Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ижро масъулияти
  • 17 Июнь 2014

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ижро масъулияти

Адлия вазирлигида жорий йилнинг 14 май куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун билан вазирлик ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши ва бунинг аҳамиятига бағишланган анжуман ташкил этилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, модернизациялаш жараёнларида қонун ҳужжатларини қабул қилишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг норма ижодкорлиги борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган, умуммажбурий нормаларни ўз ичига олган идоравий ҳужжатларни ижрога киритиш ҳолатлари учраб турибди. Бу амалиётда фуқаролар ва ташкилотлар, хусусан, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган текширишлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш натижасида 2010 йилда 18 та, 2011 йилда 11, 2012 йилда 15 та, 2013 йилда 10 та, жорий йилнинг 1 июнигача эса 45 та ана шундай ҳужжат мавжудлиги аниқланиб, уларни бекор қилиш ҳамда ижродан чақириб олиш чоралари кўрилди.
Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида 2012 йили янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги норма белгилаб қўйилди.
Айтиш жоизки, шу норма талабидан келиб чиқиб, янги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш” деб номланган янги 1983-модда киритилди.
Мазкур модда икки қисмдан иборат. Унинг биринчи қисмига кўра, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга киритиш — энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мазкур модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинишига олиб келади.
Ушбу янгилик муносабати билан Кодекснинг 245 ва 2452-моддаларига ҳам ўзгартишлар киритилди.
Қизғин мулоқот тарзида ўтказилган семинарда идоравий норма ижодкорлигига оид бошқа муҳим масалалар бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn