«Ўзбекистон қисқа ва узоқ муддатли вазифаларни аниқ-равшан белгилаб олган»
  • 04 Февраль 2014

«Ўзбекистон қисқа ва узоқ муддатли вазифаларни аниқ-равшан белгилаб олган»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси юзасидан Шанхай экспертлар уюшмаси вакиллари ўзларининг қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Циянь Юаньюань,
Шанхай ижтимоий фанлар академияси Миллий иқтисодиёт институти ҳузуридаги Ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни ўрганиш маркази директорининг ўринбосари:
— Ўзбекистон раҳбарининг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси республикада қўлга киритилган муваффақиятлардан фахрланиш ҳамда истиқбол учун комил ишонч туйғуларини уйғотиши билан ҳам эътиборга молик. У ўзбек халқининг фидокорлиги ҳамда меҳнатсеварлиги туфайли мамлакат бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораётганини яққол англаш имконини беради. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган чуқур таркибий ўзгаришларнинг натижасидир.
“Жиззах” махсус индустриал зонасининг ташкил этилгани Хитой ишбилармонларининг эътиборини ўзига тортгани ҳолда, Ўзбекистонга йўналтирилган сармоялар оқимини рағбатлантирди. Ислом Каримов маърузасида қайд этилганидек, 2013 йилда Инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида мамлакатда 13 миллиард АҚШ доллари қийматидаги капитал қўйилмалар ўзлаштирилган ва бу 2012 йилдагига нисбатан 11,3 фоиз кўпдир. Сармоянинг бундай барқарор оқими эса иқтисодиётни модернизациялаш, хорижлик ишбилармонларга қулай инвестиция муҳитини ҳамда ишончли кафолатлар тизимини яратиш бўйича самарали йўл танлаб олинганининг яққол далолатидир.

Ли Синь,
Шанхай халқаро тадқиқотлар академиясининг Россия Федерацияси ва Марказий Осиёни ўрганиш маркази директори:
— Ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиши 8 фоизни ташкил қилгани Ўзбекистоннинг қисқа ва узоқ муддатли вазифаларни аниқ-равшан белгилаб олгани ҳамда келгусида рўй берадиган ўзгаришлар юзасидан устувор йўналишлар тўғри танлаб олинганининг самараси ҳисобланади.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада равнақ топтиришга ишонч билдирилгани ҳам узоқни ўйлаб қабул қилинган қарордир. Ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келаётгани эса бу фикрни яна бир карра тасдиқлайди.
Иқтисодий вазиятларнинг доимий ўзгарувчанлигига ҳозиржавоблик ҳамда янги шарт-шароитларга тезкор мослашишга қодирлик кичик корхоналарнинг муҳим афзаллигидир. Шу маънода, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эгаки, унинг фаолияти ишбилармонлик операцияларини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда хориждан замонавий технологияларни жалб қилишга кўмаклашаяпти.

Лю Цзюньмэй,
Фудан университети Иқтисодиёт институтининг декан ўринбосари:
— Шуниси қувонарлики, Ўзбекистонда Хитойнинг қатор компаниялари қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда қатнашмоқда. Хитой компаниялари иштирокида мобиль телефонлар ишлаб чиқарилаётгани, Деҳқонобод ва Қўнғиротдаги заводларнинг модернизациялаштирилиши билан боғлиқ муҳим далиллар ҳам Президент маърузасида ўз ифодасини топгани хитойлик ишбилармонлар учун кучли рағбатлантирувчи омил саналади.
2013 йилда хитойлик шериклар билан ҳамкорликда транспорт коммуникацияси соҳасида Ўзбекистон учун улкан стратегик аҳамиятга эга “Ангрен — Поп” йўналишида электрлаштирилган янги темир йўлни ҳамда 19 километрлик темир йўл тоннелини қуришни кўзда тутадиган лойиҳа ижроси бошлангани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ воқеликдир. У истиқболда Европа ва Осиё ўртасидаги трансмиллий транспорт йўлагининг муҳим бўғини бўлиб қолиши шубҳасиз.

«Жаҳон» АА.
Шанхай

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn