Устувор вазифалар белгилаб олинди
  • 01 Февраль 2014

Устувор вазифалар белгилаб олинди

Шу кунларда жойларда 2013 йил якунлари ва 2014 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилишлари бўлиб ўтмоқда.

Уларда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгилаб олинаётир.
АНДИЖОН Вилоят фаоллар йиғилишида қайд этилганидек, ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 110,4, саноат маҳсулотлари 115,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 107,5, қурилиш ишлари ҳажми 122,3, чакана савдо айланмаси 115,9,  аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 115,2 фоизни ташкил этди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 70 миллиард сўмдан зиёд маҳсулот тайёрланди.
Тадбирда айрим тармоқлар ва ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар, мавжуд имкониятлар ишга солинмаётгани танқид қилинди. Хусусан, умумий экспорт ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, айрим ҳудудларнинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Йўл қўйилган хато ва камчилик атрофлича таҳлил қилиниб, жорий йилдаги истиқболли режалар, амалга ошириладиган дастур ҳамда вазифалар ижро механизмлари ва муддатлари белгилаб олинди.     
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ. Ибрагимов иштирок этди.
БУХОРО Вилоят фаоллари йиғилишида ўтган йили бу ерда ялпи ҳудудий маҳсулот 108, жумладан, саноат ишлаб чиқариши 110,8, истеъмол товарлари 102,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 106,6, қурилиш ишлари 113,9, чакана савдо айланмаси 114,9, жами хизматлар 116,4 фоизни ташкил этгани эътироф этилди. Ҳисобот даврида 2013 — 2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 1172 та лойиҳа амалга оширилди.
Вилоят ҳаётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Буни йил давомида 1540 дан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлаганидан ҳам билиш мумкин. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли бугун ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 66,8 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келмоқда.
Йиғилишда вилоят иқтисодиётида фойдаланилмаётган имкониятларга эътибор қаратилиб, тегишли тавсиялар берилди. 2014 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишлари ижросини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розуқулов сўзга чиқди.
ФАРўОНА Вилоят фаоллари йиғилишида ўтган йили ҳудудда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, рақобатдош маҳсулот тайёрлаш борасида катта ишлар амалга оширилгани алоҳида қайд этилди. Натижада вилоят бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 9,4, аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот тайёрлаш 7,7, саноат маҳсулотлари 7,8, хизматлар кўрсатиш 22,5, пуллик хизмат кўрсатиш 19,3, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 74,7, экспорт ҳажми эса 6 фоиз ўсди.
Мажлисда рақобат муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, бўш объектлар ва норентабел корхоналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишбилармонлик учун қулай шарт-шароит яратиш, кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бу борадаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, уларга ўрта ва узоқ муддатли тезкор кредитлар бериш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган дастурларнинг бажарилишини, меҳнат бозорида талаб катта бўлган ихтисосликларга кўпроқ эътибор қаратиш, уларни қайта тайёрлаш, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш зарурлиги уқтириб ўтилди. Фаоллар йиғилишида жорий йилдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, йиғилишда фойдаланилмаётган имкониятлар ҳақида очиқ сўз юритилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ. Ибрагимов сўзга чиқди.

С. ШУКУРОВ,
И. ИБРОҲИМОВ,
Н. СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn