Оналик ва болалик муҳофазаси — устувор мақсад
  • 10 Июль 2014

Оналик ва болалик муҳофазаси — устувор мақсад

Ҳар қандай давлатнинг истиқболи оналик ва болалик муҳофазасига бевосита боғлиқ.  Бинобарин, юртимизда оналар ва болалар ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини тўла рўёбга чиқариш, тизимли ижтимоий ҳимояни таъминлаш, ёшлар келажаги ҳақида ғамхўрлик кўрсатишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинаяпти.
Бунинг учун зарур ҳуқуқий-ташкилий пойдевор яратилган, қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан 2014 йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши ҳамда тегишли Давлат дастури ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида шулар алоҳида таъкидланди. Унда республикамиз 1995 йил май ойида қўшилган  Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция қоидаларининг миллий қонунчилигимизга имплементация қилиниши масалалари муҳокама этилди. Тадбирда депутатлар, манфаатдор вазирлик, ташкилот ва идоралар вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, мазкур Конвенциядаги бир қатор тамойиллар Оила, Меҳнат кодекслари, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Қонун ва бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Шунингдек, юртимизда МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб амалиётга жорий этилган хавфсиз ҳомиладорликни таъминлаш ва перинатал ёрдам самарадорлигини оширишга оид дастурлар ушбу йўналишда муҳим аҳамият касб этаяпти.
— Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан, оналик, оталик, болалик ва оила давлат ҳимояси остидадир, — дейди қўмита аъзоси С. Адилходжаева. —  Айни чоғда қиёсий таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда оналик ва болаликни ҳимоя қилишга доир ҳуқуқий база нафақат Конвенция нормаларини акс эттирган, балки унда она ва бола ҳуқуқларининг ҳимояси сезиларли равишда кенгайтирилган.
Давра суҳбатида бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг  натижаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Юртимизда репродуктив соғлиқни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилгани, болалар ва туғуруқ муассасалари моддий-техник базаси яхшилангани, замонавий скрининг марказлари инфратузилмаси шакллантирилгани ана шулар жумласидандир.
Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда мустақиллик йилларида оналар ва болалар ўлими даражаси сезиларли равишда қисқарди.
Йиғилишда соҳада учраётган камчиликлар ҳақида ҳам фикр юритилди. Хусусан, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурлари ижроси самарадорлигини янада ошириш, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тизимли мониторинг қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтилди. Қолаверса, аҳолининг репродуктив саломатлик бўйича билим даражасини оширишда оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш, фуқароларда тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган тарғибот ишларини янада кучайтириш лозим.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn