятнинг экспорт салоҳияти сезиларли даражада ошди. Бунда экспортчи корхоналар сонининг 10 тага етгани муҳим омил бўлди. 
Ҳисобот даврида 2013 — 2016 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 1736 лойиҳа амалга оширилиб, 107,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилгани қайд этилди. Пировардида 19 минг 800 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Йиғилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ташаббускор тадбиркорларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда саноат корхоналарини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ва вазифалар белгилаб олинди.

ҚАШҚАДАРЁ
Вилоят фаоллари йиғилишида таъкидланганидек, 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда сезиларли ўсиш кузатилди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот 5,6 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари етиштириш 4,1 фоиз, истеъмол моллари 13 фоиз, капитал қўйилмалар 2,5 фоиз, пудрат ишлари 8,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,8 фоиз, хизматлар ҳажми 19 фоиз, пуллик хизмат кўрсатиш 16,8 фоиз, чакана савдо айланмаси 15,6 фоиз ўсди.
Ҳисобот даврида ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш доимий эътиборда бўлганлиги эътироф этилди. Хусусан, ушбу соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 372,9 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Бугунги кунда рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектларининг 78,7 фоизи самарали фаолият юритмоқда.
Йиғилишда иқтисодиёт тармоқларида эришилган ютуқлар билан бирга, мавжуд муаммолар, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар кенг муҳокама қилинди, Президентимиз томонидан 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларини бажариш бўйича белгилаб берилган дастурий вазифалар ҳамда улардан келиб чиққан ҳолда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар белгилаб олинди. Хусусан, ахборот-коммуникация технологияларини изчил жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга ўрта ва узоқ муддатли кредитлар бериш ҳажмини кўпайтириш, 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини сўзсиз бажаришга қаратилган чора-тадбирлар аниқлаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ў. Ибрагимов иштирок этди.

А. ШЕРНАЗАРОВ,
А. МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn