Қонун ижроси таҳлил этилди
  • 09 Июль 2014

Қонун ижроси таҳлил этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Геодезия ва картография тўғрисида”ги Қонуннинг “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасида ижро этилиши юзасидан  ўтказилган назорат-таҳлил фаолияти якунлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, давлат қўмитаси томонидан бу борада муаяйн ишлар бажариб келинаяпти. Жумладан, ҳар йили давлат геодезия пунктлари ҳолати мониторингини юритиш, назорат қилиш ва уларнинг ишчи ҳолатини тиклашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ўз навбатида, замонавий навигация технологияларини қўллаган ҳолда геодезия тармоқларини яратиш, такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, умумий географик, сиёсий-маъмурий, илмий-ахборот берадиган ва бошқа тармоқлараро аҳамиятга молик хариталар ва атласлар, ўқув-картография қўлланмаларини тузиш, нашр қилиш диққат-эътиборда турибди. Жумладан, қўмита тизимидаги “Картография” давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси томонидан 200 дан ортиқ турдаги картографик маҳсулотлар нашр этилган. Таълим муассасалари учун атласлар ва контур хариталар яратилган. 2012 йилда эса “Ўзбекистон Республикасининг географик атласи” фундаментал асари тақдим этилди. Айни чоғда геодезия ва картографияга оид фаолият билан 176 та субъект шуғулланиб келаётир.
Қолаверса, давлат қўмитаси томонидан рақамли хариталар яратилмоқда. Бу эса туризм ва сервис соҳасини ривожлантириш, коммунал хизматлар тўловини масофадан туриб амалга ошириш, интерактив давлат хизматлари кўрсатиш, тадбиркорлар ва ишбилармонларга қулай имкониятлар яратишда алоҳида ўрин тутади.
Тадбирда соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳақида фикр юритилди. Жумладан, мамлакатимиз жаҳон глобал иқтисодиётининг таркибий қисмига айлангани, транспорт-коммуникация ва логистика тармоқлари жадал тараққий топаётганини ҳисобга олиб, геодезия ва картографияга оид ҳуқуқий базани замон талаблари асосида такомиллаштириш зарур.
Якунда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn