Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш йўлида
  • 15 Июль 2014

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш йўлида

Аввал хабар берилганидек, 11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида депутатлар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор долзарб қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бир кун олдин сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишлари бўлиб ўтди, уларда кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳалари ҳар томонлама муҳокама этилиб, уларни такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлимини ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тайёрланган “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этишдан бошладилар. Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг молиявий маблағлардан фойдаланишини яхшилаш орқали уларни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Киритилаётган тузатиш кредит олишга доир аризаларнинг банклар ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши муддатини ўн иш кунидан уч иш кунига қадар қисқартиришни назарда тутади.
Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат кредитор қарздорликни, шу жумладан, бюджетга тўланадиган тўловларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларни қасддан банкротликка етказиш фактларини аниқлашга доир олдини олиш чора-тадбирларини кўриш ва механизмларни яратишга қаратилган. Ушбу қонун лойиҳасига биноан, “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Парламент қуйи палатаси вакилларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз иқтисодий мустақиллиги учун жавобгарлигини кучайтириш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш имконини беради.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан бир қатор семинарлар, давра суҳбатлари ва анжуманлар ўтказилди. Уларнинг натижалари бўйича айрим ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган 18 та ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Ишчи гуруҳ ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини муҳокама этиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, шунингдек, экспертлар ва мутахассислар томонидан киритилган амалий таклифларни инобатга олди. Бундан ташқари, ишчи гуруҳ қонун лойиҳаси устида ишлаш чоғида депутатларнинг ўз сайлов округларида сайловчилар билан учрашувларда келиб тушган фикр ва таклифларни ҳам ҳисобга олди. Шунингдек, бир қатор давлатларнинг ушбу соҳадаги тажрибасини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи томонидан киритилган “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Мазкур қонун лойиҳаси амалдаги қонун ҳужжатлари норма ва қоидаларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, уни қабул қилинган Қонунга мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги муносабатларнинг бир хил ҳуқуқий тартибга солинишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек Олий Мажлиснинг 1996 йил 26 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомга тузатишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ҳуқуқий қоидаларни муҳокама этишга доир бир қатор тадбирлар ўтказди. Уларда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, ушбу соҳа олимлари ҳамда экспертлар иштирок этдилар. Шунингдек, мазкур ҳужжат сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишларида ҳам муҳокама этилди. Депутатлар ушбу йиғилишларда қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор аниқ таклифларни ишлаб чиқдилар ҳамда ишчи гуруҳга киритдилар. Улар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда ҳисобга олинди.
Қонунчилик палатаси мазкур қонун лойиҳалари ҳар томонлама моддама-модда муҳокама этилганидан кейин келиб тушган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда уларни маромига етказиш учун юборишга қарор қилди.
Шунингдек депутатлар мажлис чоғида бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.
Жумладан, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган “2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорини ижро этиш мақсадида тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан киритилган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Қонун лойиҳасининг асосий ғояси ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситаларининг барча турларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини кафолатлашдан иборат. Бугунги кунда йўловчиларни уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказиладиган зарардан суғурталаш билан ҳимоя қилиш “Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий давлат суғуртаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан таъминланмоқда. Ушбу Қонун таҳлили шуни кўрсатадики, унинг алоҳида нормалари ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди. Чет эл тажрибасида йўловчиларнинг манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш учун йўловчиларни мажбурий шахсий суғурта қилиш ўрнига ташувчининг йўловчи олдидаги жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмидан фойдаланилади.
Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Улар “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аҳолининг манфаатларига ҳамда ушбу соҳада умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, қонун лойиҳаси қабул қилинса, фуқароларнинг Конституция билан кафолатланадиган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Депутатлар ҳар томонлама муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, мазкур қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уни биринчи ўқишда қабул қилиб, масъул қўмитага ҳужжатни кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлашни топширдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn