Маҳаллий бюджет ижроси
Версия для печати
  • 30 Июнь 2014

Маҳаллий бюджет ижроси

шаҳар ва қишлоқларимиз ободлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, шу орқали аҳоли манфаатларини муҳофаза қилиш, уларнинг фаровон яшашларини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, бунда жойлардаги маҳаллий Кенгашлар ва унинг доимий комиссиялари улуши сезиларли бўлмоқда. Зеро, сайловчилар мурожаатларига эътибор қаратиш, ҳаётий муаммолар ечимини ўз вақтида илғаш, қонунлар ва қарорларнинг ижросини назорат қилиш ҳамда уни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш вазифаларига фаол ёндашиш ҳар бир депутат фаолиятида долзарб аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, доимий комиссиямиз аъзолари ҳам ўз ишига масъулият билан қараб, режаларни мунтазам таҳлил этиб бормоқдалар. Бугунги кунда уларнинг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида қонунлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамда маҳаллий ҳокимият қабул қилган қарорлар ижроси таъминланиб, сайловчилар томонидан қўйилган масалалар ижобий ҳал этилмоқда. Айниқса, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва унинг ижросини таъминлаш, ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектларнинг барқарор ишлашига кўмаклашиш, янги қувватларни ишга тушириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, хизмат соҳасини ривожлантиришга қаратилган ишлар доимий равишда ўрганиб борилаётгани, зарур ҳолларда корхоналарга амалий ёрдамлар кўрсатилаётгани эътиборга молик.
Аёнки, маҳаллий бюджетни шакллантиришда ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, мавжуд қувватлардан унумли фойдаланиш ва янгиларини барпо этиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб, доимий комиссия йиғилишларида ушбу масалага мунтазам эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар вилоят иқтисодий салоҳиятини тобора юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Эътиборлиси, маҳаллий бюджет харажатларидаги республика бюджетидан олинадиган субвенция улуши камайиб бораётир. Масалан,  2013 йилда  ушбу кўрсаткич режадаги 48,8 ўрнига 46,1 фоизни ташкил этди. Жорий йилда уни 40,1 фоизга тушириш кўзда тутилган бўлиб, маҳаллий бюджетнинг юқори бюджетга боғлиқлигини камайтириш ва босқичма-босқич субвенция улушини пасайтириш ҳамда келгусида тўлиқ субвенциядан чиқариш бўйича худудий дастур ишлаб чиқилди. Уни тайёрлаш жараёнида доимий комиссиямиз аъзолари ҳам фаол қатнашишди.
Дастурда, асосан, янги ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш орқали иш ўринларини кўпайтириш билан даромадлар базасини мустаҳкамлаш, мавжуд солиқ ва тўловларнинг йиғувчанлигини ошириш, бюджетлараро муносабатлар механизмини янада такомиллаштириш масалалари ўрин олган бўлиб, албатта, истиқболда доимий мониторинг ўрнатиш орқали улар ижросини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Шу ўринда доимий комиссиямизнинг ҳамкорликдаги фаолиятини алоҳида қайд этиш жоиз. Хусусан, маҳаллий бюджетнинг кейинги йилдаги лойиҳасини ишлаб чиқишда молия ва солиқ органлари билан ҳамкорликда тақдим этилган таҳлиллар ва таклифларни муҳокама этиб, вилоят Кенгашига ҳавола қилиш тажрибасидан унумли фойдаланаётганимиз айни муддао бўлмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилнинг март ойида Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан Молия вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган семинар-тренинглар депутатларнинг қабул қилинган қонунлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот олишларига қулай имконият яратди. Бу ҳақда тўхталиб ўтишимизга сабаб, мазкур Кодексда қўйилган вазифалар маҳаллий бюджетни шакллантириш ва унинг ижросини таъминлашга масъул бўлган доимий комиссияларнинг ушбу йўналишдаги ишларини янада кучайтиришни тақозо этади. Бошқа жиҳати, эндиликда молия органлари раҳбарлари ҳар чорак якуни билан доимий комиссиямизга ҳисобот тақдим этадилар. Бу ҳисобот комиссия йиғилишида муҳокама қилиниб, ундан келиб чиқадиган масала халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилади. Юқоридаги тартиб молия органларининг маҳаллий бюджет ижроси, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги фаолияти юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ҳам зарур шарт-шароитларни яратади.
Шу билан бирга, солиқ қонунчилигидаги ўзгартишлар ҳам доимий комиссия аъзолари томонидан изчил тарғиб қилинмоқда. Бу борада жорий этилаётган янгиликлар, энг аввало, солиқ юкини камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, пировардида солиқ тўловчиларга бир қатор енгиллик ҳамда қулайликлар яратиш кўзда тутилганлиги билан аҳамиятли. Айниқса, кичик бизнес субъектларига берилган қатор имтиёз ва преференциялар солиқ имтиёзлари натижасида юзага келган маблағларни фаолиятни янада ривожлантиришга йўналтириш имкониятини яратади.
Хулоса ўрнида айтганда, доимий комиссиямиз аъзолари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар вилоятимиз аҳолиси манфаатларини таъминлаш, уларнинг фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Шундай экан, бу борада янада самарали фаолият юритишимиз, назорат-таҳлил тартибидаги юмушларимиз кўламини кенгайтиришимиз мақсадга мувофиқдир.

Аюбхон БОБОМИРЗАЕВ,
халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши
Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш,
иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn