Корд Майер-Клодт: «Ўзбекистонни кўришга бўлган азалий орзуим ҳақиқатга айланди»
  • 29 Июль 2014

Корд Майер-Клодт: «Ўзбекистонни кўришга бўлган азалий орзуим ҳақиқатга айланди»

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича вакили Корд Майер-Клодт билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувдан сўнг “Жаҳон” АА мухбири германиялик дипломат билан суҳбатлашди.

— Аввало, ГФР ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш учун бу ерда эканлигимдан мамнуният билдиришни истар эдим, — деди у. — Бу мамлакатингизга амалга оширган биринчи ташрифимдир. Юртингизни кўришга бўлган азалий орзуим бугун ҳақиқатга айланди.
Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиёдаги сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги энг муҳим шериги саналади. Биз икки томонлама муносабатларнинг юқори даражасига эришдик, аммо мамлакатларимиз уларни янада ривожлантириш учун жуда катта салоҳиятга эга. Ташрифимдан кўзланган мақсадлардан бири ҳам бу борадаги таклифларимни билдиришдир.
Маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Ёш авлод дунёда бугун кечаётган ва келажакда содир бўлиши мумкин бўлган воқеалар жараёнини англаши зарур. Шунинг учун биз немис тилини ўқитиш доирасида ва умуман ушбу йўналишдаги ҳамкорлик бўйича ёрдам кўрсатиш учун барча саъй-ҳаракатни амалга оширишга тайёрмиз. Бугун Ўзбекистонда 400 мингдан зиёд киши немис тилини ўрганади ва мазкур тилда сўзлашиши бизга мамнуният бағишлайди. “Инглиз тилини ҳамма билиши керак, аммо немис тили бирон нарсага эришишни истаганлар учун муҳимдир”, деб бежиз айтишмайди.
Хавфсизлик соҳаси ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. 12 йилдан буён давом этиб келаётган узоқ муддатли ва ишончли ҳамкорлик учун ўзбекистонлик шерикларимизга миннатдорлик билдирамиз. Биз бундай алоқаларни келажакда ҳам давом эттириш ниятидамиз. Икки томонлама муносабатлар доирасида бу жабҳани кенгайтиришимиз зарур, деб ҳисоблаймиз. Барчамиз кўриб турганимиздек, дунё соддалашиб бораётгани йўқ, муаммолар эса камаймаяпти. Ҳозирги вақтда жаҳоннинг кўпгина давлатларида инқирозлар кузатилмоқда. Бу нафақат Европа, балки бошқа минтақаларга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Шу сабабли Марказий Осиёда ишончли ва синовдан ўтган шерикларга эга бўлиш биз учун муҳим аҳамият касб этади.
Сўзимнинг якунида Ўзбекистон халқини мамлакат мустақиллигининг яқинлашиб келаётган 23 йиллик байрами муносабати билан қутлар эканман, сизларга тинчлик, бахт-саодат, фаровонлик ва омад тилайман.


«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn