Натижалар таҳлил қилинди
  • 30 Июль 2014

Натижалар таҳлил қилинди

Адлия вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда адлия органлари ва муассасалари томонидан 2014 йилнинг биринчи ярмида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасида амалга оширилган ишлар, Фарғона ва Наманган вилоятлари адлия бошқармалари фаолиятини ўрганиш натижалари ҳамда галдаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида вазирлик томонидан 55 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, қонунчиликни такомиллаштириш ва айрим соҳаларга оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган 11 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, 2023 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 1258 та қарори лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Тадбиркорлик субъектлари, инсон ҳуқуқлари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай шароит яратиш бўйича қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти ўрганилиб, уларни такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар тайёрланди. Хусусан, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга оид чора-тадбирларни белгилаш, айрим рухсат бериш тартибларини бекор қилиш, уни расмийлаштириш муддатлари ва улар бўйича йиғимлар миқдорини қисқартиришни норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда адлия тизими ходимлари фаол иштирок этишди.
Ҳисобот даврида адлия органлари томонидан судларга киритилган даъво аризаларининг қарийб 47 миллиард сўмлиги қаноатлантирилди. Айни чоғда қишлоқ хўжалиги ҳосили учун тайёрловчи, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан 500 мингга яқин шартномалар тузилишида ташкилий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини ошириш, Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасини бугунги кун талаби даражасида такомиллаштириш, уни доимий ҳолда янгилаб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги пайтда “Lex.uz” миллий тизимида 31 мингдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилгани ана шундан далолатдир.
Тадбирда ҳисобот даврида йўл қўйилган айрим камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилиб, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Ҳайъат мажлисида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Адлия вазирлиги
Ахборот хизмати

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn