Хотин-қизлар манфаати — доимий эътиборда
  • 21 Июль 2014

Хотин-қизлар манфаати — доимий эътиборда

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қўмитанинг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти, “Соғлом бола йили” Давлат дастури, мазкур жамоат ташкилотининг ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова бошқарган йиғилишда парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш, оилавий спортни ривожлантириш масалаларига давлат сиёсати даражасида этътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, аёлларни иш билан таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежларини битираётган қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллигини ошириш борасидаги ишлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Албатта, бунда давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Ҳисобот даврида хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимли равишда олиб борилаётгани қайд этилди. Чунончи, жорий йилнинг олти ойи давомида хотин-қизлар учун 228 минг 800 дан ортиқ  иш ўрни яратилди. Уларнинг  аксарияти янги ишлаб чиқариш иншоотларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни кенгайтириш ва қувватини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларини  ривожлантириш ҳамда уй меҳнатининг барча шаклларини ташкил қилиш ҳисобидан яратилгани эътиборга молик.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, “Микрокредитбанк” очиқ акциядорлик тижорат банки, Банклар ассоциацияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва коллеж битирувчиларида тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш, уларнинг иқтисодий билимини ошириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш мақсадида туркум семинарлар ўтказилди.
Касб-ҳунар коллежларини бу йил тамомлаган ёшларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда, айни вақтда уларнинг бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш, пировардида оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Ўрта махсус таълим даргоҳларида жамоатчилик ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган махсус штаблар қизларни иш билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Ўз навбатида, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизларга жорий йилнинг январь — июнь ойларида республика тижорат банклари томонидан барча молиялаш манбалари ҳисобидан 521,4 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилди.
Қўмитанинг қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳалари чекка ҳудудлардаги аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида лойиҳа доирасида 160 нафардан зиёд қишлоқ аёллари билан суҳбат ва учрашувлар ўтказилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг сир-асрорлари ўргатилди. Натижада 71 нафар аёлнинг бизнес-режаси тасдиқланиб, уларга имтиёзли кредит ажратилди. 
Ҳисобот даврида яна бир муҳим масала — аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар соғлиғини асраш, уларни ихтисослаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш юзасидан белгиланган вазифалар ижроси қизғин муҳокама қилинди. Бу борада олиб борилаётган ишлар самараси қизларни эрта турмушга узатиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, гўдакларнинг турли нуқсонлар билан туғилишининг камайишида қўл келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида турли ҳудудлардаги 5 миллион 772 мингдан ортиқ аёл ва салкам 6 миллион бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Қизларни спортга жалб этиш, оилавий спортни ривожлантириш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар туфайли жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланаётган хотин-қизлар сафи ҳам кенгаймоқда. 
Бироқ олиб борилган таҳлиллар бу йўналишда янада самарали фаолият юритиш лозимлигини тақозо этади. Яъни қўмита фаоллари, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда олиб борилаётган “Жиноятчилик профилактикаси”, “Саломатлик”, “Таълим-тарбия”, “Бандлик”, “Оилаларга кириш” каби бешта сектор ишини янада жонлантириш, бунда жамоатчилик вакилларини кенг жалб этиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тўйларни ихчам ўтказиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, оила, никоҳ муносабатларини тартибга солиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, фарзандни соғлом ва баркамол вояга етказишда ота-оналар масъулиятини кучайтириш, бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда хотин-қизлар қўмитаси тузилмаларининг ишини самарали ташкил этиш юзасидан қизғин фикр алмашилди, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.


Зиёда АШУРОВА.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn