Ўзбекистон — Хитой: Стратегик шерикликнинг янги қирралари
  • 19 Август 2014

Ўзбекистон — Хитой: Стратегик шерикликнинг янги қирралари

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи бошланади.

Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ривожига 1991 йилнинг 27 декабрида асос солинган — шу куни Хитой Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. Дипломатия муносабатлари эса 1992 йил 2 январь куни ўрнатилган эди. Ўтган йиллар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, кредит-молия ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ўсувчанлиги билан Ўзбекистон — Хитой шериклиги ажралиб турди.

Замонавий босқичда барча соҳалардаги алоқаларни қамраб олган Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлиги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар хусусиятини касб этган. Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари бунга пойдевор бўлиб келмоқда. Мунтазам тус олган олий даражадаги, жумладан, халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг саммитлари доирасидаги ташрифлар ҳамда учрашувлар бу фикрнинг тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил июнь ойида Хитойга буюрган расмий ташрифи икки томонлама алоқалар тарихида муҳим воқеа бўлиб, у Ўзбекистон — Хитой муносабатларида ўтган йиллар давомида эришилган эътиборга сазовор барча муваффақиятларни нафақат мустаҳкамлади, балки ўзаро алоқаларни стратегик муносабатлар даражасига олиб чиқди. Икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланган Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши эса мазкур ташрифнинг энг муҳим маҳсули бўлди.

ХХР Раиси Си Цзиньпиньнинг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифи мамлакатларимиз ҳамкорлиги пойдеворининг мустаҳкамланишига хизмат қилди. Ташриф чоғида “Стратегик шерикликнинг икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисида”ги Қўшма декларация ҳамда “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланди.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тизимли ривожланишида Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро қўмитаси муҳим ўрин тутади. Унинг иккинчи йиғилиши 2013 йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтди. Мазкур тузилма доирасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар, хавфсизлик, энергетика, транспорт, илм-фан ва техника, қишлоқ хўжалиги соҳаларига ихтисослашган кичик қўмиталарнинг учрашувлари ўтказиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда икки мамлакат парламентлари ҳам фаол ҳамкорлик олиб бормоқда, махсус делегацияларнинг ўзаро ташрифлари амалга оширилмоқда, турли учрашувлар ўтказилмоқда. 2011 йил сентябрь ойида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси У Бангонинг ташрифи якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзолангани муҳим воқеа бўлди.

Ҳукумат делегациялари даражасидаги ўзаро ташрифларнинг сони тобора ортиб бормоқда. 2007 — 2013 йиллар мобайнида ХХР Давлат кенгаши вазирлари Вэнь Цзябао ва Ли Кэцян, Давлат кенгаши вазири ўринбосари Хуэй Лянъюй, жамоат хавфсизлиги вазири Мэн Цзянчжу, ташқи ишлар вазирлари Ян Цзечи ва Ван И, молия вазири Се Сючжэнь ҳамда бошқалар юртимизга ташриф буюрди.

Ҳозирги пайтда ҳар икки давлат халқаро майдонда, жумладан, БМТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида сиёсий жиҳатдан бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватламоқда. Хитой ҳамиша Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлаган. Ўз навбатида, Хитой раҳбариятининг чуқур ўйланган ва вазмин сиёсий йўли, унинг ягона Хитой масаласи бўйича қатъий сиёсати, “уч офат” — терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши олиб бораётган муросасиз кураши Ўзбекистонда юқори баҳоланади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқалар икки томонлама муносабатларнинг муҳим қирраси ҳисобланади. Ўзбекистон ва Хитой ШҲТ муваффақиятли ривожланишига ҳамда унинг ишида фаол қатнашишга алоҳида аҳамият беради. Мазкур ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорлик бугунги кунда минтақада ва умуман, дунёда барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Хитой стратегик шерикликни янада ривожлантириш, шу жумладан, ўзаро фойда, манфаатларни ҳисобга олиш ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида кўп қиррали савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратаяпти.

Икки мамлакат ўртасида ўта қулай алоқалар муҳити ҳукм сурмоқда. Фаол муносабатлар ва имзоланган ҳужжатлар ўзаро товар айирбошлашнинг оғишмай ўсиб боришига кўмаклашмоқдаки, унинг ҳажми 2013 йили 5,2 миллиард АҚШ долларидан ортди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу кўрсаткич 2,6 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Сармоявий ҳамкорлик йил сайин кенгайиб бораётгани баробарида, Ўзбекистонда юқори технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этаётган Хитой компанияларининг сони ҳам тобора кўпаймоқда. Бугунги кунда республикамизда хитойлик сармоядорлар иштирокидаги 482 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 78 таси юз фоиз Хитой сармояси асосида ташкил этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ушбу мамлакатнинг 74 та компанияси ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.

Бугунги кунда “Жиззах” махсус индустриал зонасида Хитойнинг “Хуавей” “ЗТЕ”, “Веньчжоу Цзиншэн”, “Ханчжоу Жонгву Электроник Метерс” сингари етакчи компаниялари билан ҳамкорликда телекоммуникациялар, машинасозлик, энергетика ва қурилиш моллари жабҳаларида умумий қиймати 30 миллион АҚШ долларидан ортиқ 10 дан зиёд сармоявий лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Энергетика йўналишидаги сермаҳсул алоқалар кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Ҳозирги вақтда Хитой миллий нефть ва газ корпорацияси Ўзбекистоннинг нефть ҳамда газга бой ҳудудларида геология-қидирув ишларини олиб бориш, ХХРга узоқ муддатли табиий газ етказиб бериш бўйича барқарор транзит йўлагини шакллантиришга қаратилган “Ўзбекистон — Хитой” газ қувурининг учинчи тармоғини қуриш борасида қатор лойиҳаларни амалга ошираётир. Гуандунь ядро-энергетика корпорацияси билан ҳамкорликда эса Навоий вилоятида уран ва ванадийни алоҳида ажратиб олиш технологиясини жорий этиш орқали истиқболли уран конлари устида иш олиб борилмоқда.

Молиявий ресурсларни ўзлаштириш жараёни ҳам муваффақиятли равишда изчил ривожланмоқда. Хитой ҳукумати, шу жумладан, Хитой давлат тараққиёт банки ва ХХР Эксимбанкининг кредитлари асосида Ўзбекистонда нефть ва газ, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, мелиорация техникасини етказиб бериш, ахборот-коммуникация технологиялари жабҳалари ҳамда ижтимоий соҳада қатор устувор лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. 1991 — 2013 йиллар мобайнида ХХР ҳукумати томонидан Ўзбекистонга салмоқли миқдорда грант маблағлари ажратилиб, турли соҳаларда ижтимоий жиҳатдан муҳим лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.

2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда ХХР Тижорат вазирлиги ўртасида 2013/2014 йилларда умумий қиймати 271 миллион АҚШ долларига тенг техникавий ёрдам лойиҳаларини амалга оширишда икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши мазкур йўналишдаги ишларга тизимли хусусият бағишлади. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда Хитой давлат тараққиёт банки ўртасидаги умумий қиймати 8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоявий лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги битим ҳам иқтисодиётнинг турли жабҳаларида юқори технологияга асосланган ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш юзасидан устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади.

Маданий-гуманитар алоқалар икки мамлакатнинг янада яқинлашишига кўмаклашаётган муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу борадаги алоқаларнинг чуқурлашишида 1998 йили ташкил этилган “Ўзбекистон — Хитой” дўстлик жамияти ҳамда 2007 йили тузилган “ХХР — Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамияти алоҳида аҳамият касб этмоқда. 2013 йил май ойида Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий тадқиқот институти негизида Ўзбекистон тадқиқотлари ва маърифий алмашувлар маркази очилди. Марказ мутахассислари юртимизнинг ички ва ташқи сиёсатини чуқур ўрганиш билан шуғулланишади.

Маданий йўналишдаги ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда ХХР Маданият вазирлиги ўртасида 2014 — 2017 йилларга мўлжалланган маданий алмашинувлар дастури асосида олиб борилмоқда. Хитойда ўзбек халқининг маънавий қадриятлари ҳамда бетакрор тарихий меросига катта ҳурмат билан қарашади. Ушбу мамлакатда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган турли йирик тадбирлар Хитой жамоатчилиги Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи ва санъати билан яқиндан танишиши учун қулай имкониятни яратмоқда.

Таълим соҳасида давлат ва идоралараро даражадаги, шу жумладан, ўзбек ҳамда хитой тилларини ўрганиш бўйича талабалар ва амалиётчилар алмашинуви кўлами кенгайиб бормоқда. Юртимизда Тошкент давлат шарқшунослик институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Самарқанд давлат университети сингари ўқув муассасаларида хитойшунос мутахассислар тайёрланаётгани ҳам қувонарлидир.

2005 йили Тошкентда очилган Конфуций институтида ҳар йили 350 нафардан зиёд тингловчи таҳсил олади. Ушбу институт ташкил этилганидан буён бу ерда 2,5 минг нафардан ортиқ ёш мутахассис таълим олди. 2010 йилдан эътиборан ХХР Миллатлар марказий университетида Рус тили ва Марказий Осиё мамлакатлари тиллари факультети таркибига ўзбек тили бўлинмаси киритилган. 2013/2014 ўқув йиллари ХХР ҳукумати томонидан икки томонлама келишув ҳамда ШҲТ доирасида 120 нафар ўзбек талабаси ва амалиётчиларига грант ажратилди. ХХР раисининг 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга буюрган ташрифи чоғида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузурида Конфуций институтини ташкил этишда ҳамкорлик қилиш бўйича Битим имзоланди.

Барча соҳалардаги икки томонлама алоқалар ривожланишининг барқарор ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда, шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлиши билан бирга, Ўзбекистон — Хитой шериклигининг сифат жиҳатдан янги босқичини бошлаб беради.

«Жаҳон» АА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn