Ўзбекистон тинчлик тарафдори
  • 11 Август 2014

Ўзбекистон тинчлик тарафдори

Инсоният уруш балоси ва тинчлик қадрини шу қадар чуқур идрок этадики, тиллар пайдо бўлган замонлардан буён одамлар бир-бири билан юз кўришганда ҳам, хайрлашаётганда ҳам, аввало, тинчлик тилайди. Салом — тинчлик, хайр — яхшилик, эзгулик, демакдир. Охири бахайр бўлсин, деган гапни ҳам кўп такрорлаймиз. Зеро, энг мудҳиш ёвузлик уруш бўлса, барча ҳаётий неъматларнинг замири тинчликдир.

Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки кунларидан тинчликпарвар ташқи сиёсат юритиб келмоқда. Бу сиёсат, аввало, Президентимиз Ислом Каримов давлат раҳбарлари орасида биринчи бўлиб БМТ минбаридан жаҳон аҳли эътиборини Афғонистонга қаратганида, терроризм ва экстремизмнинг вайронкор хавфи ҳақида огоҳлантирганида намоён бўлди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида хавфсизликка таҳдидлар, уларнинг моҳияти ва туб сабаблари бугунгичалик долзарблик касб этмаган эди. Кейинчалик қатор мамлакатларда юзага келган қалтисликлар, терроризм ва экстремизмнинг халқаро миқёсда фаоллашуви, бошқа таҳдидларнинг майдонга чиқиши Ўзбекистон раҳбариятининг қарашлари қанчалик асосли эканини кўрсатди. Бугун хавфсизлик масаласи ҳар қандай халқаро учрашув, халқаро анжуманнинг асосий мавзуларидан бирига айланган.

Ўзбекистон ҳамиша ҳар қандай муаммони муроса билан, музокаралар орқали ҳал қилиш тарафдори бўлиб келган. Хусусан, Афғонистон муаммосига тўхталадиган бўлсак, Президент Ислом Каримовнинг бу мамлакатдаги вазиятни фақат ҳарбий куч ишлатиш орқали ўнглаб бўлмаслиги тўғрисидаги фикри бугун халқаро майдонда кенг эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун қарама-қарши томонларни муросага келтириш, қатор иқтисодий ва гуманитар масалаларни ҳал қилиш, халқнинг урф-одатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлигини таъкидлаб келади. Халқаро экспертлар бу фикрлар тўғри эканини қайд этади.

Шу боис Ўзбекистон Афғонистон билан муносабатларни икки томонлама асосда ривожлантириш тарафдори эканини баён этиб келади ва амалда бу ғояни ҳаётга татбиқ этмоқда. Афғонистонда бунёд этилган йўллар, кўприклар, бу мамлакатга етказиб берилаётган электр энергияси ана шундай икки томонлама ҳамкорликнинг ёрқин тасдиғидир.

Тинчликпарвар сиёсат турли ҳарбий блокларга қўшилмаслик ғоясида ҳам яққол намоён бўлади. Зеро, моҳиятан қандай асосда тузилган бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай блок қайсидир давлат ё давлатлар гуруҳига қарши қўйилади. Иккинчи жиҳати эса ҳарбий блок муайян даражада мамлакат мустақиллигига дахл қилади. Чунки бошқа давлатлар қаторида ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш мажбуриятини юклайди. Ўзбекистон ҳарбийлари мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, суверенитетини ҳимоя қилади, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлайди. Бу мақсадлар блоклар доирасидаги вазифалардан кескин фарқ қилиши эса барчага аён.

Уруш ҳаммага жуда оғир солиқ солади, бу солиқни эркак қон билан, аёл кўз ёши билан тўлайди, дейдилар. Бир оила бошига тушган мусибатнинг ўзи қанчалар аянчли. Шу нуқтаи назардан қараганда, бутун мамлакатнинг мусибати нечоғли катта фожиа бўлишини тасаввур қилиш ҳам мушкул. Бугун Сурия, Ироқ ёки Ливияда, МДҲ маконидаги айрим минтақаларда оддий одамлар қандай даҳшатли ўй-хаёллар, қандай оғир ташвишлар билан ҳаёт кечираётганини эшитган-кўрган ҳар қандай одам боши узра мусаффо осмонни кўриб шукрона айтади.

Тинчлик — ғоят кенг тушунча. Мамлакатда ички барқарорликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсатининг алоҳида йўналишидир. Биз шаҳар ё қишлоқ, ёруғ ёки қоронғи бўлишидан қатъи назар, хавотир ва ҳадиксиз истаган жойимизга борамиз, фарзандларимизни ўқишга, тўгаракларга кузатамиз ва кутиб оламиз. Эртамиз ҳақида ўйлаганда тушкунликка тушмаймиз. Яна неча мамлакатга шундай таъриф бериш мумкин?!

Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки каби йирик халқаро молия муассасалари Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши саккиз фоиздан кам бўлмай келаётганини эътироф этади. Бугунги тараққиёт, бунёдкорлик, фаровонликнинг бош омили ҳам мана шу тинч-осуда ҳаётдир. Айтайлик, сармоядор нотинч ўлка иқтисодиётига пул тикадими? Ёки бирор мамлакатда бузғунчи сиёсат юритаётган давлат билан савдо қилишга иштиёқ бўладими? Жавоб аниқ — йўқ!

Инсонларни муҳаббат, дўстлик, тотувлик бирлаштиради. Айни пайтда офатга қарши нафрат ҳам одамларни яқинлаштиради. Бугун Ўзбекистон аҳли ўзаро дўстлик, тотувлик билан бир қаторда, урушга нафрат, тинчликка муҳаббат билан жипсдир, дейиш учун асослар етарли.

 

Анвар БОБОЕВ,

ЎзА шарҳловчиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn