Ўзбекистон — Жанубий Корея: стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида
  • 18 Июнь 2014

Ўзбекистон — Жанубий Корея: стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ 16 июнь куни илк давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон билан Тонг бокиралиги ўлкаси ўртасида катта масофа бўлса-да, халқларимизни яқин қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Эл-юртга садоқат, аждодлар мероси ва қадриятларини эъзозлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик, очиқкўнгиллик, саховат, каттага ҳурмат, кичикка иззат,  меҳнатсеварлик каби фазилатлар ўзбек ва корейс халқлари учун бирдек хосдир. Бир пайтлар тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган ўн минглаб корейсларга ўзбек халқи меҳр-оқибат ва олийҳимматлик билан бошпана берганини корейс халқи ҳеч қачон унутмайди.

Бугунги кунда изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар туфайли давлатларимиз ўртасида очиқлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, яқин стратегик ҳамкорликка асосланган муносабатлар қарор топган ва бу алоқалар кундан-кунга янги-янги мазмун билан бойиб бормоқда.

Узоқ муддатли ҳамкорлик мобайнида босиб ўтилган самарали йўлга холисона баҳо бериб, шуни айтиш мумкинки, Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси учун иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш бўйича миллий дастурларни амалга оширишда ҳамда жаҳон ҳамжамиятига босқичма-босқич интеграциялашишда мамлакатимизни кенг қўллаб-қувватлаган, вақт синовидан ўтган ва ҳар жиҳатдан ишончли стратегик шерикдир.

Ташрифнинг асосий воқеалари 17 июнь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Дастлаб Корея Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентлар Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов билан Пак Кин Хэнинг тор доирадаги учрашувида икки томонлама муносабатларга доир масалалар, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

— Биз Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг мамлакатимизга илк давлат ташрифини Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлиги тарихидаги муҳим сиёсий воқеа, томонларнинг олий даражадаги анъанавий мулоқотларни давом эттиришга, дўстлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қатъий интилиши ифодаси, деб биламиз. Ўзбекистон Корея Республикасига юксак даражада ривожланган, улкан иқтисодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида қарайди. Тараққиётнинг ҳар томонлама ўйланган, узоқ муддатли стратегияси туфайли Жанубий Корея ҳақли равишда жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатларда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда, — деди Ислом Каримов.

Музокарада таъкидланганидек, бу учрашув кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш жараёнидаги муҳим босқич, ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш, истиқболдаги устувор йўналишларни белгилаб олиш ҳамда фаол ривожланиб бораётган стратегик шерикликни янги амалий мазмун билан бойитиш учун яхши имкониятдир.

— Буюк Ипак йўли маркази сифатида азалдан ривожланган Ўзбекистон бугунги кунда жадал иқтисодий тараққиёти, қулай сармоявий муҳити билан дунё мамлакатларини ўзига жалб этмоқда. Ўзбекистон Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкоридир. Бу ерда илк бор меҳмон бўлиб турган эсам-да, дўстона муносабат, очиқлик ва самимийлик туфайли ўзимни узоқ йиллик дўстларим ҳузурига келгандек ҳис этмоқдаман. Бундай қулай муҳит ва яхши кайфият давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларининг белгиси ва унинг мунтазам ривожланиб боришининг далолатидир, — деди Пак Кин Хэ.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги сиёсий муносабатлар стратегик шериклик анъаналарига мос тарзда ўзаро ишонч, манфаатларни ҳурмат қилиш, халқаро майдонда бир-бирини кенг қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида ривожланмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик барча долзарб масалалар бўйича томонларнинг нуқтаи назари ва ёндашувлари ўхшаш ва яқиндир.

Мамлакатларимиз БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар -доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Олий даражадаги учрашувлар мунтазамлик касб этгани стратегик ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Президент Ислом Каримовнинг 2012 йил сентябрь ойидаги Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 5 миллиард АҚШ долларига тенг 60 сармоявий лойиҳа имзоланди.

Парламентлараро алоқалар ривожланмоқда, ҳукумат делегациялари мақомидаги ташрифлар изчил кенгаймоқда. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазамлик касб этган. Жорий йил апрель ойида Сеулда маслаҳатлашувларнинг 10-давраси бўлиб ўтди.

Музокарада сиёсий мулоқотларни изчил давом эттириш, эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишни мониторинг қилиб бориш, ахборот технологиялари, қуёш энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди. Томонлар бундан буён ҳам халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар, жумладан, “Корея Республикаси — Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, диний экстремизм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда изчил ҳамкорлик қилади.

Президентлар мулоқоти икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом этди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Савдо-сотиқ соҳасида мамлакатларимиз ўртасида 1992 йилдан буён энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилади. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард доллардан ошди. Жорий йилнинг январь — апрель ойларида бу борадаги кўрсаткич 669,3 миллион долларга етди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмита мунтазам мажлислар ўтказиб келмоқда. Ўтган ойда унинг навбатдаги мажлисига Тошкент мезбонлик қилди. Шунингдек, молия вазирларининг, Энергетика ва табиий ресурслар бўйича идоралараро қўмитанинг йиғилишлари ўтказилмоқда. 2012 йилдан Ахборотлаштириш бўйича кенгаш фаолият олиб бормоқда.

“Корея Республикаси — Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.

Корея Республикасининг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармояси ҳажми 5 миллиард доллардан ошади. Ўзбекистонда жанубий кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона, ушбу мамлакатдаги 81 компаниянинг ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея муваффақиятли иқтисодий ҳамкорлик борасида катта тажриба тўплаган. Сурғил кони негизида барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси кўлами жиҳатидан ғоят йирик лойиҳа сифатида халқаро миқёсда эътироф этилди. Корея газ корпорацияси, “Лотте групп” ва “Эс-Ти-Икс Энержи” компаниялари консорциуми иштирокида қурилаётган бу мажмуа келгусида 4,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ва бунинг натижасида 3,7 миллиард куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради. Жанубий Корея компаниялари мамлакатимизнинг турли минтақаларида истиқболли углеводород конларини аниқлаш, геология-разведка ишларини амалга ошириш, ўзлаштириш борасида фаолият кўрсатмоқда.

Тоғ-кон саноати соҳасида “Шиндонг Рисорсез” компанияси билан вольфрам кони ўзлаштирилаётганини, “Неоплант” компанияси билан ҳамкорликда техник кремний ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилганини таъкидлаш жоиз.

Автомобилсозлик — жанубий кореялик шериклар билан биргаликда Ўзбекистонда ўзлаштирилган юқори технологияли энг машҳур ишлаб чиқариш соҳаси. Айни пайтда Андижон ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида автомобилсозлик корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда саноатнинг бу соҳасига Жанубий Кореянинг 20 компанияси жалб қилинган, 18 қўшма корхона тузилган.

Тўқимачилик ҳам ҳамкорликнинг устувор соҳаларидан биридир. Бу йўналишда Ўзбекистонда кореялик шериклар билан биргаликда умумий қиймати 212 миллион долларга тенг 10 қўшма лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, “ДЭУ Интернэшнл” компанияси билан Фарғона ва Бухоро вилоятларида, “Шиндонг Энерком” ва “Текстайл Текноложиз” компаниялари билан Сурхондарё вилоятида тўқимачилик корхоналари ишга туширилди. Айни пайтда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти негизида Тўқимачилик технологияларининг инновацион марказини очиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Корея Республикаси билан ҳамкорликда юртимизда “электрон ҳукумат” тизими жорий этилмоқда.  Тошкент ахборот технологиялари университетида Ахборот технологиялари маркази ва Ахборот олиш маркази очилган. Жорий йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан пойтахтимизда Жанубий Кореядаги етакчи олий ўқув юртларидан бири — Инха университетининг филиали ташкил этилди.

“Кореан Эйр” компанияси билан ҳамкорликда “Навоий” интермодал логистика маркази фаол ривожлантирилмоқда. Бугунги кунда марказ бир кеча-кундузда 1000 тоннагача юкни қайта ишлаш, юк терминалида 300 тонна юкни қайта ишлаш ва сақлаш, йигирмата самолётга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Айни пайтда ушбу авиахабдан Сеул, Милан, Брюссель, Вена, Париж, Деҳли, Мумбай, Истанбул, Ханой каби шаҳарларга ҳафтада 29 парвоз амалга оширилмоқда.

Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИКА) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда молиявий-техник ҳамкорлик ривожлантирилмоқда. Беғараз асосда асбоб-ускуна тақдим этиш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, кореялик мутахассисларни Ўзбекистонга йўналтириш КОИКА билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларидир. Бу борада соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, коммунал хўжалик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика каби соҳаларда умумий қиймати 54,5 миллион доллардан зиёд 21 лойиҳа амалга оширилди. Яна тўрт лойиҳанинг ижроси давом этмоқда. Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳамкорликда қиймати 114,1 миллион долларга тенг тўрт сармоявий лойиҳа амалга оширилди. 

Музокарада товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш, икки мамлакатнинг етакчи компания ва корхоналари иштирокида мунтазам равишда бизнес-форумлар ўтказиш, шунингдек, юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш борасида янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатлари давлатлараро ва ҳукуматлараро даражада, иқтисодий ва тижорий тузилмалар, фирма ва компаниялар ҳамкорлиги нуқтаи назаридан, жумладан, гуманитар соҳада ҳам том маънода етуклик, ҳар томонлама пухталик касб этиб, ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланмоқда ва мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қилмоқда.

1992 йилдан буён Тошкентда Корейс таълим маркази фаолият кўрсатмоқда. Қатор олий ўқув юртларида корейс тили ва маданияти марказлари очилган. 13 олий таълим ҳамда 28 мактаб ва лицейда корейс тили ўрганилади. Умуман, Ўзбекистон университетлари Жанубий Кореядаги ўттиздан зиёд олий ўқув юрти ва илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари билан -ҳамкорлик қилиб келмоқда.

2012 йил март ойида Наврўз байрами ва мамлакатларимиз ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан Сеулда ўзбек эстрада артистларининг концерти ташкил қилинди. 2013 йилда юртимизда “KBS” миллий телерадиокомпанияси томонидан корейс қўшиқлари танлови ўтказилиб, унинг финалига чиққан “Алладин” гуруҳи кейинчалик 15 мамлакат вакиллари иштирокида Жанубий Кореяда ўтказилган “Kоrean PОР World Festival — 2013” фестивалида Гран-при соҳиби бўлди. 2014 йилнинг муҳим воқеалари — Ўзбекистон ёшлар театри Болалар ва ёшлар театрлари уюшмасининг “Осиё учрашувлари — 2014” халқаро фестивалида “Шум бола” спектакли билан қатнашди, Тошкентда Сеул боғи ташкил қилинди. Ўзбек ва корейс халқлари учун қадрли бўлган бу боғ Ўзбекистон пойтахтининг энг сўлим гўшаларидан бирида кўҳна Корея маданияти ёғду таратадиган гўзал маскан вазифасини ўтамоқда.

Томонлар шуларни қайд этиб, маданият, мусиқа, санъат ва спорт соҳаларида алоқаларни янада фаоллаштириш, қўшма маданий фестиваллар, кўргазмалар ташкил этиш, ўқув юртлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар. Ўзбекистонда Корейс маданияти ва санъати марказини очиш масаласи кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Президент Пак Кин Хэ Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, 2014 — 2017 йилларга мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги ҳукуматлараро ҳадли келишув, Икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасида молиявий битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ музокаралар самарали, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ўтганини, эришилган келишувлар Ўзбекистон — Жанубий Корея муносабатларини янада ривожлантириш ва самарадорлигини тубдан оширишга, икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

Куннинг иккинчи ярмида Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли Ўзбекистоннинг бош майдони нафақат халқимиз фахру ғурурига хос замонавий қиёфа касб этди, айни пайтда унинг юртимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳам юксалди.

Корея Республикаси Президенти халқимизга ҳурмат-эҳтиромини изҳор этиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз, эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Пак Кин Хэ бу майдон муҳташам бинолари, кўркам боғлари, гўзал фавворалари билан яхлит ансамбль ҳосил қилганини таъкидлади. Бу ерда яратилган меъморий асарлар табиатнинг гўзал инъомлари билан моҳирона уйғунлаштирилгани ўзида катта таассурот қолдирганини алоҳида қайд этди.

Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.       

Анвар БОБОЕВ, 

Анвар САМАДОВ,

ЎзА мухбирлари.

Сарвар ЎРМОНОВ олган сурат.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn