Устувор вазифалар ижроси кўриб чиқилди
  • 05 Август 2014

Устувор вазифалар ижроси кўриб чиқилди

Пойтахтимизда жорий йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳридаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат сарҳисоби ҳамда галдаги устувор вазифаларга бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Тошкент шаҳрида ялпи ҳудудий маҳсулот 8,3 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 14,9 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 62,3, хизматларнинг ҳиссаси эса 56,9 фоизни ташкил этди. Шунга мос равишда зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли 45 та корхонада амалга оширилган соғломлаштириш чора-тадбирлари натижасида улардан 32 таси ярим йилликни фойда билан якунлади.
2014 — 2016 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан, ҳисобот даврида 1022 та лойиҳани рўёбга чиқариш белгиланган, амалда эса 1227 та объект фойдаланишга топширилди ва натижада 6602 та иш ўрни яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди.
Иқтисодиётда таркибий ўзгартиришлар ва диверсификациялашни янада чуқурлаштириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни  ривожлантириш, мавжуд қувватларни модернизациялаш ҳамда технологик янгилаш, саноат кооперацияси асосида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига шаҳар иқтисодиёти рақобатбардошлилигини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Айни чоғда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бугунги кун талаблари даражасида ривожлантириш, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини янада ошириш, бу борада юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида кўзда тутилган имтиёзли кредитлар бериш йўли билан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган маҳаллий уй-рўзғор буюмларини сотиб олиши учун аҳолига истеъмол кредитлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ҳудудда ижтимоий-маданий ривожланиш ва соғлом авлодни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ижроси устидан назоратни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларини мунтазам равишда жалб қилиш тавсия этилди.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов иштирок этди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn