Муҳим вазифалар белгилаб олинди
  • 21 Июль 2014

Муҳим вазифалар белгилаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари, тизим таркибига кирувчи таълим муассасалари ҳамда марказлар раҳбарлари иштирок этган мазкур йиғилишда солиқ органларининг жорий йил олти ойлик фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидландики, Президентимизнинг 2013 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори доирасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида давлат бюджетига белгиланган прогноз 100,2 фоиз бажарилиб, ўтган 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 115,1 фоиз ўсишга эришилди. Шунингдек, бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармалари бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари ҳам тўлиқ бажарилди.
Мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар самарадорлиги Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари мисолида танқидий муҳокама қилиниб, III чоракни муваффақиятли якунлаш борасида чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 15 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, хўжалик юритувчи субъектлар, юридик ва жисмоний шахслар фаолиятини рағбатлантириш бўйича қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш борасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган ишларнинг натижалари муҳокама қилиниб, ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари ҳамда Солиқ кодексига кўра берилган солиқ имтиёзларидан узоқ муддат фойдаланаётган юридик шахслар ихтиёрида қолдирилган маблағлар ҳисобига солиқ солиш базасининг кенгайиши ҳамда солиқ тушумларининг таҳлили тўғрисидаги масала юзасидан Тошкент, Хоразм вилоятларида амалга оширилган ишларга танқидий баҳо берилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чоралари хусусида вазифалар белгиланди.
Йиғилишда солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузилишларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги комплекс чора-тадбирларнинг натижалари, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида етарли эмас, деб баҳоланди.
Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ ҳисоботлари тўлиқ электрон кўринишда тақдим этилишини таъминлаш, корхоналарнинг раҳбарлари, бухгалтерларининг бу борадаги билим ва кўникмаларини шакллантириш, уларга ҳисоботларини электрон кўринишда топширишда амалий ёрдам кўрсатиш учун жойларда ташкил этилган 548 та Ахборот-ресурс марказида самарадорликни ошириш бўйича ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Мазкур йўналишдаги ишларни ҳам янги  босқичга кўтариш борасида аниқ топшириқлар берилди.
Тадбирда марказий аппарат таркибий тузилмалари ва ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларининг 3 нафари фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 23 нафарига нисбатан эса тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Йиғилиш сўнгида давлат солиқ хизмати органлари зиммасига юклатилган долзарб вазифаларни сифатли бажариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Давлат солиқ қўмитаси
Ахборот хизмати.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn