Ислоҳотларга дахлдорлик депутатлар фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда
  • 16 Июнь 2014

Ислоҳотларга дахлдорлик депутатлар фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда

Ёш авлодни юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида кечаётган ислоҳотларнинг пировард мақсадидир.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида бу борадаги ишлар қамрови янада кенгайтирилиб, давлат ва жамоат ташкилотларининг иштироки фаоллашмоқда. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнига ёшларни жалб этиш, уларда юксак ватанпарварлик туйғусини камол топтириш, турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини шакллантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, улар ўртасида соғлом турмушни кенг қарор топтириш билан боғлиқ устувор вазифаларни бажаришда ўз ўрни ва таъсир доирасига эга бўлиб бораётир.

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳам фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий Низом ва бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга ошириб келмоқда. 

Ўтган даврда ва жорий йилнинг биринчи чорагида доимий комиссиямизнинг иш режасига кўра ўтказилган мажлисларда йигирмага яқин долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ўрта -махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Бахмал, Дўстлик, Зарбдор, Жиззах, Пахтакор ва Зафаробод туманлари ҳокимларининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда бошқа дахлдор ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ ахбороти тингланиб, тегишли тавсиялар берилди. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонун талабларининг Жиззах политехника институтида бажарилиши, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 2 мартдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг Зарбдор туманидаги ижроси, шунингдек, вилоят касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоб этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди. 

Доимий комиссия томонидан ёшларга оид қонун ҳужжатлари ижроси изчил ўрганиб борилмоқда. Вилоятимиздаги 75 та касб-ҳунар коллежи ўқувчилари давоматини яхшилаш, уларни ишлаб чиқариш амалиётига тўлақонли жалб этиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномалар тузиш ҳамда умумтаълим мактабларининг битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига тўлиқ қамраб олиш хусусида ота-оналар, маҳалла фаоллари, масъул ташкилот ва муассаса раҳбарлари билан мунтазам равишда суҳбатлар ташкил қилинмоқда. Коллеж ўқувчиларининг назария ва амалиётни уйғун олиб бориши, таҳсилдан сўнг меҳнат бозорида ўрнини топишига кўмаклашиш масалалари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида қарорлар қабул қилинди ва ижроси юзасидан депутатлар назорати ўрнатилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, доимий комиссиямиз аъзолари қатор жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда коллеж битирувчилари, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қизиқиши, лаёқати бор йигит-қизлар учун турли учрашувлар, семинарлар ўтказиб келмоқда. Мазкур тадбирлар якунида жамоат ташкилотлари томонидан кам таъминланган оилалар фарзандларига моддий ёрдам кўрсатилаётир.

Таълим-тарбия ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Биргаликдаги саъй-ҳаракатимиз натижаси ўлароқ, шаҳар ва туманлардаги коллежларга, шунингдек, 26 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 17 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказларига фидойи оқсоқоллар бириктирилди. 

Бундан ташқари, доимий комиссиямиз ташаббуси билан ҳар ойнинг сўнгги шанбаси вилоятимиздаги барча таълим муассасаларида “Спорт, маданият ва таълим куни” деб эълон қилинган. Бу, ўз навбатида, мактаб, коллеж ва лицейларда ўқувчи-ёшларнинг дунёқарашини янада юксалтириш, уларнинг спортга бўлган меҳрини ошириш, қолаверса, ушбу илм масканларининг ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш масалаларига маҳаллий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар, кенг жамоатчиликнинг эътибор ва масъулиятини кучайтиришга хизмат қилаётир.

Хулоса ўрнида айтганда, ёшларнинг интилишини қўллаб-қувватлаш, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, орзу-мақсадларига эришишда суянч бўлиш фаолиятимизнинг муҳим асоси ҳисобланади. Шундай экан, умидимиз, таянчимиз, келажагимиз бўлган шижоатли ўғил-қизларимизга камарбаста бўлиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, манфаатларини таъминлашга янада жиддий аҳамият қаратишимиз ҳаётий заруратдир.

Г. НОРМУРОДОВА,

халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn