Автомобиль йўлларига оид қонунчилик ва назорат
  • 30 Июнь 2014

Автомобиль йўлларига оид қонунчилик ва назорат

Йўли сознинг машаққати оз, узоғи яқин бўлади. Шу боис мамлакатимизда ушбу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, замон талаблари асосида такомиллаштириб борилаяпти.

Бир қатор дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалиётга жорий этилмоқда.
Биргина шу йилнинг дастлабки чорагида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 41,7 миллиард сўм ёки 2013 йилнинг шу давридагига нисбатан 2,2 баробар кўп, ҳукумат кафолати билан хорижий қарзлар ҳисобидан 9,6 миллион доллар ўзлаштирилди.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган йиғилишда шулар алоҳида таъкидланди. Унда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонун ижросини Андижон, Самарқанд  ва Тошкент вилоятларида ўрганиш якунлари муҳокама этилди. Тадбирда қуйи палата депутатлари, тегишли вазирликлар, мутасадди ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этди.
— Мустақиллик йилларида юртимизда йўлсозлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга доир зарур қонунчилик базаси яратилди, — деди қўмита аъзоси А. Содиқов. — “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонун ва давлатимиз раҳбарининг соҳага доир Фармон ҳамда қарорлари қабул қилинди. Уларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида юртимизда халқ хўжалиги юкларининг 80 фоизи, йўловчи ташиш хизматининг 85 фоизи автомобиль транспорти соҳасига тўғри келмоқда. Бинобарин, мазкур тармоқни замон талаблари асосида янада равнақ топтириш долзарбдир.
Ҳозирги кунда Республика автомобиль йўллари тармоғининг умумий узунлиги 184 минг км.ни ташкил этади. Мамлакатимизнинг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари йўллари, корхоналарга қарашли йўллар, идоравий инспекторлик йўллари шулар жумласидандир. Уларни сақлаш ва таъмирлаш борасида бир қатор дастурлар, лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.
Назорат-таҳлил жараёнларида “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунда белгиланган бир қатор устувор йўналишларнинг ижроси диққат-эътиборда бўлди. Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, шунингдек, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлашни таъминлаш, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳисобини юритиш каби вазифалар қай даражада бажарилаётгани ўрганилди. Қолаверса, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, шунингдек, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ҳолати кўриб чиқилди.
Маълум бўлдики, ҳудудларда бу борада муайян ишлар бажарилган. Ўз навбатида, ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Жумладан, ички  йўлларни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш жараёнини янада такомиллаштириш, мутасадди ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини лойиҳалаш соҳасидаги меъёрлар ҳамда стандартларга қатъий риоя этиш, йўлларни рекон-
струкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлаш ишлари сифатини янада ошириш айни муддао. Қолаверса, шаҳарлар ва аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳисобини юритиш, автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва сақлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этиш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларига эътиборни янада кучайтириш лозим.
Йиғилишда шу бўйича қатор фикр-мулоҳазалар, тегишли қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Якунда қўмита қарори қабул қилинди.


С. МАХСУМОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn