Шартномавий-ҳуқуқий интизом — қонун талаби
  • 02 Июль 2014

Шартномавий-ҳуқуқий интизом — қонун талаби

Мамлакатимизда эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодий ислоҳотлар изчил амалга оширилиши натижасида мулкдорлар сафи тобора кенгайиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида йирик қувватлар кўпаймоқда. Албатта, бунда бозор муносабатларининг ҳуқуқий асослари изчил такомиллаштириб борилаётгани, шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда тадбиркорларга яқиндан кўмак берилаётгани муҳим аҳамият касб этётир.

Маълумки, тадбиркорлик фаолиятида шартномавий муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Умуман олганда, эркин бозор муносабатларининг асосий шарти, бу — субъектларнинг тенг ҳуқуқлилигидир. Тарафлар ўртасида шартномалар тузиш мазкур тенгликка сўзсиз риоя этилишини таъминлайди.
Томонларнинг ўзаро манфаатдорлиги ва мулкий жавобгарлигини белгилаб берувчи хўжалик шартномаларини тузиш ва бажариш билан боғлиқ жараёнлар “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни орқали тартибга солинади. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 1995 йил 12 майдаги “Халқ хўжалигида ҳисоб-китоблар ўз вақтида ўтказилиши учун корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам бу борада дастуриламал бўлмоқда. Бундан кўринадики, мамлакатимизда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий муносабатларни тартибга солиш бўйича зарур ҳуқуқий базанинг шакллангани тадбиркорларимизнинг муносиб шароитда унумли фаолият кўрсатишига хизмат қилаяпти. Соҳага оид қонунчилик талабларининг бажарилишида, шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлашда адлия органлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилаётир.
Жорий йилнинг биринчи чорагида жойлардаги адлия органлари хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида 497 мингдан зиёд шартномалар тузилишида ҳуқуқий ёрдам кўрсатди. Тузилган шартномаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги назорат қилинганида, шартномалар тузиш бўйича 28,7 мингта, шартномалар бажарилиши бўйича 34,5 мингта қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Мазкур ножўя ҳаракатларни бартараф этиш юзасидан кўрилган тадбирлар натижасида уч мингта шартнома қайта тузилди, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг 44 қарори ҳамда ҳужжати бекор қилинди.
Фарғона вилояти адлия бошқармаси ходимлари Ўзбекистон туманидаги пахта тозалаш корхонаси фаолиятини ўрганишганида, айрим мансабдор шахсларнинг хўжалик шартномаларини бажаришда қонунбузилишларга йўл қўйгани аниқланди. Айбдор шахсларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан ваколатли идораларга таклифлар киритилди.
Айни пайтда иқтисодиётимиз таянчига айланган, қишлоқ хўжалиги  ривожида етакчи куч ҳисобланган фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, хўжалик шартномалари тузиш ва ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалаларда уларга кўмаклашиш ҳам доимий эътиборимизда турибди.  Шу йилнинг дастлабки уч ойида айнан фермер хўжаликларининг қонуний манфаатини кўзлаб давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларга 881 тақдимнома ҳамда огоҳнома киритилди. Натижада фермерларга 34,6 миллиард сўм миқдорида пул маблағлари  тўлаб берилди.
Жиззах вилояти адлия бошқармаси “Адҳам” фермер хўжалиги мурожаатини ўрганиш асносида “Дўстлик пахта тозалаш” очиқ акциядорлик жамияти хўжалик топширган пахта хом ашёси учун ҳақ тўлашда сансалорликка йўл қўйганини аниқлади. Шунга кўра, Жиззах вилояти хўжалик судига даъво аризаси киритилиб, суднинг 2014 йил 17 мартдаги ҳал қилув қарори асосида жавобгардан фермер хўжалиги фойдасига 92,8 миллион сўм асосий қарз ҳамда 5,9 миллион сўм пеня ундириб берилди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда адлия органлари жойларда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Истиқболда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ўз ҳуқуқ-манфаатларини ишончли ва қатъий илгари суриш борасида кўникмаларини мустаҳкамлаш кўзланган мақсадга эришишда айни муддао бўлади.  

Аъзамжон САРАБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи.


 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn