Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда
  • 13 Август 2014

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 12 август куни Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг Энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, банк-молия, иқтисодиёт, нефть-газ, энергетика, геология каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Г. Саидова Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик савдо, иқтисодиёт, сармоя, энергетика каби кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2014 йилнинг май ойида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммитидаги иштироки ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашуви ўзаро муносабатларни янги мазмун билан бойитиб, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлади.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация руҳида барча соҳаларда ривожланмоқда. Хитой мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. 2011 йилда таъсис этилган Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси савдо-иқтисодий ва сармоявий, энергетика, нефть-газ, транспорт ва илмий-техникавий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бораётир. Жорий йилнинг январь — май ойларида бу кўрсаткич қарийб 2,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида тузилган 482 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда Хитойнинг етмишдан зиёд компанияси ваколатхонаси ишлаб турибди.

Мамлакатимиздаги қулай бизнес муҳити, хорижий сармоядорларнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган афзалликлар ва кафолатлар тизими хитойлик ишбилармонларнинг юртимиз иқтисодиётига қизиқиши ва ишончини оширмоқда.

Хитой ишбилармонлари мамлакатимизда ташкил этилган иқтисодий-индустриал зоналарда фаол иш юритмоқда. Хусусан, “Жиззах” махсус индустриал зонасида Хитой компанияларининг 50 миллион доллардан зиёд миқдордаги тўғридан-тўғри инвестициялари иштирокида ўн бешдан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ёқилғи-энергетика соҳасида ҳам изчил тараққий этмоқда. Марказий Осиё — Хитой газ қувурининг тўртта тармоғи ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтгани нефть-газ соҳасида юксак даражадаги ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликдан далолат беради.

Мамлакатларимиз Ўзбекистон — Хитой газ қувурининг тўртинчи линиясини қуриш ва ишга туширишни стратегик аҳамиятга молик муҳим лойиҳа, деб ҳисоблайди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг 2013 йил сентябрь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга мазкур линия қурилишига оид ҳужжат имзоланди. Бу Марказий Осиёдан ХХРга табиий газ экспорти ва транзитини янада кенгайтириш имконини беради.

Хитой компаниялари юртимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этаётир. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) истиқболли углеводород конларини қидириш ва ишга тушириш, шунингдек, Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишда қатнашмоқда.

Мамлакатимиз Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Хитой Давлат тараққиёт банки энергетика, транспорт, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишлардаги умумий қиймати 3,8 миллиард доллардан зиёд турли лойиҳаларда иштирок этмоқда.

Юртимизда нефть-газ қазиб олиш билан бирга уларни чуқур қайта ишлаш, шу орқали маҳсулотлар турини кўпайтиришга эришилмоқда. Шундай корхоналар барпо этилаётгани самарасида мамлакатимизда илғор технологияларга асосланган нефть ва газ кимёси саноати ривожланаётир. 

Хитойлик ишбилармонлар Ўзбекистондаги иқтисодий барқарорлик халқаро миқёсда улкан эътибор қозонаётганини таъкидлаб, мамлакатимизда амалга ошириладиган йирик лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди.

— Ўзбекистон иқтисодиёт ва энергетика соҳаларида улкан салоҳиятга эга, — деди Хитой Халқ Республикасининг ривожланиш ва ислоҳотлар бўйича давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, энергетика бўйича давлат бошқармаси раиси У Синьсюн. — Мамлакатларимизнинг бу соҳалардаги алоқалари ғоят самарали, ҳар икки томон учун фойдали бўлмоқда. Қуёш ва шамол энергетикаси соҳалари ҳам ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналишларидан. Ушбу қўмита мажлиси биргаликда қатор лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. 

Анжуманда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодиёт, нефть-газ, энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn