СУНЬ Лицзе: «Ҳар бир ўзбекистонлик ўз мамлакатининг улкан ютуқларидан фахрланса арзийди»
  • 15 Август 2014

СУНЬ Лицзе: «Ҳар бир ўзбекистонлик ўз мамлакатининг улкан ютуқларидан фахрланса арзийди»

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан сўнг икки давлат раҳбарларининг алоҳида эътибори ва ташаббуслари самарасида мамлакатларимиз ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда.

Барча соҳаларда изчил давом этаётган алоқалар барқарорлик ва тараққиётга эришиш йўлида мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида ЎзА мухбири Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси СУНЬ Лицзе билан суҳбатлашди.
— Хитой Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорликни юксак баҳолайди, — деди элчи Сунь Лицзе. — Тарихан қисқа вақт ичида Ўзбекистон халқи доно ва узоқни кўра биладиган раҳбар, Президент Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Мамлакатингиз жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан муносабатларни муваффақиятли ривожлантираётгани ва минтақада хавфсизликнинг ишончли кафолати экани халқаро даражада эътироф этилган, унинг сиёсий ва иқтисодий салоҳияти муносиб баҳоланмоқда. Давлат суверенитети ва хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, давлат қурилиши, миллий ўзликни англаш даражасини юксалтириш, режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ва изчил ўтиш, мустақилликнинг иқтисодий асосларини яратиш борасида эришилган юксак самаралар Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва мамлакатингиз шартларига тўлиқ жавоб берадиган ривожланишнинг “ўзбек модели” нечоғли тўғри ҳамда пухта ўйланганидан далолат беради. Халқ турмуш даражасини ошириш, аҳолининг фаровон ва бахтли ҳаётини таъминлашга қаратилган сиёсатнинг мақсади ва моҳияти барча соҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг асосий омилига айланмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ва барқарор ривожланиб бораётгани танланган моделнинг ҳаётийлиги ва самарадорлигини тасдиқлади. Бу иқтисодий ўсиш суръатлари, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиётни таркибий янгилаш, экспортнинг диверсификация қилинаётгани, хорижий инвестициялар ҳажми тобора ошиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда. Ушбу ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳам таҳсинга лойиқдир. Иқтисодиётда ўз вақтида изчил чоралар қабул қилган Ўзбекистон глобал инқироз таъсиридан зарар кўрмади. Айнан мана шу омил давлатингиз раҳбари моҳир иқтисодчи ва буюк етакчи эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистонда ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг катта қисми ўқув муассасаларини барпо этиш, таълим шароитларини яхшилаш ва битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида таълим соҳасига йўналтирилаётгани эътиборга лойиқдир. Бу, ўз навбатида, таълим сифатини юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси тарихан қисқа вақт ичида мамлакатингизда эришилган оламшумул ютуқлар билан фахрланса арзийди.

— Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг икки томонлама муносабатларни замон талаблари асосида ривожлантириш учун янги имкониятлар пайдо бўлди. Ўзбекистон билан Хитой ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида нима дея оласиз?     
— Хитой ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар икки минг йил аввал, Буюк Ипак йўлии давридаёқ ривожланган. 1992 йили Хитой Халқ Республикаси биринчилардан бўлиб, Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларни ўрнатди. Ўтган
22 йил давомида мамлакатларимиз раҳбарларининг бевосита мунтазам алоқалари, халқларимизнинг ўзаро манфаатли саъй-ҳаракатлари натижасида Хитой — Ўзбекистон муносабатларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш борасида ижобий тенденция сақланмоқда.
Айни пайтда Хитой билан Ўзбекистон ўртасида барча соҳалардаги муносабатлар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация ҳамда бошқа кўплаб икки томонлама муҳим ҳужжатлар асосида жадал ривожланиб бораётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йил май ойида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммитида иштирок этгани ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашгани икки томонлама муносабатларни янги мазмун билан бойитиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон билан стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш Хитой дипломатиясининг устувор йўналишларидандир. Хитой ҳукумати Ўзбекистоннинг миллий ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон ҳам, ўз навбатида, Хитой халқига ёрдам беришга ҳар доим тайёр. Томонлар анъанавий дўстликни қадрлайди, ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда.
Хитой ҳукумати ҳар йили Ўзбекистон ёшларининг мамлакатимиз олий ўқув юртларида бепул таълим олиши учун 200 га яқин ўрин ажратади. Ўзбекистонга ўқиш учун келаётган хитойлик ёшлар ҳам кўпаймоқда.
Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида катта имкониятларга эга. Томонлар “ўзаро манфаатдорлик ва умумий муваффақият” тамойилига амал қилган ҳолда ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги бевосита алоқаларни мунтазам кенгайтирмоқда. Ҳамкорликни ривожлантиришдан катта манфаатдорлик туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ҳам жадал суръатлар билан ўсмоқда. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 482 та қўшма корхона ташкил этилган, етмишдан зиёд компанияларимиз ваколатхонаси фаолият юритмоқда. 
Айни пайтда инвестиция ҳамкорлиги кўлами ҳам мунтазам кенгаймоқда. Хитойлик кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда, мамлакатингизга инвестиция киритиш ва қўшма корхоналарни ташкил этишни режалаштирмоқда. Бугун Хитой Ўзбекистон бозоридаги энг йирик инвестор ва мамлакатингиз билан ташқи савдо муносабатларида иккинчи ўринда туради. Бу эса ҳар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг юксак сиёсий обрў-эътибори ва иқтисодий салоҳияти халқаро майдонда тан олинган. Мамлакатингиз минтақа тараққиёти ва фаровонлигига катта ҳисса қўшмоқда.
Ёқилғи-энергетика комплексида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Марказий Осиё — ХХР газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтиши юксак даражадаги ишонч ва ўзаро манфаатдорликдан далолат беради.
Хитой компаниялари Ўзбекистондаги углеводород конларини ўрганиш ва уларни ўзлаштириш жараёнида қатнашмоқда.
Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари минтақада хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашдаги кўп қиррали алоқаларда алоҳида мавқега эга бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида ҳам жадал ривожланиб бормоқда.
Икки мамлакатнинг маданият ва санъат вакиллари ўртасида ҳам самарали ва фаол муносабатлар йўлга қўйилган. Хитойлик мусиқачи ва хонандалар Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Хусусан, 2013 йили фестивалда Хитойдан катта делегация қатнашди. Сиань ва Самарқанд шаҳарлари, Шаньси провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилгани, икки давлатнинг тўғридан-тўғри алоқалари изчил ривожланиб бораётгани бизни беҳад қувонтиради.

— Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ўз фикрингизни билдирсангиз.
— Болалар саломатлиги ҳақида ғамхўрлик — миллат келажаги ҳақида ғамхўрликдир. Зотан, соғлом ва баркамол авлод давлат фаровонлигининг пойдевори ҳисобланади. Шу боис Президент Ислом Каримов томонидан 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши таҳсинга лойиқ. Бу мамлакатингизда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий тасдиғидир.
Жамиятда маънавиятни юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш халқингизнинг олижаноб фазилатларидан. Давлатингиз раҳбари раҳнамолигида баркамол авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган катта эътиборни юксак баҳолаймиз. Ушбу йўналишдаги кенг кўламли ишлар мамлакатингизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам амалга оширилаётгани кишини қувонтиради. Бу ислоҳотлар самарасида оналар ва болалар ўлими анча камайди, аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи ошди.
Ўзбекистонда спорт баркамол авлодни тарбиялашнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Мамлакатингизда спортни болалар ва ўсмирлар, айниқса, қизлар ўртасида оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича ноёб тизим яратилган. Барча шаҳар ва қишлоқларда замонавий спорт комплекслари барпо этилган.

— Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати салоҳиятини қандай баҳолайсиз?
— Инсон саломатлиги, унинг узоқ умр кўриши ва ҳаёт даражаси тўғри ва хавфсиз овқатланишга бевосита боғлиқ. Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири. Шу маънода, жорий йил июнь ойида Тошкентда “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференция муҳим аҳамиятга эгадир. Конференция бутун дунёдан ташриф буюрган соҳа олимлари ва мутахассисларига озиқ-овқат захирасини шакллантириш масаласи юзасидан ўзаро фикр алмашиш, Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш имконини берди. Тадбир доирасида иштирокчилар мамлакатингиз боғдорчилик соҳасидаги илмий тадқиқотлар, уни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва тўпланган тажриба билан танишди.
Давлатингиз раҳбари раҳнамолигида пухта ўйланган сиёсатнинг амалга оширилаётгани самарасида Ўзбекистонда ҳар бир соҳа, шу жумладан, озиқ-овқат саноати жадал ривожланмоқда. Қисқа вақт ичида мамлакатингизда ҳаётга татбиқ этилган туб ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уларни экспорт қилиш имконини берди. Серқуёш Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар ўзининг мазали таъми, табиийлиги ва хилма-хиллиги, юртингиз бозорлари азалдан тўкин-сочинлиги билан дунёга машҳурдир. Шу боис хорижлик мутахассислар мамлакатингизда мева етиштириш услублари билан қизиқмоқда. Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати корхоналарининг изчил модернизация қилинаётгани, маҳсулот турлари кўпаяётгани ва сифати яхшиланаётгани мақтовга сазовор.
Хитойлик кўплаб олиму мутахассислар, тадбиркорлар ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон билан қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлашни истардим. Зеро, мамлакатингиз ушбу соҳада катта салоҳиятга эгадир.

— Тинчлик ва осойишталик — фаровонлик асоси. Шундай эмасми?
— Дарҳақиқат, ҳар қандай давлат тараққиёти жамиятдаги тинчлик, барқарорликка боғлиқ. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат юритмоқда, бошқа давлатлар билан тенглик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ҳамкорлик қилиш, тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этиш тарафдори. Ушбу тамойилларга қатъий риоя этилаётгани туфайли Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланмоқда. Демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш, бозор иқтисодиётини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳам юксак самара бермоқда. Мамлакатингизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик Ўзбекистон халқининг энг катта бойлигидир.

— Суҳбатимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида кечмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқига  тилакларингиз.
— Ўзбекистон халқи давлат мустақиллигининг 23 йиллигини кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Зеро, бу сана — катта байрам ва шу билан бирга, мамлакатингиз тараққиёт йўлининг муҳим босқичидир. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини ушбу байрам билан самимий муборакбод этаман. Мамлакатингизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари изчил ўсишини, меҳнатсевар ва меҳмондўст халқингиз барча соҳаларда улкан ютуқларга эришишини тилайман. Ўзбекистонга фаровонлик, куч-қудрат, бахт-саодат, тинчлик ва хотиржамлик тилайман.

ЎзА мухбири
Ирода УМАРОВА суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn