Натижалар таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди
  • 31 Июль 2014

Натижалар таҳлил қилинди, вазифалар белгиланди

Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли иқтисодиётнинг барқарор ўсишига эришилгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10,3, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 15,8, истеъмол товарлари 14,1, қурилиш ишлари 11,4, хизмат кўрсатиш 22,9, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 6,5, савдо ва умумий овқатланиш соҳаси 14,6 фоиз ўсди.
Зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўналишида бажарилган ишлар бу борада муҳим омил бўлди. Хусусан, “Туямўйин — Нукус”, “Коммунал иссиқлик маркази”, “Тахиатош ИЭС”, “Шимолгазтаъминот” ҳамда Кегейли ва Тўрткўл туманлари йўл корхоналарининг қарздорлиги тўлиқ бартараф этилиб, ҳисобот даврини улар фойда билан якунлади.
Айни чоғда ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, иқтисодиётга хориж инвестицияларини кенг жалб этиш бўйича мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Мажлисда тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилиш, уларга кредит маблағлари ажратишни янада кенгайтириш, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлашда мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини ошириш каби долзарб масалалар бўйича ҳам сўз юритилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов иштирок этди.
* * *
Қашқадарёда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 8,1 фоиз ўсганлиги қайд этилди. Саноатни янада ривожлантириш, тармоқлар рақобатбардошлигини ошириш борасидаги чора-тадбирлар туфайли соҳадаги корхоналар сони ортиб, маҳсулот тайёрлаш ҳажми ошди. Ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 65,5 миллиард сўмга ортди.
Ҳисобот даврида вилоятдаги саноат корхоналари томонидан  2 триллион 908,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва бу йўналишда 8 фоиз ўсиш таъминланди. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 5,7, пудрат ишлари 11,7, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1, жами хизматлар 16,9, чакана товар айланмаси ҳажми эса 14,7 фоиз ортди.
Юртимизда инвестиция сиёсати фаол амалга оширилишини, замонавий объектлар ва қувватларнинг ишга туширилишини жадаллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида шу даврда барча манбалар ҳисобидан 1 триллион 749,9 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.
Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш дастурларига асосан, аҳоли маблағлари ва банк кредитлари ҳисобидан 357 та чорвачилик, 104 та  паррандачилик, 84 та асаларичилик ва 54 та балиқчилик субъектлари ташкил қилинди.
Йиғилишда, шунингдек, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Фаоллар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ў. Ибрагимов сўзга чиқди.

Сурхондарё вилояти фаоллар йиғилишида таъкидланганидек, ҳисобот даврида иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот 108,6 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 107,4, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 107,5, қурилиш ишлари ҳажми 107,5, чакана савдо айланмаси 117 фоизни ташкил этди. Янги корхоналарни ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, экспортга йўналтириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлди. Натижада 637,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ҳисобот даврида воҳада 753 та кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, енгил саноат, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Ҳозирги пайтда вилоятда 10887 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти бўлиб, уларда воҳаликларнинг 79,6 фоизи меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, бу соҳада ярим йиллик давомида 18894 та иш ўрни ташкил этилди.
Иштирокчилар зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш ва бошқа қатор долзарб масалаларни ҳам батафсил муҳокама қилишди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ў. Ибрагимов иштирок этди.

 


А. МУҲАММАДИЕВ,
Ҳ. АҲМЕДОВ,
Н. ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn