Адвокатура институти
  • 15 Июль 2014

Адвокатура институти

инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида “Адолатли суд жараёнида адвокатнинг роли: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзуида халқаро семинар-тренинг ўтказилди. Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, америкалик экспертлар, адвокатлар иштирок этди. Тадбирда адвокатура институтининг инсон ҳуқуқ-манфаатлари ҳамда эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ фаолияти ва мустақиллигини янада кучайтириш, бу борадаги халқаро тажриба, суд жараёнида прокурор ва адвокатнинг тенглиги тамойили каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари адвокатура институтининг тубдан мустаҳкамланиши, янада фаоллашуви, жиноят, фуқаролик ва хўжалик масалаларига оид тергов ва судлов жараёнларида қонунийликни таъминлашда айни муддао бўлмоқда. Хусусан, 2001 йилда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу мақсадга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди. Зеро, мазкур ҳужжат фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатура ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, адвокатлар мустақиллиги кафолатини кучайтириш ҳамда адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадларини ўзида мужассамлаштирган.
— Юртимизда прокурор ва адвокат тенглиги тамойили амалда тўла таъминланмоқда, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Қ. Дадашев. — Муҳими, ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш чоралари ҳам  кўрилмоқда. Бугунги тадбир шу жиҳатдан фойдали бўлди, деб ўйлайман. Негаки, биз бу ерда ўз тажрибамизни ўртоқлашиш баробарида, хорижлик ҳамкасбларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик.
Халқаро экспертлар Ўзбекистонда прокурор ва адвокат тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичида ўзаро тортишувни таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигига юқори баҳо беришди. Жумладан, улар “Адвокатура тўғрисида”ги ҳамда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан адвокат ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирилгани халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳар томонлама мос келишини таъкидладилар.
— Ўзбекистонга иккинчи бор келишим, — дейди америкалик адвокат М. Шамэл. — Юртингизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини доимо кузатиб бораман. Қисқа давр мобайнида бу борада салмоқли ютуқ ва натижаларга эришганингизнинг гувоҳимиз. Масалан, судлар ихтисослаштирилди, ярашув институти амалиётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Айниқса, ўлим жазосининг бекор қилиниши инсон манфаатлари барча нарсадан устунлигининг амалий ифодасидир. Шуларга мос равишда адвокатура институти бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштирилмоқда. АҚШ мисолида айтадиган бўлсак, бизда ҳар бир штатнинг ўз қонунлари бор. Мамлакатингизда эса бундан фарқли равишда қонунлар яхлит тизимли ҳамда тушунарли. Шу билан бирга, қонунларнинг аҳоли ўртасидаги тарғиботи яхши йўлга қўйилган. Бу эса фуқароларнинг хабардорлик даражасини оширишга, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, пировардида инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг янада тўлиқроқ таъминланишига хизмат қилади. Яна кўплаб муваффақиятларни санаш мумкин. Тадбир асносида шулар билан танишдик ҳамда илғор тажрибаларимизни ўртага ташладик. Бу ҳар иккала томон учун ҳам айни муддаодир.
Тадбирда юртимизда халқаро ҳуқуқ меъёрлари талабига мувофиқ нафақат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини конституциявий ҳимоялаш асослари ва кафолатлари шакллантирилгани, балки уни рағбатлантириш, ҳимоя қилиш юзасидан ташкилий механизм ва миллий инфратузилма яратилгани ҳам иштирокчилар диққат-эътиборида бўлди. Бугун республикамизда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши билан шуғулланаётган миллий институтлар самарали фаолият олиб бормоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтиришда ҳам қўл келаётир.
— Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминлаш энг долзарб масала эканидан келиб чиқиб, бунга бевосита масъул бўлган адвокатлар билим ва малакасини ошириш бугунги кун тақозоси, — дейди Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси бўлим бошлиғи Г. Сайфиева. — Ўтказилган тадбир ана шу мақсадларга қаратилди. Яъни уч кун давомида бир гуруҳ адвокатлар тажриба ошириш имконига эга бўлишди. Бу уларнинг иш фаолиятини янада такомиллаштиришда асқатади, албатта.
Халқаро семинар-тренинг интерфаол шаклдаги амалий машғулотлар билан давом эттирилди. Хусусан, суд жараёнида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган ҳимоя босқичи, адвокатнинг ҳимояни таъминлаш жараёнидаги процессуал ҳаракати, суд жараёнида қонунчилик талаби услубларига оид саҳна кўринишлари, айниқса, барчага манзур бўлди.
Умуман, бўлиб ўтган ушбу тадбир ўзбекистонлик ва америкалик адвокатлар учун назария ҳамда амалиёт билан боғлиқ билим ва малакани оширишга хизмат қилади.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn