Олий хўжалик суди Раёсат йиғилиши
  • 21 Июль 2014

Олий хўжалик суди Раёсат йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кенгайтирилган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда хўжалик судларининг 2014 йил биринчи ярмидаги фаолияти якунлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шуларга мос равишда иқтисодиёт тармоқлари ва кундалик ҳаётимизга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ қилинаётир. Хўжалик судларининг ушбу даврдаги фаолиятида бевосита шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, муайян ютуқлар қўлга киритилди.
Ярим йиллик якунига кўра, хўжалик судларига келиб тушган 121 мингдан ортиқ ариза ва даъво аризалари кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, жумладан, фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 13 мингдан зиёд иш кўрилиб, улар фойдасига 128,9 миллиард сўмлик маблағни ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган. Тадбиркорларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида эса 35 мингдан ортиқ хўжалик ишлари бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Шунингдек, бу даврда хўжалик судларига келиб тушган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ҳақидаги аризаларнинг 189 тасини текшириш чоғида аниқланган камчиликлар бартараф қилинди. Яъни бундай аризалардаги важлар ўз тасдиғини топмагани, назорат қилувчи органлар томонидан текшириш тартиб-қоидалари бузилгани ва бошқа сабаблар асосида даъволар рад этилиб, тадбиркорлар қонуний манфаатлари суд йўли билан ҳимоя қилинди.
Тадбирда хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари татбиқ этилишининг бориши ҳам батафсил муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, Олий хўжалик судининг расмий веб-сайтида даъво ариза ва илтимосномаларни электрон қабул қилиш ҳамда суд ҳужжатлари, бошқа хат-хабарларни ишда иштирок этувчи шахсларга электрон версияда юбориш тизимининг йўлга қўйилгани амалда ўз самарасини бермоқда. Хусусан, бу даврда хўжалик судларига электрон шаклда юборилган мурожаатлар сони ўтган йилнинг биринчи ярмидагига нисбатан 11 баравар кўпайиб, 20 мингдан ошган. Бу эса 2014 йилнинг ўтган олти ойида хўжалик судларига келган даъво аризалари ва аризаларнинг 15 фоизи электрон шаклда жўнатилганлигини билдиради. Айни пайтда суд муҳокамаси иштирокчиларига 29 мингга яқин хабар ҳамда суд ҳужжатлари судлар томонидан электрон воситалари орқали юборилган.
Олий хўжалик судининг расмий веб-сайти тубдан модернизация қилиниб, замонавий талаблар асосида такомиллаштирилди ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқий маданиятини ошириш, иқтисодиёт соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қиладиган “Электрон кутубхона” дастурий таъминоти ишга туширилди. Эътиборли жиҳати, “Электрон кутубхона”да тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятлари давомида кенг фойдаланадиган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсати қарорлари, суд амалиёти умумлашмалари, суд ҳужжатлари, улар намуналари ва бошқа ҳуқуқий адабиётлар доимий равишда жойлаштириб келинмоқда.
Маълумки, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тизими ишга тушади. Бу эса судда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг вақти ва маблағларини тежаб, ўз ҳудудидан чиқмасдан туриб, бошқа ҳудуддаги суд мажлисида қатнашиш имконини бериши билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Қолаверса, тизим жойлардаги фуқаролар, хусусан, тадбиркорлар учун Олий хўжалик суди раҳбариятининг шахсий қабулларини ташкил этишда қўл келади.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, Раёсат йиғилишида видеоконференцалоқа тизимини жорий этиш бўйича жойларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати таҳлил қилинди, ушбу тизимнинг узлуксиз ва тўлақонли ишлашини таъминлаш юзасидан вазифалар белгиланди. Хусусан, бугун видеоконференцалоқа тизими учун зарур бўлган жиҳозлар ва техник воситаларни белгиланган вақтда суд мажлиси залларига ўрнатиш ва ишга тушириш, ушбу янги тизим орқали суд мажлисларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш, судья ва суд ходимларининг бу борадаги билим ва малакасини ошириш ҳамда мазкур тизим афзалликлари ва имкониятларини кенг тарғиб этиш айни заруратдир.
Раёсат йиғилишида судда ишларни вақтида кўриш, суд ҳужжатларини тарафларга белгиланган муддатларда жўнатиш, шунингдек, суд таъсирчанлиги, ҳуқуқий тарғибот, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, хўжалик судларида ишларни ташкил этиш борасида йўл қўйилган камчиликлар кўриб чиқилди ҳамда уларни бартараф этиш, судья ва суд ходимлари масъулиятини янада ошириш юзасидан аниқ чоралар белгилаб олинди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn