Миллий қонунчилик ва амалиёт
  • 12 Август 2014

Миллий қонунчилик ва амалиёт

Олий судда Фуқаролик процессуал кодексини такомиллаштириш: процессуал муддатлар ва уларни қўллашдаги муаммоларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд ва Олий суд ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти судлари судьялари, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси ходимлари, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган мустақил давлат институтига айлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Бунда тизимнинг мустаҳкам қонунчилик асоси яратилиб, изчил такомиллаштириб борилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йилларда жиноят, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал қонунчилиги ислоҳ қилиниб, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди.

Айни чоғда фуқаролар биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган ҳолларда, ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини апелляция ва кассация инстанциясида, адвокати ва қонуний вакили иштирокида ҳимоя қилиш имконига эга бўлди. Табиийки, бундай янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни вақтида тузатиш, суд фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

Маълумки, бошқа ҳуқуқ соҳаларида бўлгани каби фуқаролик ҳуқуқида ҳам процессуал муддатлар муҳим ўрин тутади. Бу фуқароларнинг ҳуқуқларини суд йўли билан ҳимоя қилишда риоя этилиши лозим бўлган муддатлар бўлиб, унга амал қилмаслик тарафлар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Шу боис ҳар бир процессуал ҳаракатга доир қатъий муддатлар қонунчилигимизда белгиланган. Аммо уларни бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштиришни ҳаёт тақозо этмоқда. Дарҳақиқат, Фуқаролик процессуал кодексида фуқаролик ишлари бўйича айрим процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг аниқ муддати назарда тутилмаган. Шу билан бирга, белгиланган айрим муддатларни қайта кўриб чиқиш зарурати ҳам мавжуд.

— Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 350-моддасида назорат тартибида суд қарорларини қайта кўриб чиқиш муддати уч йил этиб белгилаб қўйилган, — дейди фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Акром Шукуров. —  Бу амалда айрим суд қарорлари шу муддат тугаши арафасида бекор қилиниши натижасида кейинчалик бу ишлар бир неча йиллар давомида ўз ечимини топмаслигига сабаб бўлмоқда. Шу боис бугунги кунда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, хусусан, фуқаролик ҳуқуқида белгиланган процессуал муддатларни амалиётдан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ҳамда белгиланмаган айрим ҳолатлар учун муддатларни тайин қилиш айни муддаодир. Зеро, бу фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкам ҳимоя қилиш имконини беради. 

Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn