Инвестициявий муҳитни янада яхшилаш — давр талаби
  • 13 Август 2014

Инвестициявий муҳитни янада яхшилаш — давр талаби

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни янада яхшилашнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда тегишли давлат органлари томонидан сармоядорларга қўшимча енгилликлар бериш, солиқ ва бошқа назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларни соддалаштириш, улар учун ташқи савдо амалиётларини расмийлаштириш бўйича ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этишга доир вазифалар қандай бажарилаётгани муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида инвестициялар иқтисодиётни таркибий ўзгартиришни янада чуқурлаштириш, корхоналар инвестициявий фаолиятини жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга хизмат қилиши айтиб ўтилди. Айни чоғда илғор технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлашга ҳам шарт-шароит яратиши кўрсатиб ўтилди. 

Таъкидланганидек, юртимизда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган, уларга имтиёз ва преференцияларни белгилаб берадиган мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилган. “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар, Президентимизнинг “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш доирасида иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳаларини модернизация қилишга қаратилган қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилаётир. Натижада жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўзлаштирилган инвестиция ҳажми 10,8, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар миқдори 28,8 фоиз ўсди.

Депутатлар мамлакатимизда яратилган қулай инвестициявий муҳитдан фойдаланган ҳолда, корхоналарни техник ва технологик янгилаш, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар жалб қилиш эвазига маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш, бозорни сифатли ва харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш зарурлигини қайд этишди. 

Давра суҳбатида, шунингдек, янги таҳрирдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда жабҳага доир асосий тушунчалар янада аниқлаштирилаяпти, инвестиция жараёнларининг барча иштирокчилари ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини таъминлаш чораларига алоҳида аҳамият берилган.

Тадбирда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Саиджон МАХСУМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn