Қонун ижодкорлиги ва амалиёт
  • 26 Июнь 2014

Қонун ижодкорлиги ва амалиёт

Мамлакатимизда 

қабул қилинаётган қонунлар ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади. Қонун ижодкорлиги доимий ҳаракатдаги жараён бўлиб, бугунги шиддатли давр уни мунтазам такомиллаштириб боришни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган анжуманда ана шулар хусусида сўз юритилди. 

Қайд этилганидек, вазирлик юртимизда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириб келмоқда. Хусусан, 2013 йилда 56, 2014 йилнинг биринчи чорагида 28 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, 2013 йил давомида 1081, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 268 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 

Бугунги кунда улар барча жабҳалардаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга кўмаклашмоқда. Албатта, бунда Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган қонун лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозиргача Концепцияда назарда тутилган қонун лойиҳаларининг ўн учтаси  бевосита вазирлик иштирокида тайёрланди. 

Тадбирда сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини таъминлаш бўйича қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши жараёнига ҳам тўхтаб ўтилди.

— “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун нормаларини тўлиқ амалга ошириш мақсадида вазирлик томонидан бошқа вазирлик ва идораларни жалб қилган ҳолда, барча рухсат бериш тартиб-таомилларини тизимлаштириш бўйича салмоқли ишлар бажарилди, — дейди Адлия вазирлиги иқтисодий қонунчилик бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер Бекчанов. — Амалга оширилган ишлар натижасида 2013 йил 15 августдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхатининг тасдиқланиши ислоҳотлар жараёнида катта қадам бўлди. Қолаверса, Президентимизнинг жорий йилнинг апрель ойида қабул қилинган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган Фармон ва қарори мамлакатда инвестициявий иқлим ва ишбилармонлик муҳитини шакллантиришда муҳим омил бўлди. Ҳозирги кунда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларини ушбу ҳужжатларга мувофиқлаштиришга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Шу ўринда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларига барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан танишиш имконини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси яратилгани ва интернет тармоғи орқали фаолият кўрсатаётганини таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда 30000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз ичига олган мазкур база очиқ ва бепул бўлиб, доимий равишда янгилаб борилмоқда. 

Анжуманда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида назарда тутилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мукаммаллаштиришга қаратилган фаолият ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Хусусан, ҳамкор идоралар билан биргаликда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилаётганига алоҳида урғу берилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn