Ҳакамлик судлари ва халқаро тажриба
  • 01 Август 2014

Ҳакамлик судлари ва халқаро тажриба

Пойтахтимизда Ҳакамлик судлари ассоциацияси томонидан Германия Федератив Республикасининг Фридрих Эберт номидаги халқаро фонди билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида низоларни ҳакамлик судларида ҳал қилишнинг ўрни ва аҳамияти: миллий амалиёт ва халқаро тажриба” мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Унда германиялик эксперт ва судьялар, парламентимиз аъзолари, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари, ҳакамлик судлари судьялари, ҳуқуқшунос олимлар, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимиз ҳаётининг турли жабҳаларида, шу жумладан, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳаларда туб ўзгаришлар амалга оширилиб, улкан ютуқлар қўлга киритилди. Буни суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари мисолида яққол кўриш мумкин. Хусусан, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданияти ошиб бориши билан низоларни давлат судларидан ташқари, бутун дунёда суд институти сифатида тан олинган арбитраж тартибида ҳал этиш тизими йўлга қўйилди. Бу борада Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ҳамда шу ҳужжат асосида қабул қилинган “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси тизимида 155 та ҳакамлик суди ва битта халқаро тижорат арбитраж суди самарали фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2010 йилда жами 16,6 миллиард сўмлик 2100 та даъво аризаси кўриб чиқилган бўлса, ўтган йилда 97,5 миллиард сўмликдан ортиқ 6652 та даъво аризаси кўрилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса 198,2 миллиард сўмлик 3520 та ариза ҳал қилинган.
Тизим фаолияти салмоқли бўлишида фуқаролар ва юридик шахсларга консалтинг ҳамда медиация хизматлари кўрсатиш мақсадида 2010 йил 9 июлда ташкил этилган “Консалтинг ва медиация” шўъба корхонасининг ҳам алоҳида ўрни бор. Зеро, мазкур корхона мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги хўжалик юритувчи субъектларга, жисмоний шахсларга малакали консалтинг хизматлари кўрсатиб, низоларни музокаралар йўли билан ҳал этиш учун шароит яратиб бермоқда. 
Илмий-амалий семинарда Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси ҳамда хориждаги турли йирик ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлик алоқалари ва бунинг самаралари хусусида ҳам сўз юритилди. Ҳозирги пайтда бир қатор давлатларнинг арбитраж судлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланган. Айни чоғда эса Финляндия, Швеция ва Германия давлатлари арбитраж институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
— Ўзбекистон ва Германия суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва узвийлиги билан бир-бирига ўхшаб кетар экан, — дейди Германия Федератив Республикаси Саксония Федерал ерининг Олий маъмурий суди раиси ўринбосари, доктор Вульф Фридрих Рёвер. — Гап шундаки, бизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бошланганига кўп йиллар бўлди, шунга қарамай, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ўзбекистонда ҳам шунинг гувоҳи бўлдим. Юртингизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадал олиб борилаётган экан.
Илмий-амалий семинарда ҳакамлик судлари судьялари, ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ҳакамлик муҳокамасини тарғиб қилиш, хорижий давлатларнинг бу соҳадаги тажрибаси ҳамда бошқа бир қатор масалалар таҳлил қилиниб, шулар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn