АКТ соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда
  • 17 Июнь 2014

АКТ соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда

Кеча пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамда Корея Республикаси Фан, ахборот-коммуникация технологиялари ва келажакни режалаштириш вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг АКТ соҳаси учун масъул идоралари, нуфузли ташкилот ҳамда компаниялари, илмий тадқиқот институтлари раҳбарлари, мутахассислари қатнашди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Хусусан, Президентимизнинг 2012 йил сентябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга замин яратди. Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг мамлакатимизга амалга ошираётган илк давлат ташрифи стратегик шерикликнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистон — Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Маълумки, мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларига ва кундалик ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масаласига жуда катта эътибор қаратилаяпти. Ушбу жараёнда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, улар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, юқори технологиялар соҳасида илғор мамлакатлардан бири саналган Корея Республикаси бу борада Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкорига айланган.
Жанубий кореялик мутахассислар “Электрон ҳукумат”ни жорий этиш масаласида Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига техник жиҳатдан кўмаклашмоқда. Зеро, ушбу давлат “Электрон ҳукумат”нинг ривожланиш даражаси бўйича, мана, бир неча йилдирки, БМТнинг жаҳон рейтингида етакчилик қилиб келаётир.
2012 йилнинг октябрида ахборотлаштириш соҳасида Ўзбекистон — Жанубий Корея кенгаши ўз фаолиятини бошлаган. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази Ахборот жамияти миллий агентлиги ҳамда Корея давлат бошқаруви институти билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Юқори технологиялар соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан биридир. Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ўзбекистон — Жанубий Корея ахборот технологиялари маркази ушбу йўналишда фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, олий ўқув юртларимиз ўртасидаги изчил ҳамкорлик жадал ривожланаётир.
Президентимизнинг 2014 йил 24 мартдаги “Тошкент шаҳрида Инха университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, Тошкент шаҳрида Инха университети филиалининг ташкил этилиши бу йўналишдаги муҳим воқеа бўлди. Жорий йилнинг 1 октябридан ушбу янги олий ўқув юртида компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг ва компьютер тармоқлари инжиниринги йўналишлари бўйича таълим берилади.
Конференцияда Корея Республикасининг АКТ соҳасидаги тажрибаси ва икки мамлакатнинг ҳамкорлик истиқболларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир якунлари бўйича бир қатор ҳужжатлар, жумладан, “UNICON.UZ” фан-техника ва  маркетинг тадқиқотлар маркази ҳамда Корея Республикаси электроника ва телекоммуникациялар илмий тадқиқот институти (ETRI) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ҳамда Кореянинг интернет ва хавфсизлик агентлиги (KISA) ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Тошкент ахборот технологиялари университети, “UZINFOCOM” маркази ва Корея Республикаси ахборот жамияти миллий агентлиги (NIA) ўртасида ҳамфикрлик ҳақида, Тошкент ахборот технологиялари университети, Сеул миллий университети (SNU) ҳамда Кореянинг илм-фан ва технологиялар бўйича етакчи институти (KAIST) ўртасида ҳамфикрлик ҳақида, Тошкент тиббиёт академияси ва Кореянинг шарқий табобат институти (KIOM) ўртасида ҳамфикрлик ҳақидаги меморандумлар имзоланди.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn