ҲАМКОРЛИК ИЗЧИЛ РИВОЖЛАНМОҚДА
  • 01 Август 2014

ҲАМКОРЛИК ИЗЧИЛ РИВОЖЛАНМОҚДА

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 31 июль куни Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркманистон қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо-саноат, сармоя, энергетика, нефть-газ, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, автомобилсозлик, темир йўл, божхона, маданият ва спорт каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ҳамда компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, комиссия ҳамраиси Элёр ўаниев Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил октябрь ойида Туркманистонга расмий ташрифи ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2013 йилнинг ноябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи якунлари ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон алоқалари 2007 йилда имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома руҳида изчил тараққий этмоқда.
Давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада имзоланган 150 дан ортиқ ҳужжат ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олган.
Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бораётир. Бу борадаги кўрсаткич 2013 йилда қарийб 355 миллион АҚШ долларини, жорий йилнинг биринчи ярмида 145 миллион долларни ташкил этди.
Ўзбекистондан Туркманистонга минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, полиз маҳсулотлари, электр ва механик ускуналар, транспорт воситалари, қора ва рангли металлардан ишланган буюмлар экспорт қилинади, турли соҳаларда хизмат кўрсатилади. Туркманистондан юртимизга пропилен полимерлари, сульфат кислота ва бошқа товарлар келтирилади.
Тадбирда икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигида транспорт коммуникациялари муҳим аҳамият касб этиши, бу соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди. Ўзбекистон ва Туркманистоннинг автомобиль ҳамда темир йўллари яхши интеграциялашган тизим бўлиб, нафақат икки мамлакат, балки бошқа учинчи давлатлар учун ҳам қулай транзит мажмуи вазифасини ўтамоқда. Мамлакатларимиз халқаро миқёсдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида катта тажрибага эга. 2009 йилнинг декабрь ойида ишга тушган Туркманистон — Ўзбекистон — Қозоғистон — Хитой газ қувури бунинг ёрқин тасдиғидир.
Ўзбекистон ва Туркманистон илм-фан соҳасида ҳам қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Генетика ва экспериментал биология институти вакиллари туркманистонлик ҳамкасблари билан Туркманистон шароитига мос келадиган уруғлик чигит ва дон навларини яратиш борасида ҳамкорлик қилмоқда. Илм-фан вакиллари нефть кимёси соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорликда изланишлар олиб бормоқда.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Икки мамлакатнинг маданият ва санъат намояндалари Ўзбекистонда ва Туркманистонда ўтказиладиган турли фестиваль ва кўриклар, кўргазма ва форумларда фаол иштирок этмоқда.
Мажлисда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, бу мамлакатларимиз тараққиётига хизмат қилаётгани қайд этилди. Туркманистонлик ишбилармонларга “Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” иқтисодий зоналаридаги имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
— Ўзбекистон Туркманистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидандир, — деди Туркманистон савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири, комиссия ҳамраиси Баяр Абаев. — Ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ҳамкорлигимиз барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради. Ўзбекистон — Туркманистон қўшма комиссияси мажлислари ўзаро савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий алоқаларни янада ривожлантиришга, ҳамкорликнинг янги имкониятларини кашф этиш ва бизнес борасида тажриба алмашишга хизмат қилмоқда. 
Қўшма комиссия иштирокчилари Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро савдо ва сармоя ҳажмини ошириш, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг қўшни мамлакат бозоридаги ўрнини янада кенгайтириш учун барча имкониятларга эга эканини таъкидлади. Бундай тадбирларни ташкил этиш орқали турли соҳаларда иш юритувчи ишбилармон ва мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлигини бундан-да мустаҳкамлаш ана шу мақсадга хизмат қилиши қайд этилди.
Анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналар, фирма ва компаниялар ваколатхоналари сонини кўпайтиришга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Энергетика, нефть-газ, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.


Нодира МАНЗУРОВА,
ЎзА мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn