Инсонпарварлик ва бағрикенглик
  • 17 Июнь 2014

Инсонпарварлик ва бағрикенглик

изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мақсадидир

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бугун амалда кутилган самараларни бераётганига ҳар биримиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Буни нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам якдиллик билан эътироф этишмоқда. Бунда, шубҳасиз, тизимнинг қонунчилик асослари яратилиб, изчиллик билан такомиллаштирилиб борилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Ўтган йиллар давомида жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал қонунчилиги тубдан ислоҳ қилиниб, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилгани, умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилгани мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин.
Айтиш керакки, бугунги кунда фуқаролар биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган ҳолларда, ҳуқуқ ва манфаатини апелляция ҳамда кассация инстанциясида, ўз адвокати иштирокида ҳимоя қилиш имконига эга бўлди. Жорий этилган ушбу янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш ва суд фаолиятида сансалорликка йўл қўйилишининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Қуйидаги рақамлар ҳам фикримизни тасдиқлайди. Агар 2000 йилда суд хатоларининг деярли ярми назорат тартибида тузатилган бўлса, 2013 йилда бундай ҳолатларнинг 89 фоизи апелляция ва кассация тартибида бартараф этилган.
Иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти кенгайтирилгани ҳам муҳим ютуқларимиздан, десак, айни ҳақиқат. Зеро, унга кўра, жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш кўринишидаги жазо тури чиқариб ташланди. Шуларга мос равишда Президентимизнинг ташаббуси билан 2001 йилда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан жиноятлар таснифи тубдан ўзгартирилди. Натижада оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди.
Шунингдек, Жиноят кодексига етказилган моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги ҳақидаги қоидалар киритилди ва бу инсонпарварлик ҳамда бағрикенглик тамойили амалда кутилган самарани бермоқда. Биргина  мисол: озодликдан маҳрум қилиш тариқасида жазо қўлланилган шахслар сони 2013 йилда 2000 йилдагига нисбатан икки баравардан кўпроқ қисқарди. Жумладан, жиноий жазоларни либераллаштиришга оид қонун қабул қилинганидан буён жиноят оқибатида етказилган 412 миллиард сўмликдан ортиқ моддий зарарни қоплаган 26 мингдан зиёд шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилди.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида халқимизнинг табиати, феълига мос келадиган ярашув институти амалиётга жорий қилиндики, бу ҳам эътирофга лойиқ ютуқларимиздан ҳисобланади. Муҳими, халқимизга хос бағрикенглик, олижаноблик, йиқилганни суяш ёхуд адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби қадриятларимизни ўзида мужассам этган ярашув институти амалда ўз самарасини бераяпти. Буни у жорий этилганидан буён ўтган давр ичида 138527 та иш бўйича 150346 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури қўлланилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда юртимизда 60 та жиноят таркиби бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти мавжудлиги ҳам ислоҳотларнинг яққол самарасидир.
Мамлакатимизда 2008 йилнинг январидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилиниши эса нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар томонидан ҳам  юқори баҳоланди.
Маълумот учун айтмоқчимизки, юртимизда умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси бўлиб, фақат икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ҳамда терроризм жинояти учун тайинланади. Ушбу жазо хотин-қизларга, жиноят содир этган пайтда 18 ёшга етмаган шахсларга ва ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан қўлланилмайди. Қиёсий таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси Германия ва Польшада 5 та, Бельгия ва Россияда 6 та, Данияда 9 та, Швецияда 13 та, Францияда 18 та, Голландияда 19 та жиноят тури бўйича тайинланар экан.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан боғлиқ бир қатор ғоялар илгари сурилган бўлиб, бу борада ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Концепцияда қайд этилган қонун ижодкорлигидан келиб чиқиб, сўнгги йилларда бир қатор муҳим қонунлар қабул қилинди. 2013 йил 4 январда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун шулар жумласидандир. Ушбу Қонун билан республикамизда амалда бўлган бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Жиноят кодекси “Тадбиркорлик субъектларининг ўзларига кўрсатилган хизматлари, шу жумладан, берилган кредитлар юзасидан банклар ва бошқа молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини тадбиркорлик таваккалчиликлари ҳамда бошқа тижорат таваккалчиликлари билан боғлиқ ҳолда бажармаганлиги банклар ва бошқа молия ташкилотлари ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди” деган таҳрирдаги меъёр билан тўлдирилди.
Мазкур меъёр, аввало, тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи идоралар билан ўзаро муносабатларида тадбиркор ҳуқуқлари устуворлигини таъминласа, иккинчидан, тадбиркорни ўз фаолиятида таваккалчилик асосида фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиб, кўзланган мақсадга эриша олмай, кредитлар юзасидан банк ҳамда молия ташкилотлари олдидаги шартнома мажбуриятларини бажармаган тақдирда, банк ва бошқа молия ташкилотлари ходимлари жавобгарликка тортилишининг олдини олади.
Яна бир муҳим ютуғимиз — судланганлик ҳолати институти тубдан ислоҳ этилгани бўлди. Судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибати бекор қилинганини инобатга олсак, жиноий жавобгарликка тортилиб, тайинланган жазони ўтаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиши учун кенг имконият яратилгани ўз-ўзидан аён бўлади.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари орқали инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ютуқларимиз фақат шулардангина иборат эмас. Уларнинг кўлами ва аҳамияти ниҳоятда кенг. Шу ўринда амнистия актини қўллаш истиқлолнинг илк йилидан бошлаб йўлга қўйилгани ва муҳими, у ҳар йили амалиётга  изчил татбиқ этиб келинаётганлигини мамнуният билан айтиш мумкин. Кечагидек ёдимизда. Бу борада ҳам Президентимиз ташаббускор бўлгандилар. Аниқ  айтадиган бўлсак, у кишининг “...жиноий нуқтаи назардан олиб қараганда, жазо бериш мумкин, қамаш мумкин, лекин бу жазо билан биз нимага эришамиз? Мен мана шу жиноятчиларнинг оилалари, болаларига кўп куйинаман, отасиз ё онасиз болаларнинг ҳаёти, турмуши, тарбияси қандай бўлади. Қамалган одамнинг болалари бошини кўтариб юролмайди, энди вояга етаётган болалар, айниқса, кўпроқ эзилади. Аёллари изтироб чекади ва ҳоказо”, деган сўзлари ҳам ана шундан далолат бериб турибди.
Айтиш керакки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида ўз аксини топган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари, жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилига қатъий амал қилиб келаётган мустақил мамлакатимизда ҳар йили муҳим саналар муносабати билан инсонпарварлик, меҳр-мурувват, саховат, кечиримлилик каби халқимиз менталитетига хос эзгу фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида эълон қилинаётган амнистия акти билиб-билмай биринчи марта жиноят содир этган шахсларга, аввало, аёлларга, кексаларга, ногиронларга ва вояга етмаганларга, хорижий мамлакатларнинг фуқароларига нисбатан қўлланилиб, озодликдан маҳрум қилишдек оғир жазо чораларини қўлламаслик, уларни тамомила жазодан озод этишга қаратилган жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсати юритиб келинмоқда.
Амнистия акти давлат раҳбари тақдимномасига мувофиқ, қонун чиқарувчи орган томонидан қабул қилинадиган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, мазмун жиҳатидан у давлатнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган муайян тоифа шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлламаган ҳолда, уларнинг ахлоқан тузалиши учун имконият ёки жазо чоралари қўлланилган шахслар учун жиддий енгиллик беришга қаратилган инсонпарварлик сиёсатидир.
Бинобарин, ҳар йили Конституциямизнинг 93-моддаси 23-банди ва 80-моддасининг 10-банди нормалари асосида қабул қилинаётган давлат ҳуқуқий кўринишларидан бири — амнистия акти асосида жазодан озод қилиш, маҳкумларни озодликка чиқариш ва оиласи бағрига қайтариш, балки уларнинг соғлиғи, турмуш шароитларини яхшилаш ҳамда ишга жойлаштириш каби чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқдаки, буларнинг барчаси мамлакатимизда қонунчилик ҳамда суд ҳокимияти тизимида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил демократик ислоҳотлар олиб борилаётганлигининг ёрқин ифодасидир.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, давлатимиз мустақилликка эришганидан буён ўтган 23 йил мобайнида 24 марта амнистия акти эълон қилинди. Президентимиз ташаббуси билан 1991 йил 31 августда эълон қилинган биринчи амнистия бағри кенг халқимиз ҳаётида энг унутилмас воқеа бўлиб қолди.
Ҳар йили эълон қилинаётган амнистия актидан кўзланган мақсад — фақат маҳкумларни ёки билиб-билмай жиноятга қўл урган шахсларни жазодан озод қилиш эмас, балки улар туфайли жабр тортадиган оилани ва оила аъзолари, айниқса, ўсиб келаётган норасида ўғил-қизларнинг келгуси тақдирини ҳамда уларнинг келажагини турли салбий таъсир ва жиддий синовлардан ҳимоя қилишдан иборат.
Шу ўринда ушбу инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсати ҳаётда билиб-билмай жиноий ишга қўл урган, айни вақтда қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлган кўплаб ҳамюртларимиз тақдирида муҳим бурилиш ясаганини алоҳида қайд этиш жоиз. Масалан, 2012 йилда эълон қилинган амнистия акти жами 64659 нафар шахсга нисбатан татбиқ қилинган. Шундан 22193 нафар шахс жазодан озод қилинган, 18285 нафар шахсга нисбатан юритилган жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган, 24181 нафар маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилган.
Шунингдек, 2013 йилда эълон қилинган амнистия акти қарийб 70000 нафар шахсга нисбатан татбиқ этилди. Шундан 3237 нафар маҳкум бевосита жазони ижро этиш жойларидан озодликка чиқарилди.
Амнистия актини қўллашда айрим ҳолларда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигини ҳам ҳисобга олган ҳолда, келгусида бундай камчиликларга барҳам бериш, амнистия акти тўғри ва ўз вақтида бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2006 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Пленум қарорида амнистия актини қўллашда, айниқса, суриштирув, тергов органлари ва судлар учун аҳамиятли бўлган қатор масалалар бўйича тушунтиришлар берилди.
Бу қарорнинг биринчи бандида судларнинг асосий эътибори амнистия акти маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган муайян тоифадаги шахсларга нисбатан давлат томонидан кўрсатиладиган инсонпарварлик ифодаси бўлиб, бундан кўзланган мақсад бу шахсларга нисбатан  маъмурий  ёки жиноий-ҳуқуқий таъсир чоралари қўлламаган ҳолда уларнинг ахлоқан тузалиши учун имконият бериш ёхуд бундай чоралар қўлланилган шахслар ҳолатини енгиллаштиришдан иборат эканига қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 8 августдаги Фармонига асосан,  2007 йил 11 июлда қабул қилинган “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун амнистия актини судга қадар иш юритиш ва жиноий жазоларни ижро этиш босқичида судлар томонидан қўллаш тартиби янги механизмини процессуал жиҳатдан мустаҳкамлади. 2008 йил 23 декабрда кучга кирган “Амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини босқичма-босқич судларга ўтказиш жараёнининг мантиқий давоми бўлди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, нафақат инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси самарадорлигини ошириш, балки суд мустақиллигини таъминлашга, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, бурчга бўлган садоқат ва масъулиятини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли дастур бўлди, десак, сира муболаға эмас. Унга кўра, Жиноят-процессуал кодексининг 29-моддасига киритилган қўшимча билан судларга прокурорнинг амнистия актига асосан, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш ваколати берилди.
Эндиликда жиноят ишини амнистия акти асосида тугатишнинг суд тартиби жорий этилиши муносабати билан Жиноят-процессуал кодексининг 372-моддасида кўрсатилган дастлабки терговни тамомлаш турлари қаторига дастлабки тергов тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёки амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш билан тамомлаш тартиби қўшилди. Яна бир муҳим жиҳат, мазкур Қонунга мувофиқ, Жиноят-процессуал кодекси мутлақо янгича тартиб-тамойилларни ўз ичига олган беш моддадан иборат — “Ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш” номли 63-боб билан тўлдирилди. Бу билан терговга қадар ўтказилган текширув материалларини ёки жиноят ишини суриштирувчи, терговчи томонидан прокурорга юбориш тартиби, амнистия актини қўллаш тўғрисидаги ариза, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимосномани судга киритиш тўғрисидаги масаланинг прокурор томонидан кўриб чиқиш тартиби, суд мажлиси, суд ажрими каби процессуал жараёнларга тегишли бўлган тартиб-қоидалар янада аниқлаштирилди.
Мазкур Қонун билан амнистия актини қўллаш жиноят процессида холис орган, яъни судлар ваколатига ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2010 йил 14 майдаги “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашдаги айрим масалалар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрда қабул қилинган “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг янги тартиб-тамойилларга жавоб бермай қўйган айрим бандларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Яъни амнистия актини қўллаш масаласи, жиноят процесси босқичидан қатъи назар, фақат суд томонидан ҳал этиладиган бўлди.
Эълон қилинган барча амнистия актларининг 1-бандига эътибор қаратсак, унда айрим чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, энг аввало, аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшга тўлган эркаклар ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари жазодан озод этилиши назарда тутилган.
Оилада хотин-қизларнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Аёлларнинг рўзғордаги вазифаларини, аввало, уларнинг саранжом-саришталиги, айниқса, оналик бурчи ва оиладаги бош тарбиячилик вазифаларини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Шу боис ҳам барча амнистия актларида жиноят йўлига адашиб кириб қолган ва ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тўғри хулоса чиқарган хотин-қизларнинг, биринчи навбатда, ўз оиласи бағрига қайтарилишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Жиноят содир этганда 18 ёшга тўлмаган ёшларга нисбатан ҳам мурувват кўрсатилиб, жазодан озод этилмоқда. Зеро, колониядаги ишлар нечоғли яхши ташкил этилмасин, барибир у ёшларни тарбиялаш ўчоғи эмас. Дунёқараши ва ҳуқуқий онги эндигина шаклланаётган бир пайтда уларни озодликдан маҳрум қилиш билан мақсадга эришиш қийин. Ёшларни, озодликдан маҳрум этиш ўрнига аниқ мақсадга қаратилган дастур асосида қонунларга ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, менталитетимизга зарарли бўлган таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган инсон қилиб тарбиялаш айни заруратдир. Бунга, албатта,  жазонинг оғирлиги ва шафқатсизлиги билан эмас, балки қонунбузар ёшларга жиноятга жазонинг муқаррарлигини тушунтириш билан ҳам эришиш мумкин.
Шунингдек, қилган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, бугун болалари ва набираларига тўғрилик ва ҳалоллик, иймон-эътиқод, Ватанга ва ўз халқига муносиб фарзанд бўлиш ҳақида панду насиҳат қиладиган ёшдаги, соч-соқоли оқарган 60 ёшга тўлган эркакларга ҳам амнистия актининг биринчи бандида кўрсатилган меҳр-мурувват, кечиримлилик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар татбиқ этилаётгани айни муддаодир.
Бундан ташқари, ҳар бир амнистия актида биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланган бўлиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилаётганидан кўпчиликнинг яхши хабари бор. Амнистия актининг бошқа бандларида ҳам бағрикенгликнинг яққол ифодаси сифатида озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган маҳкумларнинг ўталмай қолган муддатининг маълум қисми қисқартирилиши ёки жазодан озод этилиши белгилаб қўйилган.
Амнистия акти ижросини ва очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида жойларда ташкил этилган комиссиялар фаолияти ҳам самарали бўлмоқда. Суд идоралари, прокуратура, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш органлари ҳамда бошқа тегишли идоралар билан биргаликда жазодан озод қилинган шахслар тўлиқ ҳисобга олиниб, биринчи ва иккинчи гуруҳ диспансер рўйхатидаги сил касаллигига чалинганлар махсус даволаш муассасаларига, ёлғиз шахслар эса ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштирилаяпти. Вояга етмаганлар ота-оналари ёки васийлик ва ҳомийлик органлари назоратига топширилаётир, зарур ҳолларда улар тегишли таълим муассасасига юборилмоқда.
Мухтасар айтганда, суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда.

Бўритош МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn