Сайлов қонунчилиги пухта ўрганилмоқда
  • 31 Июль 2014

Сайлов қонунчилиги пухта ўрганилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан марказий ҳамда ҳудудий газеталар вакиллари иштирокида ўқув курслари ташкил этилди.

Журналистларнинг сайлов қонунчилиги ҳақидаги билимларини янада оширишга қаратилган мазкур семинарлар Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича қабул қилинган тегишли дастур доирасида ўтказилмоқда. Дастурда сайловнинг барча босқичларида ошкоралик, очиқликни таъминлаш, миллий сайлов тизимига оид қонунчиликни янада демократлаштиришнинг аҳамияти, мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтиришга оид чора-тадбирлар назарда тутилган.
Таъкидланганидек, масс-медиа демократик сайловларни ўтказишнинг муҳим таркибий қисмидир. Зеро, эркин ва адолатли сайловлар фуқароларнинг нафақат овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишига, балки сайлов жараёнларининг бориши, уларда қатнашаётган сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар ҳақида ахборот олишини ҳам кафолатлайди. Шуни қайд этиш керакки, мамлакатимизда бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий база яратилган. Жумладан, қатор қонунларда ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш механизмлари мустаҳкамланган. Бу эса сайловларни ўтказишда қонунийликка риоя этилишининг асосий шартларидан биридир.
Иштирокчилар ўқув курслари давомида сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг ҳуқуқий кафолатларини чуқур ўрганишди, сайловга оид қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан янада муфассал таништирилди. Жумладан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, сайлов қонунчилиги сайлов эркинлиги тамойилини янада тўлиқ амалга ошириш, мамлакатимиз сайлов тизимини бундан-да демократлаштириш, депутатликка номзодлар, сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлаш самарадорлигини кучайтириш йўналишида янада маромига етказилгани кўрсатиб ўтилди.
Тадбирда, хусусан,  яқинда Конституциямизнинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганига алоҳида эътибор қаратилди. Унга биноан, Марказий сайлов комиссияси фаолиятига доир конституциявий нормалар янада такомиллаштирилди. Буларнинг барчаси давлат ҳокимияти бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, шу асосда сайловлар очиқлиги, ошкоралиги, қонунийлиги, демократик тамойилларга мувофиқ ўтишини ҳар томонлама таъминлашда энг асосий кафолатдир.
Ўқув курслари давомида Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари, жамиятни демократлаштириш масалалари бўйича партиялар позицияларини ёритишда ОАВ ролини кучайтириш, фуқароларнинг сайловлар ҳақида тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашда оммавий ахборот воситалари вазифалари, журналист-сиёсий шарҳловчи фаолиятининг ўзига хосликлари, сайловолди ташвиқоти замонавий технологиялари, сайловолди кампанияси даврида қўлланиладиган иш шакллари ва методлари, PR-технологиялар, кузатувчилар институти, сайловни ёритишда халқаро тажриба, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш каби мавзулар таҳлил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети олимлари, Ўзбекистон Миллий университети Олий журналистика курслари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари, Марказий сайлов комиссияси вакиллари томонидан мазкур йўналишларда қизиқарли тақдимотлар қилинди.  
Қолаверса, тадбир доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида, ЎзЛиДеП, ЎзХДП, “Миллий тикланиш” ДП, “Адолат” СДП, Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий аппаратида учрашувлар бўлиб ўтди. Шу асосда иштирокчилар сиёсий партиялар ва уларнинг қуйи палатадаги фракцияларининг ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга ошираётган ишлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.

 


С. МАХСУМОВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn