Депутатлар халқ таълими вазирининг ахборотини эшитдилар
  • 15 Июль 2014

Депутатлар халқ таълими вазирининг ахборотини эшитдилар

11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида халқ таълими вазирининг мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришга доир ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Парламент эшитуви вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг мактабгача таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларини ижро этиш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш, “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишни мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциялари ташаббуси билан ўтказилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Пировардида ноёб, ўхшаши йўқ узлуксиз таълим тизими шакллантирилди. Мазкур тамойил мактабгача, мактаб, ўрта махсус, мактабдан ташқари, олий ва ундан кейинги таълимни ўз ичига олади. Шубҳасиз, бунда мактабгача таълимнинг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, болаларда эрта ёшдан билим олиш ва унга таяниш ҳиссини шакллантириш муҳим ҳисобланади. Бу эса инсонга бутун умри давомида ҳамроҳ бўлиб, унинг камолоти ва имкониятларини рўёбга чиқаришда пойдевор вазифасини ўтайди.
Парламент қуйи палатаси депутатлари эшитувга тайёргарлик кўриш доирасида шулардан келиб чиқиб, ўз сайлов округларида иш олиб бордилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан мактабгача таълим тизими ривожланиши, жумладан, болаларнинг бу даргоҳларга жалб қилиниши, уларни замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида тарбиялаш ҳамда ўқитиш даражаси, сифатини ўрганиш, баркамол авлодни шакллантиришга доир назорат-таҳлил тадбирлари ташкил этилди.
Ўрганишлар юртимизда узлуксиз таълим бошланғич бўғини тизимида ҳар томонлама соғлом ўғил-қизларни вояга етказиш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилганини кўрсатди. Ҳозирги замон талаблари ва мезонлари инобатга олинган ҳолда, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни реконструкция қилиш ва модернизациялаш, шунингдек, уларни давлат бюджетидан молиялаштиришга янада кенг аҳамият берилаяпти. Охирги 3 йилда ажратилган маблағлар ҳажми 2 баравар ортди.
Республикамизда 4950 та давлат ва 74 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича мунтазам иш олиб борилаяпти. Натижада болаларни кейинги босқич —умумтаълим мактабларида ўқишга тайёрлаш даражаси юксалмоқда. Айни чоғда Соғлом бола йили муносабати билан 2015 — 2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Эшитув чоғида депутатлар ушбу соҳада қатор фойдаланилмаган имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар борлигига диққатни қаратдилар.
Айниқса, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали, тажрибали педагоглар билан таъминлаган ҳолда уларнинг тармоғини кенгайтириш, давлат стандартларига мувофиқ ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш, болаларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга эътибор қаратиш зарур.
Савол-жавоблардан кейин халқ таълими вазирининг ахбороти ҳар томонлама муҳокама этилиб, барча сиёсий партиялар фракциялари вакиллари сўзга чиқдилар.

Нодира КАРИМОВА, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Таълимга йўналтирилган маблағ келажакка сармоядир. Чунки замонавий илм ва мустақил тафаккурга эга авлодгина ҳар қандай давлатнинг ёрқин истиқболини таъминлай олади. Боланинг билимлар оламига қўйган илк қадамларидан бошлаб мукаммал таълим олишга пойдевор қўйилади. Мамлакат иқтисодиётининг муттасил ўсиши, ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ошиши, бозор муносабатлари ва мулкчиликнинг турли шакллари ривожланиши эса мактабгача таълимдан тортиб бутун таълимнинг барча жараёнларини қўллаб-қувватлаш имконини беради. ЎзЛиДеПнинг дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, нодавлат мактабгача таълим муассасаларини янада равнақ топтириш, жумладан, соҳага хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ жалб қилинишини таъминлашда ёрдам берган бўларди, деб ҳисоблаймиз. Фикримизча, нодавлат секторнинг кенгайтирилиши мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, улардаги ўқув-тарбия ишларини яхшилашга кўмаклашади. Шу муносабат билан қишлоқ жойларда ташкил этиладиган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини қонун йўли билан, хусусан, уларга имтиёзлар бериш орқали рағбатлантириш тизимини яратиш зарур.

Гулноза ЭРНАЗАРОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Ҳар йили давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Уларнинг катта қисми таълим тизимига ажратилаяпти. Бу соҳага улкан аҳамият берилаётганини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда партиямизнинг дастурий мақсадлари, электорат манфаатларига тўлиқ мос келади. Бизнингча, 2015 — 2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳудудларнинг ички ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан кенг фойдаланиш зарур. Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини изчил тараққий топтириш эҳтиёжларига узвий боғлиқ тарзда олий ўқув юртларида, навқирон авлод, жумладан, имконияти чекланган болалар учун ҳам юқори малакали педагоглар, дефектологлар, психологларни тайёрлаш, малака ошириш институтларида мутахассисларни қайта тайёрлаш чора-тадбирларини кўриш зарур.
Шулар баробарида, биз оилаларни замонавий мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ жалб қилишга интилишимиз, жумладан, ўзини ўзи молиялаштирадиган болалар қисқа муддатли тайёрлов гуруҳларини ташкил этишни йўлга қўйишимиз лозим.


Ўрол ХАИТОВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:
— Фракциямиз ушбу эшитувни ўтказишда ташаббус кўрсатгани бежиз эмас. Боиси, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш ва ўқитиш ҳар доим долзарбдир. Биз эшитувга тайёргарлик кўраётиб, ушбу масалани пухта ва ҳар томонлама ўрганиб чиқдик. Айтиш лозимки, болажонлик, уларнинг келажаги тўғрисида доимо қайғуриш — халқимиз менталитетига хос фазилатлардандир. Айни чоғда айнан ёшлар аҳолининг асосий қисмини ташкил этади. Бинобарин, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шунга уйғун тарзда мамлакатимиз миллий таълим тизими хорижлик экспертларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Тошкентда юқори савияда ўтказилган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро анжуманда ушбу соҳадаги миллий модель ва унинг самаралари юқори баҳога сазовор бўлди. Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг таълим тизими демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсадлари билан муштарак эканлигини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида, юртимизнинг жаҳонда нуфузи ошиши инсонлар, айниқса, ёшларнинг билим ва кўникмалари даражаси, умуман, интеллектуал салоҳиятига боғлиқ.
Шуларни ҳисобга олиб, партиямиз таълимнинг барча босқичларини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида такомиллаштиришни таклиф этмоқда. Боланинг етук бўлиб улғайишида уни ақлий, ахлоқий, эстетик, жисмоний камолга етказиш масалаларини ўз ичига оладиган ўқитиш дастурларини ҳаётга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Бизнингча, мактабгача таълим муассасаларини миллий анъаналар ва урф-одатларимизни ўзида мужассам этган кўргазмали қўлланмалар, дидактик материаллар, мантиқий ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминлашни давом эттириш даркор. Бундан ташқари, педагоглар фаолиятини уларнинг иш стажи ва малакасига қараб рағбатлантириш механизмини яратиш, болалар билан ишлашда замонавий усулларни жорий этиш ва инновацион ютуқлардан кенг фойдаланиш керак.

Тўлқин АБДУСАТТОРОВ, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:
— “Соғлом бола йили” Давлат дастури болаларни ҳар томонлама камолга етказишга қаратилган. Бундай ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва изчил рўёбга чиқарилиши бошқа мамлакатлар амалиётида камдан-кам учрайди. Ўзбекистоннинг таълим тизимини бошқа давлатлар тизимлари билан солиштирганда, унинг самарадорлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Экспертлар доиралари мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибасини эътироф этаяпти. Жумладан, улар таълим соҳаси давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганига юқори баҳо бермоқдалар.
Партиямиз ўз дастури ва сайловолди платформасига мувофиқ, болаларни тарбиялаш ва ўқитиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, чунончи, болалар боғчалари, мактабларда сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун кўмаклашишга интилмоқда.
Шу муносабат билан, бизнингча, ННТ, ОАВ, фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида болаларни эрта ёшдан ривожлантириш, уларни ижтимоий мослаштиришда мактабгача таълим муассасаларининг роли ва аҳамиятини тарғиб қилиш, тушунтиришга доир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш лозим. Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мактабгача таълимни ташкил этиш шакллари ва усулларини кенг жорий қилиш, болаларни “Болажон” базавий дастури асосида мактабга тайёрлашнинг турли ва қулай услубларини ривожлантириш, шу асосда уларни тайёрлаш сифатини оширишга доир аниқ чора-тадбирларни кўриш лозим.
Парламент эшитуви якуни бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мактабгача таълим тизимини, тегишли ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, моддий-техник базани босқичма-босқич мустаҳкамлаш, уларни ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, шунингдек, ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг моддий рағбатлантирилишини кучайтиришга қаратилган қарори қабул қилинди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2015 — 2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқишни ва қабул қилишни тезлаштиришни тавсия қилдилар.


Саиджон МАХСУМОВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn