Олий суд Раёсати йиғилиши
  • 29 Июль 2014

Олий суд Раёсати йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Олий судида умумий юрисдикция судларининг 2014 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий суд судьялари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ҳамда уларга тенглаштирилган судлар раислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, республикамизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда. Буни суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг нуфузини ошириш, судьяларнинг билим ва малакасини кучайтириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар мисолида кўриш мумкин.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2012 йилда қабул қилинган фармонлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, шу ҳужжатлар асосида судьялар ва суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларнинг малакасини ошириш ва судлар моддий-техник базасини бугунги кун талаби даражасида такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2013 йил 4 октябрдаги “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан эса қўшимча равишда фуқаролик ишлари бўйича 12 туманлараро (туман) судлари тузилиб, судларнинг янгиланган тузилмаси (юрисдикция ҳудуди) тасдиқланди. Уларни кадрлар билан таъминлаш ҳамда иш ҳажми кўп бўлган амалдаги туманлараро (туман) судларнинг таркибини кўпайтириш учун судьялар сони 71 нафарга кўпайтирилди.
Фармонга мувофиқ, Олий суд тузилмасида Судлар ташкилий фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилганлигини ҳам айтиш зарур. Ушбу тузилма судьялар мустақиллиги ҳамда судларнинг ижро интизоми билан боғлиқ ишларини тизимли назорат қилмоқда.
Раёсат йиғилишида суд-ҳуқуқ тизимига замонавий АКТни кенг татбиқ этиш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, махсус дастур асосида судларда компьютерлаштириш даражаси ва компьютер техникасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, судлар ахборот тизими ҳамда ресурсларини яратиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерфаол хизматлар кўламини кенгайтириш, ривожланган давлатларда кенг қўлланиб келинаётган электрон суд иш юритуви тизимини шакллантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Олий суд томонидан “Е-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими ишлаб чиқилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида муваффақиятли синовдан ўтказилмоқда. Айтиш лозимки, жорий йил биринчи ярмида шу тизим орқали 14 мингга яқин суд буйруғи бериш тўғрисида аризалар электрон шаклда келиб тушган ва судда шу тарзда кўриб чиқилган. Айни чоғда “Е-SUD” электрон судлов ахборот тизимининг даъво ва шикоят тартибида иш кўришга мўлжалланган қисмлари синовдан ўтказилиш арафасида. Йил якунигача бу тизимнинг апелляция, кассация ва назорат тартибида ишларни қайта кўришга мўлжалланган қисмларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Тадбирда судлар томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 106 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилган. Шунингдек, 470 мингдан зиёд суд буйруғи чиқарилган. Суд буйруғи чиқарилган аризалар бўйича 426 миллиард сўмдан зиёд маблағни ундириш белгиланган. Айни чоғда 92 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 1300 нафардан зиёд шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Ярашув институти самарали қўлланиши натижасида эса 5200 нафардан ортиқ шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Шунингдек, ҳисобот даврида Олий суд томонидан умумий юрисдикция судларини қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси амалиётга самарали татбиқ этилаётгани алоҳида айтиб ўтилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда судлар томонидан йўл қўйилган айрим камчиликлар ва суднинг обрўсига путур етказадиган қонунбузилиш ҳолатлари таҳлил қилиниб, судья ва суд ходимларининг масъулиятини, касб маҳорати ҳамда малакасини янада ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn