Девиндер Кумар Шарма: Ўзбекистон тинчликсевар ташқи сиёсати ва юксак тараққиёти билан дунё эътиборини тортмоқда
  • 30 Июль 2014

Девиндер Кумар Шарма: Ўзбекистон тинчликсевар ташқи сиёсати ва юксак тараққиёти билан дунё эътиборини тортмоқда

Ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. Буюк Ипак йўли алоқалари, Шарқ маданияти ва адабиёти, Бобур ва бобурийлар мероси халқларимизни узвий боғлаб туради.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги қадимий ришталар янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч ва тенглик, манфаатдорлик руҳида изчил ривожланмоқда.
— Ҳиндистон жадал тараққий этаётган Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлайди. Икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувлари ўзаро алоқалар ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг май ойидаги Ҳиндистонга давлат ташрифи асносида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди.Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Муваққат ишлари вакили Девиндер Кумар ШАРМА ЎзА мухбири билан суҳбатда шулар ҳақидаги фикрларини баён этди.
2013 йилнинг май ойида Ҳиндистон Республикаси вице-президенти Ҳамид Ансорийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ўзаро алоқаларга янги суръат бағишлади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ахборот технологиялари, тоғ-кон саноати, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинмоқда.
Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сармояларни ҳимоялаш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олишга оид битимлар имзоланган, ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Ўзбекистонда хорижий сармоядорларнинг иш юритиши учун яратилган сармоявий муҳит, улкан имтиёз ва имкониятларга ҳиндистонлик ишбилармонларнинг қизиқиши катта. Мамлакатингизда ҳинд сармоядорлари иштирокида тузилган кўплаб қўшма корхоналар муваффақиятли фаолият кўрсатаётир. Йирик иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши юртингиз иқтисодий тараққиётида муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳудудлар салоҳиятли хорижий сармоядорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ишбилармонларимиз ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг халқаро ҳамда минтақавий масалаларга оид қарашлари ўхшаш ва яқин. Мамлакатларимиз терроризмга қатъий қарши туриб, минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга ўзининг фаол ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ўзбекистон тинчликсевар ташқи сиёсати ва юксак тараққиёти билан дунё эътиборини тортмоқда. Президент Ислом Каримовнинг турли минтақаларда юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш борасидаги ёндашувлари, амалий саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор.
Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни диверсификация қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилаётган улкан эътибор Ўзбекистоннинг юксак суръатларда тараққий этишига хизмат қилаётир. Ўзбекистон тарихан қисқа даврда, асосан, пахта хом ашёси етказиб беришга мослашган республикадан замонавий саноат тармоғи ривожланган, жадал тараққий этаётган давлатга айланди. Буни сўнгги йилларда мамлакатингизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани яққол тасдиқлаб турибди.
Бугунги мураккаб иқтисодий вазиятда бу катта натижа эканини алоҳида эътироф этишни истардим. Бу Ўзбекистон танлаган ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли — “ўзбек модели” самарасидир. Ушбу машҳур модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлида Ўзбекистон тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.
Мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда.
Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида ахборот технологиялари соҳасида қатор қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда ва муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, мамлакатларимизнинг бу борадаги фаол ҳамкорлиги катта самара беради. Ахборот технологиялари жабҳасини жадал ривожлантиришнинг энг муҳим талаби етук, малакали кадрларга эга бўлишдир. Зеро, Ўзбекистон юксак маънавиятли ва иқтидорли ёшлар мамлакати. Ҳиндистоннинг мазкур йўналишда фаолият юритадиган бир нечта компаниялари Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйишга катта қизиқиш билдирмоқда.
Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда ўтказиладиган, ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан жаҳонга довруқ таратган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ҳиндистонлик созанда ва хонандаларнинг иштироки яхши анъанага айлангани мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликка ёрқин мисол бўла олади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар халқ фаровонлигини янада юксалтиришга ва ёшларнинг изланишларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан эътиборга молик. Аҳолининг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этувчи ёшлар келгусида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кучига айланиши шубҳасиз.
Президент Ислом Каримов юритаётган оқилона сиёсатнинг самаралари келгусида янада юксак бўлишига ишонаман. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан чин юракдан муборакбод этаман. Мамлакатингиздаги юксак тараққиёт ва мустаҳкам барқарорлик бардавом бўлсин, халқингизга ҳамиша улкан зафарлар ёр бўлсин.


Ирода УМАРОВА
ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn